Долзарб мавзулар Молия

СИТОРА АЛИМЖОНОВА: "КЎНГИЛ ҚЎЙГАНИМГА ТУРМУШГА ЧИҚЯПМАН"

Бўлимлар: Шоу-бизнес
Теглар:
Добавлено: 17.07.2017, 10:54

Режиссёрлар унда беғубор қизалоқни кўришади. Аммо унинг орзуси драматик роль ижро этиш! Ўзига ишончи баланд, баъзан соддалиги ҳам бордек туюлади. "Sug`diyona" газетаси шу кунларда тўй ташвишлари билан банд бўлган актриса Ситора АЛИМЖОНОВА билан суҳбатлашди.

Саккизинчи август куни тўй денг, табриклаймиз!

Худо ҳохласа! Табрик учун раҳмат!

Куёвбола билан таништирасизми?

—Бўлажак турмуш ўртоғим жуда камтар йигит. Оила аъзолари ҳам шундай, овоза бўлишни исташмайди. Шунга ҳам у ҳақида тўлиқ маълумот беролмайман. Вақти-соати билан оилам тўғрисида билиб оласиз, аммо ҳозир эмас. Қолаверса, кўз тегади деган гаплар ҳам бор.

Иримларга ишонмасдингиз-у?..

— Ишонишга ишонмайман-у, аммо бу мавзуни шов-шув қилиш шарт эмас, назаримда. Бахтиёрлигингиз ҳақида пичирлаб гапиринг, яхшиси, умуман индаманг, у сукунатни ёқтиради, дейишади-ку.

— Бўлажак турмуш ўртоғингизни бизнес билан шуғулланади, деб эшитдик?..

— Ҳа, шундай. Асли, оталари тадбиркор, оилавий анъанани давом эттирган ҳолда бўлажак турмуш ўртоғим ҳам айни шу фаолият турини танлаганлар.

—Балки бунинг мавриди эмасдир, шундай бўлса ҳам ёши қирққа яқинлашиб қолган киши билан оила қурганингиз ҳақида гапиришганди?..

—Шоу-бизнесга кириб келибманки, мен ҳақимда «Қирққа кирган киши билан учрашиб юради», дея гапиришади. Ҳайронман, қаердан олишган, кимга керак бу? Шу пайтгача ҳаётимдаги ягона муҳаббатим бу бўлажак турмуш ўртоғимдир. У билан 2012 йил танишганмиз. Тўғри, бу орада аразлашиб, муносабатларимизга нуқта қўйилди ҳам дедик. Аммо тақдиримиз қўшилган экан, яна учрашдик, қалбимиздаги туйғулар ҳақиқий эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Ёши катта эркак ҳақидаги гап эса миш-мишдан бошқаси эмас.

— Гапингизни бўламан, куёвбола билан қанча вақт аразда юрдингиз?

—Чамаси олти-етти ойлар-ов, балки саккиз ойдир.

— Яхшигина хафалашибсизлар-да ўзиям.

— Миш-мишларнинг тарқалиши, менимча, хонандаликка қўл урганимдан сўнг бошланди. Негаки, ўша пайтларда мен шартнома тузган компания вакиллари тадбирларда менга ҳамроҳлик қилишарди. Съёмкаларда ёнимда бўлишган, ёшгина қиз, ўзидан анча катта эркак билан бирор маросимга кириб келиши гапираман деган одамда турли фикрни пайдо қилиши мумкин. Аммо буларнинг бари асоссиз.

— Аммо ўша компания билан шартномангиз бекор бўлди?

—Ҳа, чунки молиявий масалаларда келиша олмадик. Санъаткорлар орасида бу каби ҳолатлар бўлиб туради

— Ёшгина қизнинг тез фурсада танилиши «Кимидир бор, балки ҳомийсидир» деган фикрни келтириб чиқаради-да айримларда?..

— Тўғри айтасиз, афсуски шоу-бизнес вакилларига нисбатан бу каби муносабат ҳали ҳам сақланиб қолган. Аммо мени билганлар «Ситора Алимжонова Дурдона Тўлаганованинг лойиҳаси» дейди. Негаки, илк ролимни айнан шу режиссёр фильмида ижро қилдим. Опам, актриса Дилдора Ҳошимованинг маслаҳатлари билан ўзимда актрисалик қобилиятини кашф қилдим, Дурдона опа эса мени кино билан таништирди. Шу холос, ҳеч қандай ҳомий ҳам, «қўллаб-қувватловчи»лар ҳам йўқ. Ростини айтсам, гап-сўзлардан чарчадим. Охирги пайтларда эътибор бермасликка ҳаракат қилаяпман. Кимда ким мен ҳақимда ноўрин фикр билдирса ҳам «ҳа, шунақадир» дея ён босаяпман. Ҳаммага асли кимлигингизни исботлайвериб ҳам безор бўларкансиз.

— Майли, тўй баҳонасида учрашдик, келинг, аччиғингизни келтирадиган воқеаларни эсламаймиз. Куёвбола билан ижтимоий сайтлардан бирида танишганингиз ростми?

— Ҳа! У пайтлари Кореяда, опамнинг ёнида эдим. «Facebook» орқали танишдик, бир-икки ёзишиб турдик. Тошкентга қайтганимдан кейин эса учрашдик. У мени актриса сифатида танимаган, муносабатларимиз эндигина куртак очаётган маҳал тақдирим кино билан боғланганини билмасдим. Оддийгина Ситора эдим, холос.

— Тўйингиз Пхукет оролида бўлиши ҳақида гап-сўзлар кўпчиликни ўйлантириб қўйди, ишқилиб куёв ҳақиқиймикан ё ижара олинганларданми, дея?

— (кулиб) Йў-ў-ўқ, ростакамига турмушга чиқаяпман! Тўйга келсак, бу ерда қилинса ҳам, хорижда ўтказилса ҳам гап қилишади. Шундай экан, нима аҳамияти бор қаерда нишонланишини. Соҳил бўйида, фақат яқинларим қуршовида оппоқ келинлик либосини кийиб оила қуриш, болалик орзум эди. Эл олдига дастурхон ёзиб, расм-русумларни бажаришга қаршимасман, бироқ дабдабани ёқтирмайман. Ишонасизми, шу ёшга кириб атиги 3-4 та тўйда иштирок этганман, холос. Шунда ҳам ўн беш дақиқа ўтираман-у, кетаман.

— Яхши, келинсалом-чи, уни ҳам оролда ўтказасизми?

— Келинсалом Тошкентда бўлади, қайтганимиздан кейин. Кичикроқ қилиб, барча урф-одатларга амал қилинган ҳолда ўтказилади.

— Тўй суратларини кўрсатасизми ё ...

— Келинлик либосини кийиш ҳар бир қизнинг орзуси, меники ҳам! Албатта, суратга тушамиз, ижтимоий тармоқларга жойланади улар. Бекитмайман.

— Сал аввал хонанда Шароф Муқимов билан биргаликда келин-куёв образидаги суратингиз тарқаб кетди. Билсак, бу интернет сайтларидан бирининг лойиҳаси экан?..

— «Shok.uz» сайтининг ўзбек тўйларига бағишланган лойиҳаси бор. Сайт вакиллари лойиҳада иштирок этиш таклифи билан чиқишганида мен актёр Шерзод Бинни айтгандим, бирга суратга тушсак бўлади, деб. Орадан вақт ўтиб, қўнғироқ қилишди ва партнёрингиз Шароф Муқимов дейишди. Асли, биздан олдин ҳам кўпгина санъаткорлар қатнашишган, аммо негадир ҳамма бизни гапирди.

— Кимлар, масалан?

— Отабек Муталхўжаев ва Шаҳзода Муҳаммедова, Зарина Низомиддинова, Муниса Ризаева ва бошқалар. Нима учун салбий фикрлар нишонига айландик, билолмадим.

— Лойиҳа Шароф ва Севинчнинг ажрашаётгани маълум бўлган пайтга тўғри келгани сабаб бўлгандир балки?

— Бўлиши мумкин.

— Севинчга нисбатан атай шундай йўл тутилди деганлар ҳам бўлди?..

— Бу нарса хаёлимга ҳам келмаган, аммо Севинч Мўминованинг мухлислари мени ҳақоратли сўзлар билан хафа қилишди. Очиғи, кутилмаган ҳодиса бўлганидан нима қилишни билмай қолдим, ахир лойиҳада иштирок этаяпман, деб ўйлагандим-да. Бу ёқда эса бунақа гаплар... Ўзингиз ўйланг, ўзим бу хонанданинг мухлиси бўлсам, нега энди ёмонлик қилишим керак унга?

— Адашмасам, қайсидир фильмда Севинчнинг қўшиқларини куйлагансиз?

— «Мени сев» картинасида режиссёр қайси хонанданинг қўшиқларини ижро қилоласиз, деб сўраган. Ўйлаб ўтирмай Севинчни айтганман. Севинч билан боғланиб, фильм учун тароналаридан фойдаланишимиз ва мен куйлашим ҳақида айтилган, розилиги олинган. Бор гап шу.

— «Келин-куёв» лойиҳасида суратга тушаётганингизда бўлажак турмуш ўртоғингиз билан аразда бўлган экансиз?..

— Боя айтдим-у, муносабатларимизда танаффус бўлган деб, бу ўша эди. Лойиҳа ташкилотчилари ундан аввал ҳам айтишганди, қатнашинг деб, негадир аразлашган пайтимиз «хўп», деб юбордим.

— «Сеними шошмай тур» дебсиз-да, куёвболага?..

— Ёшлигимга бориб, балки шундай ўйлагандирман. Ўзингиздан қолар гап йўқ, севишган икки инсон ўртасида бўладиган гина-кудурат бу. Лекин шу лойиҳада иштирок этганимнинг муносабатларимизга ижобий таъсири бўлди.

— Лойиҳа сабаб ярашиб олдик денг?..

— (кулади) Дарров эмас, салгина вақт ўтиб, муносабатларимиз қайта тикланди. Кимдир ё нимадир сабаб бўлади дейишгани шу бўлса керак-да.

— Бундан буёғига аразлашиб қолсангиз ҳам бу тариқа жаҳлини чиқарманг. «Номер»ингиз қимматга тушиши мумкин, биласиз-а?..

— Энди қаёқда, бир ойдан кейин турмушга чиқаётган бўлсам, ахир. Оилали бўлгач, бу каби эркаликларга чек қўйилади.

— Куёвболанинг оила аъзолари актриса эканингизга қандай қарашади? Тўйдан кейин «Ситора Алимжонова кинодан кетармиш» деган хабар чиқмаса дейман-да, мабодо.

— Кинодан кетмайман, буниси аниқ. Бўлажак турмуш ўртоғимнинг яқинлари санъатни тушунадиган инсонлар. Кичик танаффус олишим мумкин. Аммо актрисалик фаолиятига нуқта қўйишни ўйламаяпман.

— Боядан бери тўй ҳақида гаплашаяпмиз-у, келинлик вазифаларига қай даражада тайёрсиз, сўрамабман?..

— Ҳозирдан ўзимни тайёрлаб бораяпман, яхши келин бўлишга. Тушунмаганларимни қайнонам, опамдан сўраб билиб оламан. Ўрганишдан сира ҳам оғринмайман, аста-секин келинлик вазифаларига мослашиб оламан.

— Сизнинг иштирокингизда сўнгги томоша қилган фильмим «Юзсиз» бўлди. Очиғини айтиш керак, ижодий ўсиш сезилди.

— Раҳмат! Бу роль ўзимга ҳам манзур келди, сабаби аввалгиларидан фарқ қилади. Аммо мендаги ижодий ўсишда Дурдона Тўлаганованинг ҳиссаси катта. Дурдона опа сценарийни мен билан маслаҳатлашиб, имкониятларимдан янада кўпроқ фойдаланишимни кўзлаб ёздилар. Менга ёқди. Аксарият режиссёрлар ташқи кўринишимдан келиб чиқиб, ёш қизларни беришади. Эрка, тантиқ қиз ролидан зерикдим, характерли, драматик образларни хоҳлаяпман. Маромига етказиб ижро қилоламан ҳам. Шу кунларда режиссёр Нозим Тўлахўжаевнинг «Ёлғон гирдоби» картинасида суратга тушаяпман. Бу ижодкор билан ишлаш жуда мароқли.

— «Юзсиз»да қайнонангизнинг характеридан норози бўлаверасиз. Турмушда асли бундан-да қалтисроқ вазиятлар бўлиши мумкин, қанчалик сабрли бўлоласиз?

— Бўлажак қайнонам билан характеримиз ўхшаш. Насиб қилса, тезда тил топишиб кетамиз.

— Қайнона келиннинг тупроғи бир жойдан олинади, дейишарди...

Чиндан ҳам шундай, дунёқарашларимиз бир-бирига яқин, деб ўйлайман. Илгари қайнонаси сабаб турмуши бўлмаганлар ҳақида эшитсам, ваҳима босарди, «Ишқилиб ўзимга ўхшаш бўлсинда қайнонам», дея. Астойдил сўраган эканман, ниятимга етаяпман.

— Янги ҳаёт остонасида ниманики ният қилсангиз, бари ижобат бўлсин! Тўйдан кейин яна кўришамиз, келинчак қўлидан чой ичиш баҳонасида...

— Албатта! Насиб қилсин!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии