Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

ОҒРИҚ, ОПЕРАЦИЯ ВА ҲОМИЛАДОРЛИК. 5 САВОЛГА 5 ЖАВОБ

Бўлимлар: Саломатлик
Теглар:
Добавлено: 17.07.2017, 12:11

"НОХУШ ҲИДДАН БЕЗОРМАН"

– Оғзимдан нохуш ҳид келади. Онам стоматолог бўлгани боис бу тишларим билан боғлиқмаслигини аниқ биламан. Балки муаммо томоғимдадир деб лор шифокорига бордик. У томоғимни ювганидан кейин оғиздан ёқимсиз ҳид келиши тўхтади. Аммо бир ҳафтадан сўнг яна эски ҳолат бошланди. Шуни деб одамлар билан мулоқот қилишга қийналаман. Бу ёқимсизликдан қандай қилиб қутулиш мумкинми?

С. А., Тошкент вилояти

Саволга умумий амалиёт шифокори Юлдуз КАРИМЖОНОВА жавоб беради:

-Лор кўригидан ўтиб, сизда бодомча безларининг яллиғланиши, бурун-халқум касалликлари бор-йўқлигини атрофлича текширтириш керак. Бундан ташқари, гастроэнтеролог ва эндокринолог кўригидан ўтишни маслаҳат бераман. Чунки бу ҳолатга ошқозон ости бези, гастрит, холецистит каби касалликлар ҳамда ошқозонда сафро йиғилиши сабабчи бўлади. Оғиздан ацетон сингари ҳид келиши эса қандли диабет белгисидир. Шунинг учун тўлақонли тиббий текширувдан ўтишни тавсия қиламиз. Ошқозон-ичак тизими ва нафас йўлларини текширтириш ва даволашдан кейин бу муаммо сизни умуман безовта қилмайди. Оғиздаги ҳидни йўқотиш учун аччиқ тош ва водород пероксиди аралашмасидан оғизни чайқаш тавсия этилади.

«ФАРЗАНДЛИ БЎЛОЛАМАНМИ?!»

Менда киста аниқлангач, чап тухумдонимни олиб ташлашди. Бунга ҳам мана 4 ой бўлди. Керакли муолажаларни олдим, ҳар ой мунтазам равишда фолликула ёрилиши УТТ текшируви орқали назорат қилинади. Аммо ҳомиладор бўлмаяпман. Буқоғим бордир деб эндокринолог кўригидан ўтдим, ҳеч нима аниқланмади. Нега бўйимда бўлмаётганини тушунмаяпман?..

Н.К., Фарғона вилояти

Саволларга шифокор-гинеколог Нилуфар БЎСТОНОВА жавоб беради:

– Муаммо турмуш ўртоғингизда бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда операциядан кейин организм тикланиши учун маълум вақт ўтди. Маслаҳатим эр-хотин икингиз тўлақонли тиббий текширувдан ўтинг. Қўшимча равишда камқонликка қарши чоралар, хусусан қонда гемоглобинни кўтариш, буқоғингиз бўлмаса-да, таркибида йод ва фолий кислотаси бўлган витамин қўшимчалар қабул қилиш ҳамда инфекция ўчоқлари – чириган кариесли тишлар ҳамда ангина, гайморит, жинсий аъзолардаги яллиғланишни даволанг. Яна УТТ текширувида фолликула ҳажми 20 мм дан юқори бўлишига ҳам аҳамият бериш керак. Шундагина бу фолликула тухумҳужайрага айланиши мумкин.

«ТОМОҒИМГА НИМАДИР ҚАДАЛАЯПТИ...»

Бир неча ойдан бери томоғимда нимадир тиқилиб тургандек бўлади. Ётганимда ҳам бўғилиб қоламан. Томоғим тез-тез оғрийди, муздек ичимлик ичсам, безовталик кучаяди. Бу нима бўлиши мумкин?

О.Ж., Самарқанд вилояти

Саволларга шифокор-терапевт Шаҳноза САИДОВА жавоб беради:

Одам қаттиқ асабийлашганда, масъулиятли ҳолатдан чўчиганда томоққа нимадир тиқилгандек бўлади. Агар тез жазавага тушсангиз, балки гап шундадир. Яна томоқдаги нохуш белгилар буқоқ касаллигида кузатилади. Маслаҳатим, невропатолог ва эндокринолог кўригидан ўтинг.

«ЭНСАМДА ОҒРИҚ БОР!»

Уч кундан бери бошим орқаси (энса) қисми билан оғрийди. Шу пайтда бурнимдан қон оқади, гапиришга қийналаман, уйқумда ҳам ҳаловат йўқ, буни устига тез чарчаб қолаяпман. Қайси шифокорга учрай?

Д. Э., Навойи вилояти

Шифокор-невролог кўригидан ўтишингиз керак. Бош мия МРТ текшируви зарур. Таҳлиллар сизда мия ички босими бор-йўқлигини аниқлаш учун олиб борилади. Барча текширувлар шифохона шароитида бажарилгани дуруст.

«ОЁҒИМНИ БОСОЛМАЙ ҚОЛДИМ»

Мана бир ҳафтадан бери оёғимни тайинли босолмайман. Нима бўлганига ҳайронман. Бунгача оёқларимнинг товон қисмида кескин оғриқ сезардим. Бундан бир йил олдин миям чайқалганди, балки бу шунинг асоратидир? Қон босимим ҳам кўтарилган.

Саволга тиббиёт фанлари номзоди, шифокор-невролог Шукрулла ЖАЛИЛОВ жавоб беради:

Бу белгилар бош мияда қон айланиши бузилганда, умуртқа бел қисмининг остеохондрози, оёқ томирлари касалилкларида кузатилади. Сиз шифокор-невролог ва томирли жарроҳ кўригидан ўтиб, тезроқ даволанишни бошлашингиз керак.




Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии