Долзарб мавзулар Абитуриент

​ПРЕЗИДЕНТ ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР МУҲИМ ҲУЖЖАТ ИМЗОЛАДИ

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 17.07.2017, 16:04

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, қоидабузарликлар сонини камайтириш Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг доимий вазифалари ҳисобланади. Албатта, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ўз­ўзидан амалга ошиб қоладиган иш эмас. Бу соҳани такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг касбий ва хизмат тайёргарлигини ҳозирги кун талабларига мос равишда юксалтириш, ҳаракат иштирокчиларининг ҳаракатланиш маданиятини ошириш сингари кўплаб ишларни амалга оширишни талаб этади.

Бугун ҳаётимизнинг турли жабҳаларига кириб келаётган янгиликлар, ўзгаришлар, ахборот-коммуникация технологиялари давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида муайян ўзгаришларни тақозо этмоқда. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги кунни бемалол туб ўзгаришлар даври, деб атасак бўлади. Айниқса, Президентимизнинг ички ишлар органлари тизимига алоҳида эътибор қаратаётгани, соҳани ислоҳ қилиш юзасидан қатор ҳужжатлар имзолагани бунинг исботидир, дейилади ИИВ расмий сайтида.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Ички ишлар вазирлигининг барча соҳавий хизматлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилган эди. Ана шу Фармон талабларига мувофиқ, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида шу йил 11 июлда Президентимиз томонидан соҳага тааллуқли яна бир муҳим ҳужжат имзоланди.

«Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ушбу қарор соҳавий хизмат ходимлари зиммасига бир қатор ҳаётий муҳим вазифаларни юклади. Жумладан, қарорда йўл ҳаракати хавфсизлиги республика, ўрта ва қуйи бўлинмалари фаолиятини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тартибини ўрнатиш, бунда уларнинг асосий вазифалари ва функциялари аниқ белгиланиши ва тақсимланиши, раҳбарлар ва ходимларнинг ўзига юклатилган вазифаларни бажариши учун шахсий жавобгарлигини назарда тутиш биринчи галдаги вазифа қилиб белгиланди. Шунингдек, йўлларда, айниқса, Тошкент шаҳрида йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши ва тирбандликнинг ҳосил бўлишига имконият берувчи сабаб ва шарт-шароитларни тизимли равишда комплекс таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш асосида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши профилактикаси тизимини такомиллаштириш зарурлиги қарорда ўз аксини топди.

Барчага маълумки, Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳага видеокузатув мосламалари ўрнатилган эди. Янги тизим шу йилнинг 15 март кунидан эътиборан ишга туширилди. Бундан Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини замонавий технологиялар ёрдамида таъминлаш мақсади кўзланган. Бунинг учун назорат қилинадиган ҳар бир объект – чорраҳа ҳаракатни назорат қилувчи, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқловчи замонавий техник воситалар, интеллектуал детекторлар, контроллерлар, видеокамералар билан жиҳозланди.

Чорраҳалардан олинган барча маълумотлар Марказий диспетчерлик хизматига узатилади ва бу ердаги электрон табло ҳамда видеомониторларга чиқарилади. Тизимга киритилган чорраҳалардаги светофорлар ҳам детекторлардан ҳаракат оқими тўғрисида олинган маълумотларни қайта ишлаш орқали автоматик тарзда бошқарилади. Қолаверса, светофорлар иш фаолиятини оптималлаштириш натижасида йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилади. Натижада транспорт воситаларининг чорраҳалар олдида тўхтаб туришини 20–25 фоизга, транспорт воситалари двигателларидан чиқаётган заҳарли газларнинг 5–10 фоизга, ёнилғи сарфини 5–15 фоизга камайиши ҳисобига шаҳардаги экологик ҳолат анча яхшиланади.

Яна шуни ҳам таъкидлаш зарурки, чорраҳалардаги вазиятни масофадан узлуксиз кузатиб бориш учун видеокамералар ҳамда фуқаролар учун махсус хизматларни, жумладан, ички ишлар, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги хизматларини чақириш учун махсус воситалар ўрнатилди.
Амалга оширилган ишлардан кўзланган асосий мақсад ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш, автомобиль йўлларида қоидабузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, кўчаларимизда юзага келаётган тирбандликларни бартараф этиш, энг муҳими, йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Масаланинг ана шу муҳим томонлари инобатга олинган ҳолда, мазкур тизимни республикамизнинг барча ҳудудларида жорий этиш лозимлиги қарор билан белгилаб берилди.

Қарорда, шунингдек, йўлларни сақлаш ва уларнинг йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича ўрнатилган талабларга сўзсиз риоя этилишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Сабаби, йўл белгилари ва йўл чизиқлари, аввало, ҳаракат иштирокчиларига аниқ маълумотлар бериб, уларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайди. Белгиларнинг аниқ ва кўринарли тарзда жойлашиши, уларни нур қайтарувчи махсус қопламалардан фойдаланилган ҳолда тайёрланиши ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, қарор билан Ички ишлар вазирлиги ва Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг «Uzavtoyo‘lbelgi» давлат унитар корхонасини ташкил этиш ҳамда тегишли норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа техник воситаларини ишлаб чиқаришни унинг асосий вазифаси этиб белгилаш ҳақидаги таклифи маъқулланди.

«Uzavtoyo‘lbelgi» давлат унитар корхонасининг таъсисчиси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳисобланади. Ушбу қўмита қисқа муддатларда корхона фаолиятини ташкил этиш тартибини белгиловчи ҳужжатни, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ўрнатилган йўл белгиларини хатловдан ўтказиш, уларни замонавий юқори интенсив (нур қайтарувчи) қопламали йўл белгиларига алмаштириш, шунингдек, узоқ муддат фойдаланиладиган барқарор йўл чизиқларини чизиш учун махсус техника ва асбоб-ускуналар сотиб олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади. Бундан ташқари, халқаро ва давлат аҳамиятига молик йўллар учун 900 мм, бошқа йўллар учун 700 мм ўлчамдаги металл корпусли юқори интенсив (нур қайтарувчи) қопламали йўл белгиларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг аниқ кўриниши имкониятини берувчи конструкцияларга мустаҳкамлашни назарда тутган ҳолда йўл ҳаракати соҳасида стандартлаштириш бўйича янгиланган норматив ҳужжатлар тайёрланади.

Яратилаётган қулайликлардан яна бири, бу кўпчилик ҳаракат иштирокчиларининг таклиф-истаклари асосида жорий йил 1 сентябрдан эътиборан автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рўйхат рақамларини оширилган тўлов ставкалари бўйича, шу жумладан, кимошди савдосини ўтказиш йўли билан танлаш тартибининг жорий этилиши бўлди.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 январдан эътиборан автотранспорт воситасидан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончномаларни, автотранспорт воситаси ижараси, текин фойдаланиш, гаров, лизинг шартномаларини фуқаролар томонидан ички ишлар органларининг тегишли йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларида ҳисобга қуйиш тўғрисидаги талабга ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда фуқаролар бу ишларни расмийлаштириш учун ДЙҲХХга бориб юрмайди. Бу иш нотариуслар томонидан уларнинг электрон шаклини ДЙҲХХга жўнатиш орқали амалга оширилади.

2018 йил 1 январдан эътиборан йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларини (юк, йўловчи ва махсус транспорт воситалари бундан мустасно) мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича функцияларини юридик шахслар – тадбиркорлик субъектларига босқичма-босқич ўтказилади. Бу кўрсатиладиган хизматлар учун қатъий нархлар белгиланган ҳамда ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорликка оид талаблар ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.

Яна бир янгилик шуки, Президентимиз қарорига асосан Тошкент шаҳрида, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида таж­риба тариқасида йўл-патруль хизмати мотоциклдаги гуруҳлари тузилади. Уларга йўллар ва кўчаларнинг ҳаракатланиш қийин бўлган қатнов қисмларида, одамлар гавжум жойларда, шунингдек, хорижий ва бошқа делегацияларни кузатишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш вазифалари юклатилади.

Қарорда соҳанинг барча қирралари қамраб олинган бўлиб, улар ижросини таъминлаш фаолият самарадорлигини янада ошириш имконини беради. Бунда йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтириш ҳамда уларнинг шакл ва усулларини такомиллаштириш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини, хизмат ўташ вақтида муомала маданияти ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, йўл-патруль хизмати ходимлари хизмат вазифаларини лозим даражада бажариши устидан назоратни кучайтиришга, шунингдек, кадрларни танлаш, уларни касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг таъсирчан механизмни жорий этиш, давлат хизматларини кўрсатиш таомилларини соддалаштиришни назарда тутувчи ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг шаффофлигини таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллашга асосий эътибор қаратилади.

Соҳавий хизмат ходимлари ўз олдига қўйилган вазифаларни масъулиятни ҳис этган ҳолда бажариб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш учун барча имкониятларни ишга соладилар. Бунинг учун малакали кадрлар, зарур куч ва воситалар етарли.

Холматжон Сайдалиев,
ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии