Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​«ҲАЛОКАТДАН СЎНГ БАХТИМДАН ЖУДО БЎЛГАНДИМ…»

Бўлимлар: Мутолаа
Теглар:
Добавлено: 10.08.2017, 12:00

Бу воқеани ким учундир ибрат бўлсин, деган ниятда ёзишга жазм этдим. Дугонамнинг ҳаётидаги воқеалар балки ён-атрофингизда сизга таниш инсонларнинг ҳаётига ўхшаш бўлиши мумкин. Яқинда дугонам билан телефонда ҳол-аҳвол сўрашдик. Охирги марта у билан гаплашганимда ҳаётидан мамнунлиги сезилиб турарди. Атрофида эъзозлайдиган инсонлар борлиги учун Тангрига минг бора шукроналар айтди. Шу ой охирида турмушга чиқаётганини маълум қилганида, тўғриси, ҳайрон қолдим. Унинг мунгли тарихи бор эди…

Дугонажон, ҳаётда шундай воқеалар рўй бераркан, тақдирга тан бериб яшашдан бошқа чора ҳам бўлмас экан. Яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам ёнимда бўлишга онт ичган, ишқимда ёниб-куйган, ҳаттоки осмондаги ойни олиб беришга тайёр севикли ёрим оғир мусибат келганда мени ташлаб кетди. Ўша пайтдаги аҳволим ёлғиз Худога аён.

Ҳаётимнинг энг ёрқин дамлари, ўйнаб-кулиб юрган пайтларим ўн саккиз ёшимда автоҳалокатга учрадим. Мендек гўзал, қадди-қомати келишган, яқиндагина севганимга турмушга чиққан пайтимда бундай мудҳиш воқеа рўй бериши ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди. Севикли ёрим билан машинада, мусиқани баландлатиб, тезликни ошириб кетаётганимизда рўпарамизда бирдан машина чиқди-ю нималар бўлганини англолмай қолдим...

Бир неча ойлаб шифохонада даволандим. Бошим қаттиқ шикастланган, бир неча жойдан тикилган эди. Сочимни қириб ташлашганди. Шифокорлар оёқ асаб толаларим қаттиқ жароҳатланганини, оқибатда бошқа юролмаслигимни айтишганида ақлдан озаёздим. Бир умр ногиронлар аравачасига михланиб қолишимни тасаввур ҳам қилолмасдим. Бундай кўргиликни душманимга ҳам раво кўрмайман. Гўёки ҳаёт мен учун тугаган, ҳамма-ҳамма орзуларим бир лаҳзада саробга айланган эди. Шундай пайтда кўз ёшлардан асло фойда йўқ эди. Ўша лаҳза кўзимга ёш ҳам келмади.

Қанчалик ўзимни алдашга уринмай, ҳаммаси ҳақиқат эди, ҳа, аччиқ ва аламли ҳақиқат. Энди ўзимни ҳеч кимга кераксиз буюмдек ҳис қила бошладим. Шифохонадан чиққан куним турмуш ўртоғимнинг оила аъзолари мени аравачамда ота уйимга олиб келиб қўйишди. Чиққан қиз чиғириқдан ташқари дейишади. Аммо мен энди уй юмушларини бажаришга ҳам ярамай қолгандим. Ишдан қайтган турмуш ўртоғимни кутиб олиб, ширин-ширин таомлар пишириб бера олмасдим. Қайнонам уйимга жўнатди. Қайғуларим ловиллаб ёнди.

Энди қалбим бўм-бўшга ўхшарди. Ёнимда ҳаттоки севимли инсоним ҳам йўқ эди далда бўлгувчи. Авваллари дугоналарим кўп эди, шифохонадан чиққанимдан кейин аста-секин йўқламай қўйишди. Аравачага михланиб қолган бир бечора кимга ҳам керак.

Кунлар шу зайлда ўта бошлади. Ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим, оёқларим қимирламаса-да уй ичида эмаклаб юрардим. Сингилларим хизматларимни қилиб юришди. Аммо бу ҳам вақтинча экан. Уларни ҳам жой-жойига узатдик. Онам иккимиз уйда ёлғиз қолдик.

Турмуш ўртоғим билан севишиб турмуш қургандик. У мени севгимиз ҳурмати қидириб келди. Хотини билан ажрашганини, барибир мени севишини айтиб росманасига кўз ёш тўкди. Уйга олиб кетаман, деб туриб олди. Унинг сўзларига раҳмим келиб ишондим, уйга олиб кетаман деганига кўниб кетаверибман. У ерда бир неча кунлик меҳмон бўлдим, холос. Яна ота уйимга олиб келиб қўйишди. Сабаби, оила аъзолари мени кетсин деб жанжал қилишди.

Оёқларимни даволатишга кўп бора ҳаракат қилдим. Бир неча жойга мени олиб боришди, керакли муолажаларни олдим, аммо оёқларимда бирорта ўзгариш сезилмасди. Бундай кўргиликдан яна тушкунликка тушдим.

Шу орада ўзимда қандайдир ўзгаришлар сеза бошладим. Кўнглим айниб, қайт қилдим. Онам ҳомиладорлик белгилари, деди. Турмуш ўртоғимни ҳали ҳануз севганим, у киши ота-онасининг қаршиликларига қарамай ҳолимдан хабар олиб тураётгани, оз бўлса-да, тасалли берарди. Бундай қувончли хабардан у кишининг боши кўкка етди. Аммо қайнонамнинг авзойи ўзгарди, қайнопамни бизникига юборибди. «Тез кийининг, касалхонага борамиз», дея туриб олди. Минг қаршилик қилмайлик, барибир мени олиб кетди. У ерда боламни олиб ташлашмоқчи эканлигини айтишганида, бутун танам музлаб кетди. Ахир, жажжигина болажонимнинг нима гуноҳи бор? Минг ялиниб-ёлворишимга қарамай боламдан жудо қилишди. Шу аҳволингда болани қандай туғасан, қандай парваришлайсан, эплолмайсан, деб бақирди.

Бу кўргилик ҳам пешонамга ёзилган экан, нима ҳам қила олардим? Барига чидадим, яна сабр қилдим.

Тезроқ даволаниб, оёққа туриб кетишни хоҳладим. Энг тажрибали шифокорлар мени даволашни бошлашди. Аммо бир неча йиллик даволанишлар ҳам кор қилмади. Оёқларим сезмасди, қимирламасди. Ногиронлар аравачасида ўтириш мени баттар қайғуга солди.

Дугонажон, эсингиздами, сизга кўп айтардим, ҳали кўрасиз мен югуриб кетаман, сиз билан пойга ўйнаймиз, деб. Ўзимни тушкунлик домига тортиб, жонимни кўп қийнадим. Аввал қўлимга китоб олмасдим. Шу вақт мобайнида мен кўп китоб ўқидим, ўзимни овутишга, тушкунлик домидан чиқишга уриндим. Қанчадан-қанча билмаган нарсаларимни ўргандим. Асосийси, тушкунликни енгдим, ўзим учун курашишни ўргандим…

* * *

У билан суҳбатлашар эканман, баъзида арзимас нарсалар учун нолиганим, шикоят қилаётганим учун уялдим. Ахир, бу қиз аравачага михланиб қолган бўлса ҳам, ўзини қўлга олиб, иродали бўлишга эришди. Ҳаётда турфа тақдирлар, турмушнинг паст-баландликлари бизни ўзига боғлайди, баъзан эса ташвишлар бизни тушкунлик қаърига ғарқ этади. Атрофимизга бир назар ташласак, унда турли хил инсонларни кўришимиз мумкин, ҳар кимнинг ҳаёт йўли ўзга, ҳар кимнинг ўз турмуш ташвишлари бор.

Дугонам шунча йилдан сўнг ўзини қўлга олишни ўрганди, ўзига ўхшаган инсонларни, ҳаттоки ўзидан-да аҳволи оғир инсонларни кўриб ўз ҳолига шукр қилди. Вақти келганда юришни машқ қилди, мана ҳадемай ҳасса-таёқ билан юра бошлади.

Бундан икки йил аввал дугонам Тошкентга даволанишга келганида биз кўришиб, яқиндан гаплашгандик. У менга кўп нарсаларни айтиб берди. Ҳаётда кўрган-кечирганлари фақат ибрат тўла ҳақиқат эди.

Икки йил мобайнида анча ўзгаришлар бўлди, автоҳалокатдан сўнг ташлаб кетган турмуш ўртоғи билан қонуний ажрашибди, тўғрироғи, буни эри талаб қилибди.

Шунда ҳам у эгилмади, бошини хам қилиб, қайғу домига тушмади. Балки ҳаётимдаги воқеалар келажакда орзуларга эришишим учун бир турткидир, дея ўзини овутди.

Яқин кунларда бир йигитдан совчи келиб, уни шундай ҳолича турмуш ўртоғи, рафиқа сифатида қабул этиши учун қўлини сўрабди. Минг марта йўқ деса ҳам барибир уйланишини айтиб ҳоли-жонига қўймабди. Даволаниш учун маблағини аямай, бир муштипар аёлни кўнглига малҳам бўлиб, уни ҳаётда бекаму-кўст рафиқа бўлиб яшаши учун қўлидан келган ҳамма ҳаракатларни қилаяпти.

«Худога айтганим бор экан, менга шундай ғамхўр инсонни рўпара қилди. Ҳеч бир ёрдамини аямаяпти, у сабабли оёқларим юра бошлади ҳасса-таёқда бўлса-да, юраяпман, шу ойнинг охирида тўйга келинг», дея севиниб менга телефон орқали хабар берди. Овозидан унинг хушчақчақлиги, яна аввалгидек қувноқлиги қайтиб келганидан хурсанд бўлдим, кўнглимда хотиржамлик ҳис этдим.

Азизлар, бир-бирингиздан меҳрингизни аяманг! Беш кунлик дунёда бир-биримизни асраб-авайлайлик. Атрофимизга бир назар ташлаб, ўз ҳолимизга шукр қилайлик. Меҳр-муҳаббат ҳеч биримизни тарк этмасин.

Наргиза

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа

СУҒДИЁНА