Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ БУТУНЖАҲОН ТАЭКВОНДО ФЕДЕРАЦИЯСИ ПРЕЗИДЕНТИГА ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ ФАХРИЙ ФУҚАРОСИ УНВОНИНИ БЕРДИ

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 11.08.2017, 12:36

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чо Чунг Вонни қабул қилди, деб ёзади ЎзА.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, ушбу нуфузли халқаро спорт ташкилоти раҳбарига Ўзбекистонда таэквондони, аввало, ёшлар ўртасида оммалаштиришга қўшаётган шахсий ҳиссаси ва амалий саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирди.

Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Ўзбекистонда спортнинг ушбу турини ривожлантиришга фаол кўмаклашаётганини қайд этиш керак. Бу борада биргаликда турли турнирлар ташкил этиб, мамлакатимизда замонавий инфратузилмани яратиш ва уни жиҳозлаш лойиҳаларида, шунингдек, миллий терма жамоамизнинг Жанубий Кореяда тайёргарлик кўриш ҳамда машғулот йиғинларини ўтказишда иштирок этмоқда.

Жорий йилнинг 11-13 август кунлари Тошкент шаҳрида мазкур халқаро ташкилот ташаббуси билан Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти кубоги учун биринчи Осиё минтақаси мусобақаси бўлиб ўтади.

Таэквондони оммалаштириш, Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси эътирофи сифатида Чо Чунг Вон Тошкент шаҳрининг фахрий фуқароси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг фахрий фан доктори унвонига сазовор бўлди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимизда йирик халқаро турнирларни мунтазам ўтказиш, Бутунжаҳон федерациясининг давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилаётган таэквондо факультети фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, юртимиз ёшларини спортга кенг жалб қилишга қаратилган бошқа тадбирларда иштирок этиш масалалари муҳокама этилди.

Чо Чунг Вон Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва Ўзбекистонда таэквондо ва бошқа спорт турларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаётгани учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этди. Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Ўзбекистон билан янги қўшма лойиҳалар ва кенг кўламли ҳамкорлик дастурларини амалга оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа

15.12.2017, 10:50
15.12.2017, 10:35

СУҒДИЁНА