Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

«ОТАМНИНГ ЖИНОЯТИ УЧУН «ЖАВОБГАР» БЎЛДИМ…»

Бўлимлар: Мутолаа
Теглар:
Добавлено: 11.08.2017, 15:38

Ёшликда ўйламай-нетмай қилинган хатолар бир кун келиб илдиз отишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ёшлик бебошлик деймизу, аммо кимларнингдир ана шундай бебош ишлари учун бошқалар азият чекиши айни ҳақиқат. Бувим: «Қизим, оила қургач ҳар бир ишингни, ҳар бир сўзингни назорат қил. Билиб-билмай қилган хатойинг сенга эмас, фарзандларингга уради», дея кўп айтардилар. Ўшанда бувижоним тақдиримни башорат қилган эканларми, уларнинг огоҳлантиришлари изсиз кетмади…

Бир вақтлар оиламизга ҳамманинг ҳаваси келарди. Дадам катта дўкондор, онам маҳаллада донғи кетган тикувчи эди. Мен, акам ва синглим болалигимиздан қийинчилик кўрмай катта бўлганмиз. Ойим билан дадам эса бир-бирига шу қадар меҳрибон эдиларки, уларни ҳеч қачон аразлашган ёки уришган холатда кўрмаганман. Аниқроғи, ўн икки ёшимгача мана шундай тинч, осойишта ҳаёт кечирдик. Бироқ ундан кейинги йилларни эслаш мен учун жуда оғир. Дадамнинг ишлари юришиб кетган, бир нечта дўконлари бор эди. Пулдор одамнинг ошна-оғайниси ҳам кўп бўлади деганларидек, дадам ҳам қандайдир кишилар билан ўралишиб қолди. Фақат байрамлардагина оз-оздан ичадиган, аммо ҳеч қачон маст бўлмайдиган дадам бора-бора ҳар куни ширакайф ҳолда келарди. Янги танишлари уларни гоҳ тоққа бошласа, гоҳида бизникида азонгача маишат қилишарди. Бу нусхалар дадамдан шунчаки фойдаланаётганларини биз билсак-да, ҳеч ким на тоғаларим ва на амакиларим кўзларига тик қаролмасдик. Ичкилик аралашган хонадондан файз кетади дердилар, бувим. Бизнинг хонадондан ҳам файз-барака аста-секин узоқлашиб борди. Гуллаб-яшнаётган дадамнинг бизнеси ўз-ўзидан оқсай бошлади. Буюртма берган моллари ноқонуний йўл билан олиб кирилаётгани аниқланиб бекор қилинди. Кейин билсак, бу ишларнинг ортида дадамнинг янги шериклари турган экан. Бирин-кетин дўконларнинг даромади пасайиб, дадам уларни сота бошлади. Энг алам қилгани сотилган дўконларни ўша шериклари харид қилишган экан. Доим меҳнат қилиб ўз кучи билан оёққа турган киши учун бундай зарбани кўтариш оғирлик қилди. Айниқса, бир варакайига бор-будидан айрилиш «мол аччиғи — жон аччиғи» экан. Кейин билсак, бу ишлар дадамга қўйилган тузоқ бўлиб чиқди. Уларни синдирмоқчи бўлган кишилар шу йўлни афзал билиб, ичидан йўқ қилишмоқчи бўлишган. Дадажоним бу ишлардан гангиб, алам устида ҳар куни ичишни одат қилди. Ҳатто бир марта бўлса ҳам чертмаган онажонимга қўл кўтаришгача борди. Маҳаллада оиламизни обрўси кун сайин пасайди. Биз эса кун ора бўладиган жанжаллардан кўчага чиқишга уялардик. Аста-секин дадамни йўлга соламан деган буваю, амакиларим ҳам биздан узоқлашиб кетишди.

Кунлардан бирида қаттиқ маст бўлган дадам қўшни маҳалладаги хонадондан тилла тақинчоқларни олиб чиқиб кетади. Уйда ёлғиз бўлган келинга эса ғинг десанг сўяман деб пичоқ билан таҳдид қилади. Келиннинг чинқириғини эшитган одамлар дарҳол ҳовлига тўпланишади ва милиция чақириб дадамни ўғрилик ва тажовузда айлаб олиб кетишади. Ҳибсхонада ўзига келган дадам нега бундай иш қилганини ҳатто эслолмайди ҳам.

Бўлиб ўтган ишлар дадамни руҳан синдирганди. Ўғрилик ва совуқ қурол билан тажовуз қилишда айбланиб, узоқ муддат озодликдан маҳрум этилди. Бу ишлар шу қадар тез бўлдики, аввалги ҳаётимиз гўёки тушга ўхшарди. Вақт ҳаммасига даво деганларидек, биз ҳам кўникишга мажбур бўлдик. Онам энди икки хисса ишлашим керак деб тикув фабрикасига ишга кирди. Кундузи фабрикада ишласа, кечқунлари алоҳида буюртмалар билан шуғулланарди. Бизни ҳеч нимадан зориқтиришни истамай туну кун тиним билмасди. Бу орада биз ҳам улғайдик. Дадам ҳам намунали хулқи ва юртбошимизнинг авф қилувчи фармони билан муддатдан илгари озод қилинди ва яна ҳаётимиз изга туша бошлади. Бироқ дадамнинг кўзларида аввалги виқор, салобат йўқ эди, қандайдир нурсиз, мунгли кўринарди. Бизни ҳам ортиқча тергамасди. Назаримда, ўзини айбдор биларди. Шу билан ҳаётимиз изга тушгандай эди. Маҳалла-куйда бизни «Салим ўғрининг боласи» дея тилга олишарди. Авваллари отамнинг соясига салом берадиган кишилар “Ҳа, нима дейсан, ё сен хам менга пичоқ ўқталасанми” дея мазах қилишарди. Ҳатто бир куни синглим кўчадан йиғлаб кириб: “Болалар менга сен ошиғимизни олдинг, отанг сенга ҳам ўғрилик қилишни ўргатганми, деб турткилашаяпти”, деди. Ўшанда дадам ҳам бу гапларни эшитди. Фақат билмаганга олиб хонасидан чиқмади. Акам эса бундай гап-сўзлардан безор бўлганидан бошқа ерга кўчамиз, деб оёқ тираб олди. Унинг айтганини қилдик ҳам.

Энди гап-сўзлар бизни таъқиб қилмаётгандек, барчаси ортда қолгандек туюлди. Ахир, янги маҳалламизда ҳеч ким оиламиз тарихини яхши билмасди-да. Дадам бекор ўтирмай кичик амакимдан сармоя олиб тадбиркорликка қўл урди. Аввалги хатоларини такрорламаслик учун акамни ҳам ёнига олди. Ибодат билан бошлаган ишига Аллоҳ барака бериб, ишлари секин-аста юриша бошлади. Бу орада менинг ҳам бўйим етиб совчилар келишди. Ота-онамни розилиги билан ўзим истаган инсонга турмушга ҳам чиқдим. Аммо...

Бир куни қайнонам меҳмондорчиликдан келиб қайнотам ва эримнинг олдида менга бақира кетди: “Ҳой Наргизахон, менга қаранг, бугун борган жойимда сиз ҳақингизда шунақанги гаплар эшитдимки, ер ёрилмадию кириб кетмадим”.

— Тинчликми, ойи, бир нима бўлдими? — ҳайрон бўлди эрим.

— Ўл бўлди, дард бўлди. Мен хотинингни туппа-тузук оиланинг фарзанди десам, ғирт муттаҳам, алкаш, бунинг устига ўғри одамларнинг боласи экан-ку! Кимларни бизга тенг қилдинг сен бола! Отаси ҳам ўғрилиги учун ўтириб чиққан экан. Билармидинг шуларни? Айт, гапир деяпман.

— Ҳа, билардим, шунга шунчами? Олдинги ишларни нима қиласиз ковлаб?! Ҳар ким ҳам адашади-ку, ойи. Беайб парвардигор дейишади. Қаёқдаги ғийбатчиларнинг гапини гапирманг.

Шу куни қайнонам роса жанжал қилди. Яхшиямки, бахтимга қайнотам оғир-босиқ инсон бир сўз билан қайнонамни овозини пастлаб қўйди. Йўқса, билмадим, нима бўларди. Аммо шу билан барчаси тугаганда эди. Уйда ҳеч ким йўғида қайнонам кесатишни канда қилмасди. Ҳатто бирор нарса йўқолса, мендан кўрарди. Бора-бора у ёқ-бу ёққа кетса ҳам хонасининг эшигини қулфлаб барча жиҳозларини текшириб кетадиган одат чиқарди. Бу нарсалар нафсониятимга тегса ҳам тишимни тишимга қўйиб чидадим.

Бир куни турмушга чиққан қайнсинглим меҳмонга келиб, боласини чўмилтир учун тилла буюмларини ечиб ҳаммомда қолдиради. Боласи билан ўралашиб, буюмлари хаёлидан кўтарилади. Кечга бориб эса бирдан тиллалари эсига тушиб, мен уларни дастурхонда қолдиргандим деб туриб олади. Дастурхоннинг тит-питини чиқариб, кўрпачаларни битталиб текширсак ҳам тиллалари йўқ. Ҳаммомга эса ундан кейин ҳеч ким кирмаганди. Шу пайт қайнонам менга ҳамла қила кетди. “Сен олгансан, қонингда бор-да барибир, қани, яхшиликча қайтар, бўлмаса қаматвораман». Мен нажот излаб бир эримга, бир қайнотамга қарайман. Улар ҳам ҳайрону лол. Ўзимни қанча оқлашга ҳаракат қилсам қайнонам шунча айблайверди. Отамни ҳақоратлагач эса чидаб туролмадим. “Отангнинг ёнини олаяпсанми?! Айтишади-ку, ғар қариса сўпи бўлади, деб”.

Юзимга тушган тарсакидан ўзимга келдим. Бурним қонаб, ҳаммомга югурдим. Эрим қилган ишидан карахт тураверди. Ҳаммомга киргач эса тилла буюмларга кўзим тушдию ўкириб йиғлаб юбордим. Қайнотам ҳам ўз кўзи билан кўргач, қизига ҳам, хотинига ҳам бақира кетди. Мен оқлангандим. Аллоҳ юзимни ёруғ қилганди. Бироқ пешонамга битилган тамға мени ич-ичимдан кемирарди. Кўп ўтмай эрим билан алоҳида уй олиб чиқдик. Қайним уйлангач, қайнонам бир оз тинчланди.

Энди мендан кейинги синглимнинг ҳаётида худди шу нарса такрорланаяпти. Бечора синглим кунда менга қўнғироқ қилиб йиғлагани йиғлаган. Менга-ку эрим билан қайнотам ён босишган, унинг эри эса: “Отанг қамалганини нега олдинроқ айтмагансан, келажагимни расво қилдинг-ку” деб тинч қўймаётган экан.

Баъзида чидолмай барчасини дадамга айтгим келади. Нега ўшанда ҳеч кимнинг гапига кирмай бундай аҳмоқлик қилганларини билишни истайман. Аммо у падарим, кўзига тик боқиш гуноҳ. Ахир дадам ҳам қизларининг тақдири шундай бўлишини истамаган-ку. Яратган эгам бандаларини кечиргувчи зот бўлганида нима учун унинг бандалари хатони кечиролмайди? Нима учун ўзи қолиб бутун уруғ-аймоғигача юзига солади? Ахир, оталарнинг қилган ишлари учун фарзандларда нима гуноҳ? Хайриятки, акамнинг оиласи тинч. Хотини, ота-онаси ҳам бамаъни одамлар. Билишса, ҳеч қачон пеш қилишмайди.

Ҳозир ўзим ҳам онаман. Бир вақтлар бувим айтганларидек, ҳар бир ишимда хатога йўл қўймасликка ҳаракат қиламан. Ўзимнинг пешонамдаги тамға фарзандаларимга ҳам ўтмаслиги учун жонимни беришга ҳам тайёрман. Шу ўринда айрим ота-оналарга айтар сўзим бор. Тил меники, хоҳиш меники деб истаган ишингизни қилишга шошилманг. Хатоларингиз сиз учун битиб кетар, аммо оқибати фарзандларингизни таъқиб этиши мумкинлигини унутманг.

Дилдора НАЗАРОВА қоғозга туширди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа

15.12.2017, 10:50
15.12.2017, 10:35

СУҒДИЁНА