Долзарб мавзулар Абитуриент

АНДИЖОНДА ЖАНУБИЙ КОРЕЯЛИК ШИФОКОРЛАР АҲОЛИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТКАЗДИ

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 12.08.2017, 11:33

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Жанубий Кореянинг Ewha Womans University госпитали ҳамкорлигида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган тадбирда аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, дори-дармон ва санитария-гигиена воситалари берилди, дея хабар қилди ЎзА.

– Педиатр, ортопед, психолог, стоматолог, гинеколог, отоларинголог каби мутахассислардан иборат Жанубий кореялик шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тавсия ва маслаҳатлар берди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Андижон вилояти ҳудудий филиали директори Турсунбой Бердираҳматов. – Туғма юрак, қўл-оёқ бўғимлари нуқсони, терининг куйиш асоратлари ва бошқа жиддий хасталиклар билан оғриган беморлар Жанубий Кореядан келтирилган замонавий тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар ёрдамида чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилди.

– Мақсадимиз, юртингизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга кўмаклашиш, ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, – дейди Ewha Womans University госпитали профессори Ким Хан Су. – Ўзбекистонда аввал ҳам бўлганман. Шу қисқа вақт ичида бу ерда амалга оширилган ўзгаришлар мени ҳайратга солмоқда. Айниқса, тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларни алоҳида таъкидламоқчиман. Ташриф доирасидаги ҳамкорлигимиз ижобий самара беришига ишонаман.

– Ўзим терапевтга кўриндим, қизим ва ўғлим болалар шифокори кўригидан ўтди, – дейди Балиқчи туманидаги Сиза маҳалласида яшовчи Моҳирўя Қосимова. – Хорижлик шифокорлар соғлиғимизни мустаҳкамлаш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.

Ташриф доирасида хорижлик шифокорлар Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди. Тиббий таълим ва унинг самарадорлигини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш юзасидан мулоқот ташкил этилди, илмий маърузалар тингланди, маҳорат дарслари ўтказилди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии