Долзарб мавзулар Фото

ФАЗИЛАТЛИ КУНЛАР ФАЙЗИ: ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗЛАР!

Бўлимлар: ЖАМИЯТ, ҲИДОЯТ САРИ
Теглар:
Добавлено: 31.08.2017, 09:49

Болаликдан Қурбон ҳайитини аллақандай интиқлик билан кутардик. Чунки ҳайитдан бир ҳафта олдин шохлари қайрилган қўчқор олиб келинарди. Бедани териб, унинг олдига қўярдик. Сув берардик. У билан ўзимизча гаплашардик. Хуллас, ҳайит хурсандчилиги хонадонимизда бир ҳафта олдин бошланиб кетарди. Ҳайит намозидан кейин қассоб амакининг кириб келишидан ҳаммамиз уйга қамалиб олиб уввос солиб йиғлардик. Қўни-қўшнига тарқатилгач, қариндош-уруққа деб ажратилган насиба гўштларни акам велосипедда тарқатиб келарди. Раҳматли отамиз ҳайитликлар бериб, «Болаларим, қурбонлик гўштидан истеъмол қилиш савоб», дея бизга ҳикоя айтиб бошларди…

Вақти замонида Иброҳим исмли пайғамбар яшаб ўтганлар. У кишининг Исмоил деган ўғиллари бор эди. Шайтони лаъин Аллоҳ таолога Иброҳимнинг иймон-эътиқодини синаш учун «Унинг яккаю ёлғиз фарзанди Исмоилни қурбонлик қилишни сўра, кўрасанки, у ҳеч қачон бу ишни қилмайди», дейди. Аллоҳ Иброҳимнинг иймон-эътиқоди мустаҳкамлигини билса-да, уни синаш учун ўғлини қурбонлик қилишни амр этади. Иброҳим алайҳиссалом Яратгувчининг амрини сўзсиз бажаришга киришади. Энди 5 ёшга тўлган ўғли Исмоилни онаси кўрмасин, билмасин учун етаклаб чиқиб кетаркан, йўлда унга бўлган воқеани сўзлаб беради. Исмоил «Майли, отажон, сиз нима десангиз, мен шунга розиман», деб отасига эргашиб бораверади. Ўғлининг оёқ-қўлини арқон билан маҳкам боғлаган чоғи Исмоил «Отажон, кўзимни ҳам боғланг, жон талвасасида сизга олайиб қараб қолмайин тағин», дейди. Иброҳим боласининг шунчалик итоатда бўлганидан ич-ичидан хурсанд бўлса-да, кўзлари жиққа ёшга тўлади. Бу ишни қандай бажараман, деб қийин аҳволга тушади. Шунда ўғли Исмоил «Отажон, Аллоҳнинг амри вожиб, ҳеч иккиланманг, тезроқ бўлинг», деганидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом Исмоилнинг бўйнига пичоқ тортади. Қарангки, пичоқ унинг бўйнини кесмайди. Шу пайт бир қўчқор маъраб унинг ёнига келиб, бўйнини эгиб туради. Аллоҳ таолодан амр бўладики, «Исмоилни қўйвор, мана шу қўчқорни сўйгин». Шунда Иброҳим ўғлининг кўзи, оёқ-қўлини ечиб, мана шу қўчқорни сўяди. Ўша кундан бошлаб қурбонликка қўчқор сўйиш одат тусига кирган экан.

Отамизнинг ушбу ҳикоясини ҳали-ҳануз эслаб, Қурбон ҳайити Иброҳим алайҳиссалом ҳамда унинг ўғли Исмоил ва хотини Ҳожар онамизнинг шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабаси сифатида тарихда қолганлигига гувоҳмиз. Шу боис Қурбон ҳайитини ҳаётимиздаги унутилмас воқеа сифатида нишонлашга одат қилганмиз. Ҳайит кунлари табаррук зот — ота-онамиз, қариндош-уруғларимиз, бемор ва хаста кишиларни, ёлғиз кексаларни зиёрат қиламиз. Халқимиз ҳайитни яхшилик ва эҳсон кунлари, фазилати кўп байрам деб ҳисоблайдилар. Аразлашганлар ярашиб олишади, инсонлар бир-бирига ризқ-насиба илиниб, меҳр-оқибат кўрсатишади, хонадонларга барака ёғилади. Энг улуғ фазилатларидан бири Қурбон ҳайити кунларида мусулмонлар ҳаж амалини бажариш бахтига муяссар бўлишади.

Яратганнинг марҳамати билан муборак ҳаж сафарига борганимда, бутун дунёнинг юзлаб мамлакатларидан келган мусулмон дўстларимиз билан учрашиб, муқаддас Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррамада бўлиб, Каъба ёнверида жойлашган Иброҳим мақомини ҳам зиёрат қилдик. Шунда Каъбанинг қурилишида қайнотаси Иброҳим алайҳиссаломга хизмат қилган келини, ўғли Исмоилнинг хотини тўғрисидаги ҳикояни эшитиб, лол қолдим. Иброҳим отамиз бўйлари баробар ғишт териб бўлгач, оёқлари остига чорпоя қўйиб, ишларини давом эттирибдилар. Ўғиллари Исмоил ғишт ташиш билан овора экан. Ҳар гал ғишт олиш учун эгилиб турган қайнотасининг қийналаётганини кўрган келин қайнотасига ёрдамга келиб, ғишт олиб бериб турган экан. Ўша даврлардаёқ келинлар қайнота-қайнонага беминнат хизмат қилишган экан-ку, нечундир бугун айрим келинпошшаларимиз ўз хизматларини ҳайф кўришади, деб ўйланиб қолдим. Шу жойда ўша келинга таҳсинлар айтиб, унинг руҳига фотиҳа бағишладим.

Фазилатли ҳайит кунларида биз — оналар фарзандларимиз, набираларимиз, келинларимизу куёвларимиз ҳаққига эзгу дуолар қилайлик. Обод ва озод юртимиз, фаровон ҳаётимиз, шираю шарбат мевалар, сархил маҳсулотлар билан тўкин дастурхонимиз, давру давронимиз учун дуолар мустажоб кунларда Яратганга шукроналар айтайлик. Халқимизнинг эзгу истаклари амалга ошаверсин. Биз оналарга фарзандлар камолини кўриб пиру бадавлатликда тинчлик-хотиржамликда яшаш насиб этаверсин. Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, азизлар!

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. (Молик ривояти) ҳадисда марҳамат этганлар: «Кунларнинг энг афзали арафа кунидир. Дуоларнинг энг афзали ҳам арафа куни қилинган дуодир...»

Муҳиба ҲАМИДОВА, ҳожи она

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии