Му5
46

ҚУРБОН ҲАЙИТИ ОДОБЛАРИ

ҲИДОЯТ САРИ 31.08.2017, 10:07
5248
ҚУРБОН ҲАЙИТИ ОДОБЛАРИ

Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамидир. Уни шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, хуш кайфиятда ўтказиш мусулмонга ярашиқли ва мақталган амаллардандир. Қурбон ҳайити кунида риоя қилиниши мустаҳаб саналган ва беҳад ажру савобларга мушарраф этадиган ишлар ва одоблар бор. Қуйида уларнинг айримларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

1. Ҳайит намозига чиқишдан олдин ғусл қилиш, бисотидаги либосларнинг энг яхшисини кийиш ва ҳушбўйланиш лозим. Негаки, бу шундай улуғ байрам, шодиёнаки, у кунда мусулмонларнинг ҳайъатида ҳам байрамона кайфият кўриниб туриши керак. Боз устига, ҳайит намозига кетаётган одам, албатта, издиҳомга рўбарў бўлади. Шу боис ҳам ундан ҳушбўй ҳидлар таралиб туриши мақсадга мувофиқдир. Янги кийими бўлмаса, либослари ичидан энг яхшисини танлаб, ювиб-дазмолланган ҳолда кийиши мустаҳабдир.

2. Қурбон ҳайити куни Рамазон ҳайити кунидан фарқли ўлароқ, намозга ҳеч қандай егуликдан тотинмаган ҳолда чиқилади, намоздан қайтгач, сўйган ёки ўзига ҳадя этилган қурбонликнинг гўштидан ейиш мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Фитр куни нарса емагунча намозга чиқмас эдилар, Азҳо куни эса ҳайит намозини ўқиб бўлмагунча нарса емас эдилар» (Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қурбон ҳайити куни намоздан олдин таом ейишдан тийилишларининг ҳикмати ҳақида Мулло Али Қорий бундай дейди: «Бунинг сабаби ўша кунда биринчи ейдиган нарсаси ўз қурбонлигининг гўштидан бўлмоғи учундир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ундан (яъни сўйган қурбонлигингизнинг гўштидан) енглар ва бечора-камбағалларга ҳам едиринглар!» Шу боис ҳам, Аллоҳнинг амрига бўйсиниш юзасидан у куни энг биринчи ейиладиган нарса қурбонлик гўшти бўлади» («Мирқотул-мафотиҳ»: 3/544).

3. Масжидга мумкин қадар эртароқ бориш. Мусулмон кишининг юзида хурсандчилик аломатлари зоҳир бўлиб туриши, мумкин қадар кўпроқ садақа ва хайру эҳсонлар қилмоқлик ҳам гўзал одоблардандир.

4. Ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳамда масжидга бир йўлдан борган бўлса, қайтишда бошқа йўлдан пиёда қайтиш ҳам мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай қилганлар. Бунинг ҳикмати борасида уламолар турли хил фикрларни билдирганлар. Жумладан, шуни айтиш мумкинки, ҳайит намозига пиёда борилса, байрамона кайфият нафақат одамларнинг қалбида, балки ҳамма ёқда яққол намоён бўлади. Бунда байрам нафаси ҳамда мусулмонларнинг муборак қадамлари ва яхшиликларидан барча кўчалар, йўллар ҳам баҳраманд бўлади. Айрим уламоларнинг қайд қилишларича, инсон ҳайит намозига бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтса, юрган ҳар бир йўли ҳамда ўша йўлларга қўйилган ҳар бир фаришта ҳам қиёмат кунида унинг фойдасига гувоҳликка ўтар экан.

5. Қурбон ҳаёити куни ёр-биродарлар, хешу ақраболар билан кўришганда уларни байрам билан қутлаб, «Ҳайитингиз муборак бўлсин!» каби табрик сўзларини айтиш ҳамда улар билан қучоқлашиб кўришиш улуғ куннинг обларига киради.

6. Ҳайитдан бир кун олдин бозорга тушиб, оила аъзолари учун совғалар харид қилиш ва уларни ҳайит намози ўқилгандан сўнг оиланинг катталаридан бошлаб тақдим қилиш, ўша куни намоздан кейин барча оила аъзолари билан аввалдан тузалган дастурхон атрофида жамланиш, бир-бирига ниҳоятда чиройли муомала қилиш, аҳли аёл билан бола-чақаларни боғу хиёбонларда айлантириш ёки дилдан суҳбатлашиб, кўнгил ёзиш мумкин бўлган жойларга олиб бориш ва ҳоказолар нақадар ҳам мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳайит кунида қариндош-уруғ ва ёру биродарларни зиёрат қилиш ҳам чиройли амаллардандир.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+0° небольшой снег
Валюта курси
rightuz