Долзарб мавзулар Молия

​КРЕМЛДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ МАДАНИЯТ КУНЛАРИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

Добавлено: 12.09.2017, 16:20

12 сентябрь куни Россиянинг Кремль саройида Ўзбекистоннинг маданият кунлари очилди. Тадбир икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг 25 йиллигига бағишланади.

Тантанали маросимда РФ маданият вазири ўринбосари Владимир Аристархов, Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев иштирок этади.

Кремль саройининг саҳнасига «Ўзбекистон» ва «Навбаҳор» ансамбллари, «Мақом» халқ мусиқа ансамбли, «Ўзбегим» гуруҳи, Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри, Фарруҳ Зокиров бошчилигидаги «Ялла» вокал-чолғу ансамбли чиқади. Ўзбекистонлик машҳур опера яккахонлари Моцарт, Верди, Пуччини операларидан ария ижро этишади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон кунлари доирасида 13 сентябрь куни Умумроссия амалий-декоратив ва халқ санъати музейида “Ўзбекистон маданий меъроси Россия Федерацияси тўпламларида” давра сухбати бўлиб ўтади. Унда Эрмитаж, Третьяков Галлереяси, Россия миллий кутубхонаси, Россия этнография музейи, РФА Шарқ қўлёзмалари институти вакиллари иштирок этишади.

Давра сухбати доирасида Россиянинг етакчи музей ва кутубхоналарига “Ўзбекистон маданий меъроси дунё тўпламларида” беш томли нашрининг тақдимоти ўтказилади. Бундан ташқари шу куни музейда ўзбек санъат асарлари кўргазмаси очилади.

Маданият кунлари 14 сентябрь куни ўзбекистонлик санъат усталарининг концерт дастури билан якунланади.

Ўзбекистон кунлари доирасида ўтадиган тадбир ташкилотчилари Россия Федерацияси маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, РФдаги Ўзбекистон элчихонаси ва ЎзЭОАВМА.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии