Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

ШИМОЛИЙ КОРЕЯ: “БМТ САНКЦИЯЛАРИ НОҚОНУНИЙ!”

Бўлимлар: Дунё
Теглар:
Добавлено: 13.09.2017, 10:26

Хабарингиз бор, 3 сентябр куни Корея халқ демократик республикаси минтақалараро баллистик ракеталар учун мўлжалланган атом бомбасини синовдан ўтказган. Япония ва Жанубий Корея ҳарбийлари синовдан ўтказилган ўқ қувватини 120-160 килотоннга тенг, дея баҳолашмоқда. Бу Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига 1945 йили ташланган энг қудратли атом бомбаларидан бир неча баробар кучлироқ деганидир. Ушбу синов Пхеньян томонидан ўтказилган олтинчи синов бўлди. Ундан бир ҳафта олдин эса КХДР Япония ҳудуди устидан баллистик ракетани учирган эди.

Ўз навбатида БМТ Хавфсизлик кенгаши бир овоздан КХДРга нисбатан янги санкциялар киритилиши учун овоз берди. Чекловлар Пхеньяннинг экспорт ва импорт имкониятларини сезиларли даражада қисқартиришга йўналтирилган. 2375 рақами билан номланган резолюция XXI асрда БМТ томонидан қўлланган энг қатъий тартибдаги санкциялар сирасига киритилди. Ҳужжатга мувофиқ, КХДРга нефт ва қайта ишланган нефт маҳсулотларини етказиб беришга чекловлар қўйилган.

Шимолий Корея шунингдек, конденсатлар ва суюқ газ конденсатларини харид қилиш ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини сотиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Барча давлатларга КХДР фуқароларига ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни бериш тақиқланган.

Энди эса Шимолий Корея олтинчи маротаба ядровий синовларни ўтказган Пхеньянга нисбатан санкцияларни янада кучайтиришни назарда тутадиган БМТ Хавфсизлик кенгашининг янги резолюциясини кескин рад этди.

КХДР ТИВ томонидан эълон қилинган расмий баёнотда айтилишича, "Резолюция" АҚШ томонидан турли тубан ва агрессив воситалар ёрдамида атай уюштирилган. "Шу боис, Шимолий Корея ўзини ҳимоя қилишга бўлган қонуний ҳақ-ҳуқуқларидан уни маҳрум этишга ҳамда кенг миқёсдаги иқтисодий қамал ёрдамида давлат ва фуқароларни бўғиб қўйишга йўналтирилган, ярамас фитна маҳсулоти бўлган БМТ ХКнинг "2375 резолюциясини" энг қатъий оҳангларда қоралайди ва ўта кескин тарзда рад этади".

КХДР Ташқи ишлар вазирлиги "санкциялар борасида навбатдаги ноқонуний резолюциянинг қабул қилиниши" Шимолий Кореяни у танлаган йўл ҳақиқатда тўғрилигига яна бир бор ишонтирди", дея алоҳида таъкидлаган.

Шимолий Корея минтақада тинчлик ва хавфсизликни сақлаб туриш, мамлакат суверенитетини ва давлат сифатида мавжуд бўлиш ҳуқуқини ҳимоялаш учун ўз қудратини икки ҳисса кучайтиришга ва бу борада АҚШ билан тенглашиб олишга ваъда берган.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии