Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

ЛИПОСАКЦИЯ ОЗИШ ЙЎЛИМИ?

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар: Гўзаллик
Добавлено: 13.09.2017, 13:57

Ҳар бир аёл гўзал ва сарвқомат бўлишни орзу қилади. Гўзаллик салонларию марказлари аёлларнинг бу истакларини рўёбга чиқариш учун бел боғлашган. Липосакция ҳам ортиқча ёғлар билан курашиш услубларидан бири.


Маълумки, ёғ қатламлари асосан қорин ва бўкса, бақбақаларда йиғилиб қолади. Айнан шу соҳалардаги ёғни кетказиш жуда мураккаб кечади. Баъзи ҳолларда спорт машғулотлари ҳам, кам ейиш ҳам бу муаммога ечим бўла олмайди. Мана шундай ҳолатларда липосакция, яъни ёғни эритиш йўли билан олиб ташлаш услубини қўллаш мумкин. Аммо липосакцияни ортиқча вазнга қарши кураш услуби деб бўлмайди. Бунда тананинг маълум бир қисмидаги ёғ эритиш ва сўриб олиш йўли билан йўқотилади, аммо семириб кетишнинг олдини олмайди, даволамайди. Липосакциянинг 2 тури: вакуум ва лазер услуби мавжуд.


Вакуум услуби

Бу услубда вакуум тортқич ёрдамида тери остида йиғилиб қолган ёғ тўқималари емириб, тортиб олинади. Амалиёт пайтида мижоз оғриқни ҳис қилмайди, чунки амалиёт умумий наркоз остида ўтказилади. Бу услуб ёрдамида кўп миқдордаги ёғ қатламидан халос бўлиш мумкин. Амалиёт натижасини эса махсус кийимни ечгач, кўриш мумкин.

Лазер услуби

Бу липосакциянинг янгича услуби. Лазер импульслари теридаги ёғ қатламини эритиб, катта бўлмаган босим остида тортиб олинади.

Лазер липосакцияси маҳаллий ёки умумий наркоз билан амалга оширилади. Ингичка нина ёрдамида ёғ қатламига лазерда ишлов берилади.


Қанча вақт керак?

Амалиёт ўртача ярим соатдан бир неча соатгача давом этиши мумкин.


Амалиётдан кейин…

Беморнинг умумий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда у амалиётдан кейин бир неча соатдан 1 суткагача тиббиёт марказида олиб қолиниши мумкин. Амалиётдан сўнг оғриқ оғриқсизлантирувчи дорилар ёрдамида осон бартараф этилади. Липосакциядан кейин махсус ич кийим кийиб юриш лозим. Шунингдек, тананинг амалиёт ўтказилган қисмида шиш ҳосил бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Аммо 2-3 кундан кейин бу шиш йўқолади. 1-3 ҳафтадан сўнг илгариги фаол ҳаёт тарзига қайтиш мумкин. Шу билан бирга, амалиётдан кейин 4-5 ҳафта давомида тана ҳарорати кўтарилиб туриши мумкин. Баъзи ҳолларда биринчи 2-4 ҳафта мобайнида махсус физиотерапия билан биргаликда массаж ҳам тавсия этилади. Амалиётдан сўнг тана 6 ой мобайнида ўзини тиклайди.

Диққат!

  • Амалиёт албатта мутахассис шифокор назорати остида, тиббий марказда амалга оширилиши шарт.
  • Тананинг ёғи тортиб олинган қисмларида ёғ ҳосил бўлмайди. Ҳаётингиз давомида вазнингизни маълум бир меъёрда ушласангиз, липосакция натижаси умрбод дейиш мумкин.


Мумкин эмас!

  • Қон айланиш тизими касалликлари;
  • қандли диабет;
  • ўпка касалликлари;
  • эндокрин семириш;
  • ошқозон яраси;
  • онкологик хасталикларида липосакция амалиётини ўтказиш мумкин эмас.

Мадина ЛУҚМОНОВА

Манба: "SUG‘DIYONA" газетаси

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии