Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

ЗИКИР МУҲАММАДЖОНОВ САҲНАДА ҲАМ, ҲАЁТДА ҲАМ ҚАҲРАМОН ЭДИ...

Бўлимлар: Шоу-бизнес
Теглар:
Добавлено: 06.10.2017, 13:48

"Даракчи" газетасининг "Хотира" лойиҳаси қаҳрамони ҳақида гап борганда файласуф Лао Цзынинг “Ҳақиқий обрў-эътибор ҳеч қачон ўзи ҳақида “гапирмайди”, у хусусида атрофдагилар гапиради”, деган фикри ёдимга тушади. Ҳақиқатда ўта камтарин бўлган Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир МУҲАММАДЖОНОВ сира ўзи ҳақида тўлиб-тошиб сўзламаган. Устоз санъаткорни атрофдагилар эътироф этган ва ҳануз ўлмас роллари орқали томошабинлар қалбида яшаб келмоқда. Актёр ҳаёт бўлганида 14 августда 95 ёшга тўлган бўларди...


Театр ва кино устунларидан бири бўлган актёр Зикир Муҳаммаджонов 1921 йилнинг 14 августида Бухорода туғилган. Аждодида ҳуқуқшунослар бўлгани боисми, 1938 йили ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетида ўқий бошлайди. Шу кезлари режиссёр, драматург Маннон Уйғур Зикир Муҳаммаджоновни кўчада кўриб, ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга таклиф қилган. Бахтли тасодиф туфайли бўлажак актёр оммавий саҳналарда иштирок эта бошлайди. Актёр кундузи ўқиб, кечки пайт театрда ишлаган.

1941 йилдан 1943 йилгача эса ҳарбий авиация заводида оддий ишчи сифатида бир кеча-кундузда 18 соатдан ишлаб, фронтга самолётлар ишлаб чиқаришда кўмак берган. Оғир шароит уни кунига 250 грамм қора нон билан кифояланиб, жон сақлашга мажбур қилган. Санъат­ “уммон”ида суза бошлаган Зикир Муҳаммаджоновга устози Маннон Уйғур актёрлик йўналишида таҳсил олиши кераклигини маслаҳат беради. Ва 1945 йилда аввалги А.Н. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати инс­титутига ҳужжат топшириб, ўқишга қабул қилинади. Зикир Муҳаммаджонов 1949 йили институтнинг актёрлик факультетини имтиёзли тамомлаган.

Актёрнинг театр саҳнасидаги илк роли — Мақсуд Шайхзоданинг “Жалолиддин” спектаклидаги Темур Малик бўлган. Бу роль ижодкорга жуда кўп спектакллардаги бош роллар учун пойдевор вазифасини ўтаган. Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”идаги Фердинанд, Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта”сидаги Бенволио, “Ҳамлет”даги Горацио ҳамда “Фурқат”даги Фурқат, “Мирзо Улуғбек”даги Абдуллатиф, “Абу Райҳон Беруний”даги Беруний — бу рўйхатни жуда узоқ давом эттириш мумкин. Тарихий шахслар сиймоларини яратиш актёр ижодида алоҳида ўрин тутган.

Ўз ижод йўли, “дастхат”и, ўзбек санъа­тида ўз ўрнига эга бўлган актёр кино санъатида ҳам ўзидан салмоқли роллар қолдирган. Таниқли ёзувчиларнинг асарлари асосида суратга олинган ўнлаб видеофильмларда ҳам бош ролларни ижро этган: “Навоий”даги Ҳусайн Бойқаро, “Улуғбек хазинаси”даги Мирзо Улуғбек, “Имон”даги профессор Комилов, “Бобур”даги Хондамир каби кўплаб роллари актёрлик санъа­тининг бебаҳо намуналари бўлиб қолди.

Актёр ижод “китоб”ини варақ­лар экан, “Театр ва кинода Навоий, Улуғбек, Беруний, Фурқат каби сиймолар ролини ижро этиш бахтига муяссар бўлганимдан фахрланаман. Айниқса, Навоий­ образи мени кўпроқ мафтун қилган. Мазкур роль устида қалб қўрим, юрак тафтимни бериб ишлаганман”, деганди.

Зикир Му­ҳам­мад­жонов саҳнада Шукур Бурҳоновдан кейин таниқли давлат арбоблари образини гавдалантиришга киришган актёрлардан бири. Шу ўринда бир маълумотни эсламай илож йўқ. Россия киноижодкорлари Самарқанд ва Бухорода “Амир Темур” фильмини суратга олаётган вақтида актёр саркарда ролида эди. Каскадёрсиз от устидаги мураккаб саҳналарни бажараётган Зикир Муҳаммаджонов отнинг тойиб йиқилиши натижасида бошидан лат ейди. Бироқ касбига бўлган садоқат, фидоийлик тасвирга олиш ишларини давом эттиришга ундайди, шундай бўлади ҳам. Актёрнинг ушбу жасоратидан таъсирланган москвалик кинорежиссёр Илья Михалков “Зикир Муҳаммаджонов жасоратли, интизомли, меҳнатсевар актёр. Ҳар қандай қийин вазиятларда ҳам роли устида тинимсиз изланади, меҳнатдан қочмайди”, деганди.

Актёр ҳақиқатда интизомли ижодкорлардан бири бўлган. Ҳар куни уйидан театргача бўлган 10-12 километрлик йўлни пиёда босиб келишига қарамай, спектакл­дан икки соат аввал гримхонасида роли устида ишлаётган бўларди.

“Санъат қурбонлик талаб қилади”, деб бежиз айтишмайди. Зикир Муҳаммаджонов ҳам санъатдаги фидоийлиги бадалини тўлаган актёрлардан бири. Фурқат ролини ижро этиши керак бўлган куни беш ўғилнинг орасида ўсган ягона қизи Феруза газ портлаши сабаб вафот этади. Қанчалар оғир бўлмасин актёр 800 та томошабин ҳурмати, ўша куни саҳнада ролини ижро этган.

У афсонавий актёр Раж Капур, россиялик кинорежиссёр Никита Михалков, ёзувчи Чингиз Айтматов, озарбойжонлик адиб Мирза Иброҳимов, рус актёри Михаил Ульянов каби ўз даврининг етук ижодкорлари билан дўстлашган эди. Зикир Муҳаммаджоновни киноихлосмандлари режиссёрлар Латиф Файзиев, Умеш Мехра ҳамкорлигида 1979 йили суратга олинган “Али бобо ва 40 қароқчи”даги Али Бобонинг отаси Юсуф, “Севги афсонаси”даги Иззатнинг отаси Исмоилбек ролларини ҳам алоҳида эъзозлашади.

Зикир Муҳаммаджонов радиоспектакль ва постановкаларда ҳам асосий ролларни ижро этган. Актёр дубляж соҳасида ҳам самарали меҳнат қилиб, “Ўзбекфильм” киностудиясида дубляж қилинган талайгина фильмлардаги қаҳрамонларга овоз берган.

Зикир Муҳаммаджонов шунча ишдан ортиб, қалам ҳам тебратишга вақт топган. Театр ва кино санъатининг муҳим назарий ва амалий муаммоларини матбуотда дадил кўтариб чиқа олган. “Театр ва режиссёр”, “Театр ва актёр”, “Театр ва замонавийлик” мавзусида мақолалар, М.Уйғур, Л.Caримсоқова, Р.Ҳамроев, А.Ҳидоятов, О.Жалилов, Ҳ.Латипов, Ғ.Аъзамов, О.Хўжаев, А.Бакиров, Н.Раҳимов, А.Исматов, М.Қориева ва бошқа таниқли санъат­корлар ҳақида ижодий портретлар ёзган. “Таъзим”, “Ўзим кўрган билганларим” китоблари нашрдан чиққан.

Устоз санъаткор Катта Фарғона канали, Фарҳод ГЭСи қурилишларида маданий хизмат қилган. Зикир Муҳаммаджонов дунё кўрган актёрлардан, АҚШ, Испания, Англия, Туркия, Кипр, Венгрия, Польша, Чехия, Ҳиндистон, Сау­дия Арабистони, Малайзия, Болтиқбўйи давлатларида бўлган.

1967-82-йиллар давомида Ўзбекистон театр ижодкорлари уюшмасини бошқарган. Театр ва кино актёри Зикир Муҳаммаджонов Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонлари, “Буюк хизматлари учун” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.


“ЁШУ ҚАРИ БИЛАН БИРДЕК МУОМАЛАДА БЎЛАРДИ”

Толиб Каримов, Ўзбекистон халқ артисти: — Зикир ака жуда ажойиб, камсуқум, ёшу қари билан бирдек муомалада бўладиган инсон эди.


У кишининг фазилатлари ҳақида қанча гапирса шунча оз. Кўпгина спектаклларда бирга ишлаш насиб қилган, дублёр ҳам бўлганмиз. Зикир Муҳаммаджонов сира бирорта актёрни олдига ўтказиб олиб, танбеҳ берган эмас. Чунки меҳнатсеварлиги, ишга бўлган муносабати, хулқи билан барчага намуна эди. Умрининг охиригача саҳнани тарк этмади, театрга борини бериб хизмат қилди. Ота сифатида ҳам Зикир акага ҳавас қилса арзийди. Фарзандларининг бари Ватанга нафи тегадиган комил инсон бўлиб вояга етишган.


“ОРАМИЗДА ЙЎҚЛИГИ ТЕАТР УЧУН КАТТА ЙЎҚОТИШ”

Яйра Абдуллаева, Ўзбекистон халқ ­артис­ти:­ — Зикир Муҳаммаджоновни талабалик йилларимдан буён танийман. Ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг 3-босқичида ўқиб юрган кезларимиз Зикир ака курсимизга келиб, ўқий бошлаган. Бунга қадар эса театрда иш бошлаган эди. У киши ўқишга муккасидан кетганди. Ҳар бир фанни мукаммал билишга бўлган истаги у кишини сўнгги кунларигача тарк этмаган. Зикир ака ҳамма ролини аввал тарихи, биографиясини ўрганар, ишига юзаки ёндашмас эди. Жуда ўқимишли, сабр-тоқатли, ролига жиддий ёндашиши театрдаги актёрларга катта “мактаб” бўлган. Зикир ака билан илк партнёрлик ишим институтдаги диплом спектаклидан бошланган ва театр саҳнасида 60 йил бирга ишлаганмиз. Зикир ака билан партнёр бўлиш жуда осон ва мароқли эди. Билмаганимизни ўргатишдан эринмас ва ўзи ҳам ёшлардан нимадир ўрганишдан уялмасди. Инсон сифатида жуда мўмин, сира овозини кўтариб гапирмас, тортишмас, кек сақламасди. Театр бу — катта оила. Қанча актёр бўлса, шунча феъл-атвор бор эди, шунга қарамай ҳамманинг кўнглини бирдек топа оларди.

Олдига мақсад қўйдими, маррага етмагунча изланишдан тинчимасди. Зикир Муҳаммаджоновга бежиз Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилмаган. Бу кунга етиш ортида қанча меҳнат, заковат бор. Зикир ака Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Аброр Ҳидоятов каби буюк актёрлар билан бир қаторда турарди. У кишининг орамизда йўқлиги театр учун катта йўқотиш. Охирати обод бўлсин!


“ТЕАТРИМИЗ РИВОЖИГА САЛМОҚЛИ ҲИССА ҚЎШГАН”


Тўти Юсупова, Ўзбекистон халқ артисти: — Зикир Муҳаммаджонов кўнгли пок инсон эди, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмасди. Бир инсонга керакли барча эзгу фазилатлар Зикир акада мужассам бўлган. У инсонни бахтли актёрлардан бири, дея оламан, боиси нафақат ёшлиги, балки кексалигида ҳам катта-катта ролларни ижро этиш насиб қилган. Театримиз ривожи учун жон куйдирган, унга салмоқли ҳисса қўшган, яхшигина меҳнати сингган серқирра актёр эди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии