Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

560 МЛН. СЎМЛИК ТИЛЛА ТАҚИНЧОҚЛАРНИ НОҚОНУНИЙ ОЛИБ ЎТАЁТГАН АЁЛ ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Бўлимлар: Жиноят
Теглар:
Добавлено: 10.10.2017, 07:05

Амалдаги тартиб-қоидага мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган божхона декларациясининг 5-бандида ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларнинг миқдори аниқ кўрсатилиши шарт.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туркиядан учиб келган Ирода Қурбонова (исм-шарифи ўзгартирилган) тилла тақинчоқларни яшириб олиб ўтаётганда божхоначилар томонидан фош қилинди.

И.Қурбонованинг уст кийими холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг чўнтакларига бир нечта полиэтилен ўрамлари усталик билан жойлангани аниқланди. Ўрамларда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган, умумий оғирлиги 2,5 килограмдан ортиқ бўлган тилла тақинчоқлар яширилганлиги аниқланди.

Ирода ушбу найранги ёрдамида мамлакатимизга 254 жуфт зирак, 253 дона узук, 26 дона кулон, 19 дона занжир ва 3 дона билагузукни яширинча олиб киришга уринган эди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тилла буюмларнинг умумий қиймати тахминан 560 миллион сўмдан ошиши аниқланди. Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмини олиб киришга рухсат этилади.

Таъкидлаш жоизки, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида йил бошидан буён божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 90 дан ортиқ божхона қоидабузарлиги натижасида қиймати 1,8 миллиард сўмликдан кўп салкам 30 килограмм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии