Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​ИСЛОМ КАРИМОВ НОМИДАГИ ФОНД ИЛК СТИПЕНДИАТЛАРНИ ЧЕТ ЭЛ ОЛИЙГОҲЛАРИГА ЎҚИШГА ЖЎНАТДИ (ФОТО)

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 11.10.2017, 16:52

Ислом Каримов номидаги Фонд илк стипендиатларни Германия, Италия ва Россиянинг олийгоҳларига ўқишга юборишни бошлади.

Ислом Каримов Фондининг 12 нафар стипендиати кейинги 2 йил давомида Ангальт амалий фанлар университети (Германия), Рур университети (Германия), Москва меъморчилик мактаби ҳамда Турин политехника университетида (Италия) қайта тикланувчи энергия манбалари, машинасозлик технологиялари, шаҳарсозлик, сув ва ер ресурсларини бошқариш, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш мутахассисликларидан магистратура йўналиши бўйича таҳсил оладилар. Бу ҳақда Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Фейсбукдаги расмий саҳифасида маълум қилди.
“Ўзбекистоннинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Британия Кенгашининг ваколатхонаси, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Инха, Турин Политехника ва Ломоносов номидаги Москва давлат университетларининг Тошкентдаги филиалларига миннатдорлчигимни изҳор этаман. Ўз билими ва меҳнати билан юқори натижаларга эришган ушбу ёшларни кўрганда инсоннинг қалби фахр туйғусига тўлади. Грант соҳибларининг барчасини чин дилдан табриклайман ва ўқишларида омадлар тилайман. Улар Европанинг пешқадам олийгоҳларида таълим олиб, келажакда Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишига ишонаман”,

дейди Лола Каримова-Тиллаева ўз постида.

Ислом Каримов Фондининг хорижда таҳсил олиш учун гранти совриндорлари:

Усмонов Мирусмон, Миртурсинов Мадиёр, Асадов Бекзод, Искандаров Нурсултон, Маҳкамова Лазизахон, Қамбаров Фарҳоджон, Турсуналиев Улуғбек, Гардер Ник, Мирзаахмедов Отабек, Усмонов Абдижалол, Нурмаматов Жаҳонгир ва Фейзуллаев Алим.

Танлов мазкур йилнинг январь ойидан май ойигача ўтказилиб, унда жами 300га яқин ёшлар қатнашдилар.

Ислом Каримов Фонди 2016 йил октябрь ойида мустақил Ўзбекистон Республикасининг асосчиси ва Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган. Иқтидорли ёшларга миллий ва хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун грантлар тақдим этиш Ислом Каримов номидаги фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидандир.


Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии