Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​ФИРИБГАРНИ ЧУВ ТУШИРГАН МУХБИР

Бўлимлар: Мутолаа
Теглар:
Добавлено: 12.10.2017, 15:20

ФИРИБГАРНИ ЧУВ ТУШИРГАН МУХБИР

Шаҳарда бир янги фолбин пайдо бўлгани, у мунажжимлик илмидан ҳам хабардорлиги ва хорижда ўқиб келгани ҳақидаги гаплар бизнинг таҳририятга ҳам етиб келди. Навбатдаги фирибгар иш бошлабди, энди шўрлик соддаларни боплаб лақиллатар экан-да, деб ўйладик. Чунки довруғи таралган фолбинларнинг кўпчилиги ашаддий фирибгар бўлиб чиққанига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Тўғри хулоса қилган эканмиз, кўп ўтмай бир аёл таҳририятга кўзида ёш билан кириб келди.

— Икки кун навбатда туриб зўрға қабулига киргандим, “Ичингда жоду бор, ўқиб олиб ташлаш керак, бўлмаса оиланг бузилиб кетади”, деди. Барча айтганини қилдим, лекин эрим барибир бизни ташлаб кетди… Энди ўйлаб қарасам, у мени алдаб пулимни олган экан. Кунда-кунора қатнаб, қанча маблағим, асабим, вақтим бекор кетди-я… — ачинди аёл. — Мени алдадинг, эрим ажрашаман деяпти, десам, “Демак барча айтганларимни тўлиқ бажармагансан, ўзинг айбдорсан”, деди. Қабулида доим одам кўп бўлади, қанчадан-қанча содда одамларни алдаб, пулини оляпти… — деди кўзига ёш олиб аёл.

Шундан кейин хаёлимга бир журналист текширувини ўтказиб кўрсамми деган фикр келди. Аёлдан фолбиннинг телефон рақамларини олдим, қўнғироқ қилсам гўшакни котибаси олди. “Қойил, — дедим ўзимга ўзим, — фолбинлар ҳам котиба ёллайдиган бўлибди-да!”

— Сабрина Мирсагатовнанинг бугун вақтлари йўқ, одам жуда кўп, эртага келинг. Саҳар бешдан навбат олмасангиз, учраша олмайсиз, — деди котиба.

Эрталаб бешдан туриб фолбинга бориш зарил келибдими? Дарров фикримдан қайтмоқчи бўлдиму, лекин қизиқиш кучлилик қилди.

— Дуо олдирмоқчимисиз? — сўради суҳбатдошим котибаларга хос қизиқувчанлик билан.

Шошиб қолдим ва таваккал қилиб “Ҳа”, дедим. Гўшакни қўйиб, фолбинга айтиш учун воқеа тўқий бошладим. Чунки ашаддий фирибгар бўлса, ёлғон гапираётганимни сезиб қолиши мумкин. Ҳозирги фолбинлар анойи эмас, одамларнинг психологиясини яхши ўрганишади, ўзлари учун имижлар яратишади, одамларнинг ишончига кириш учун юқоридаги фолбинга ўхшаб эълонларда исм-шарифи билан беради. Бир жойда қуйидаги эълонга кўзим тушиб кулгим келганди: «Вахида Захидовна. Дуо оламан, бахтингизни очаман, сотувда бўри тирноғи ва ёғи бор» деб ёзиб қўйибди.

Тонг саҳарлаб йўлга тушдим. Айтилган манзилга етиб керакли уйни топа олмай роса сарсон бўлдим. Бировдан сўрай десам, кўчада ҳеч зоғ кўринмайди. Уйларнинг деворларидаги ўчиб кетган рақамларни зўрға ўқиб фолбиннинг уйини топиб бордим. Кимсасиз подъездга қадам босиб юрагим увишди, ғира-шира қоронғуликка киришга қўрқиб қайтиб кетмоқчи эдим, иккинчи қаватдаги эшик ғийқиллаб очилди ва икки аёл шивирлаб тушиб кела бошлашди. Уларни кўриб, бироз ўзимни босдим. Аёллар мендан юзларини пана қилиб ўтиб кетишди. Ўзимни қўлга олиб фолбиннинг эшигини такиллатдим, жинси шортик кийиб олган семиз киши эшикни очиб, бир оғиз гапирмай, мени ичкарига киритди. Узун, хира ёритилган йўлакда одам кўплигини кўриб, ҳайрон қолдим. Узун ўриндиқларда тиқилишиб ўтирганлар менга қараб ҳам қўйишмади. Жой йўқлиги учун остонада тикка туриб кута бошладим. Тўрдаги хонадан бир эркак киши чиққач, одамлар сурилиб менга ҳам жой бўшади. “Одамларнинг юрагига ғулғула солмасдан чироқларни ёқиб қўйса бўлмасмикан?”, ўйладим ўзимча. Ким билсин балки бу ҳам бир имиждир… Навбатим келгунча уч-тўрт соат кутишимга тўғри келди. Зерикиб, ёнимда ўтирган икки қизни гапга солмоқчи бўлдим:

— Жуда узоқ қабул қиларканлар-а? — дедим уф тортиб.

Қизлар ҳам зерикиб ўтиришган экан:

— Йўқ, ҳар бир мижоз билан шошилмай, батафсил гаплашадилар, — дейишди шивирлаб. — Агар ишласангиз, бу кишининг қабулига кириш учун жавоб олиш керак. Чунки баъзида кун бўйи кутишингизга тўғри келади. Мана, биз ҳам ўқишдан жавоб олиб келдик...

Навниҳол қизларнинг нима муаммоси бор экан-а, ўйладим уларга назар солиб.

— Сиз нега келдингиз? — сўради қизлардан бири фикримни ўқигандек.

Ўйланиб турганимни кўриб:

— Бахтингизни очирмоқчимисиз? — деди.

Кулгим келганини сездирмаслик учун ерга қарадим. Улар менга ачиниб қараб қўйишди, кейин ўз сирларини ошкор этишни лозим топишди, шекилли:.

— Куйинманг, бахтингиз очилиб кетади. Мана менга ҳам дуо ўқитишган… Тез-тез юрагим сиқилади, — дейишди таскин бериб.

— Йўғ-ей? — дедим нари борса ўн саккиз-ўн тўққиз ёш атрофидаги қизларга анқайиб қарканман.

— Келинойим бахти очилмасин деб роса ўқитган эканлар, — давом этди қизгина бошига оғир ташвиш тушгандек хўрсиниб.

Кейин яна менга эътибор бермай, ўзаро шивирлашишга тушишди. Анча кутганимдан кейин ниҳоят менинг ҳам навбатим келиб, ичкарига кирдим. Киноларда кўрсатиладигандек шамлар ёниб турган, бўри-ю айиқларнинг тирноқлари осиб ташланган хонага кирсам керак, деб ўйлагандим, лекин… Ёруғ, озода хонада стол ва стулдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

— Келинг, нима муаммо? — деди аёл мулойимлик билан сўрашиб бўлгач. Унинг ваҳимали овозда гапиришини кутганим учун анқайиб қолдим.

— Уялмасдан гапираверинг. Турмушга чиққанмисиз? Нечанчи йилсиз? — сўради у қарталарини столга ёяркан.

Демак мен ҳақимдаги маълумотларни ўзимдан билиб олмоқчи.

— Йўқ, — дедим. Агар ростдан кучли фолбин бўлса ёлғон гапираётганимни билиб олади.

— Демак бахтингизни очишимиз керак, — деди у синовчан тикилиб. Ҳозир ёлғоним фош бўлади деб қўрқиб кетдим. — Кўзларингиз айтиб турибди, сизга кучли дуо ўқитишган. Елкангизни шундай оғир юк босиб турибдики, қаддингизни кўтариб юролмайсиз. Одамларга қўшилмайсиз. Яқин одамларингиздан кимдир ўқитган…

— Келинойингиз билан чиқиша олмайсизми? — сўради у бир муддат осмонга тикилиб тургач.

Мен таваккал йўқ дегандек бош силкидим. Шундан кейин аслида йўқ келинойимнинг гўрига ғишт қалаб, у қилган жодуни мендан олиб ташлаш учун нималар кераклигининг руйхатини тузди:

— Иккита совун, иккита қора рангли ғалтак ип, игна, бир баклашка сув, бир қути туз, чой олиб келасиз. Агар тезроқ ўқишни бошламасак, ёмон касалга чалинасиз. Чунки жоду анча эски, ёшингиз ҳам ўттизга яқинлашиб қолибди, шекилли, — деди.

— Ўзим ҳам билувдим буларнинг ҳаммаси келинойимнинг иши эканини, — дедим мен ҳам ишончига кириш учун. — Ўзи жуда ғаламис, опам ҳам йигирма еттига кириб зўрға турмушга чиққанди… Энди менга навбат келибди-да…

У менга узоғи билан икки ойда эрга тегиб кетишимни айтиб, «таскин» бериб хайрлашди.

Рўйхатни кўтариб, кулгудан ўзимни зўрға тийиб фолбиннинг уйидан чиқдим. Ғаройиб шоу ташкиллаштирар экан-ку, бу хотин! Унинг ёлғончилигини фош қилганим учун, кетган вақтимга ҳам ачинмадим. Ишхонага келиб ҳамкасбимга бўлган воқеаларни айтиб бериб роса кулишдик. Шундан кейин ҳамма менга қаерда фолбиннинг хабарини эшитса телефон рақамларини олиб кела бошлади. Турли рақамларга қўнғироқ қила туриб, ҳайратландим. Негадир уч-тўрт қўнғироққа битта овоз жавоб беряпти. Аввалига тушунмадим. Кейин улар рекламани кучайтириш учун ҳар хил тахаллус билан турли рақамларни беришларини сезиб қолдим. Мен учрашган фолбиннинг котибаси олтита рақамдан нақ учтасига жавоб берди! Роса ишбилармон чиқди-ку бу фолбин опам деган хаёлда айтган нарсаларни харид қилиб белгиланган куни кириб бордим. Сабрина Мирсагатовна қўлимдаги нарсаларни олиб қолди ва туни билан ўқиб чиқишини, эртаси куни тушлик маҳал уни таксида уйимга олиб боришимни айтди. Уйимни ҳам ўқиб, тозалаб, «келинойим»нинг жин-ажиналарини ҳайдаб бераркан. Мен рози бўлдим ва «Илтимос бошқаларникидан кўра меникини кўпроқ ўқинг, хизмат ҳаққингизни икки баробар кўпроқ тўлайман» дедим.

Шундан кейин ҳамкасбим (хали турмушга чиқмаган) фолбинникига борди ва сценарий бўйича эрининг жазмани борлигидан шикоят қилди. «Дард»ини гапириб бўлгач, эримнинг жазмани шу бўлади деб Сабрина опага менинг суратимни узатган… Лекин опа муғомбирликдан кучли сабоқ олган экан, қилт этмабди. Ҳатто бу қизни танийман ҳам демабди, шу баҳона пул учун ҳар нарсага тайёрлигини ҳам исботлаб олдим.

Эртаси куни келишган ҳолда фолбинни уйимга олиб келдим. Уйда бизни ҳамкасбим кутиб турарди. Уни кўриб Сабрина опа қотиб қолди, олифталигидан асар қолмай жазавага тушиб бақира бошлади:

— Бу нимаси? Мени аҳмоқ қиляпсизларми? — вишиллади у илондек.

— Ҳа, — деди дугонам. — Фақат сиз одамларни аҳмоқ қилиб юраверасизми?

Фолбин довдираб бир дугонамга бир оёқ тагида ўралашиб юрган болаларга қарарди.

— Бу болалар сиз «бахтини очмоқчи» бўлган мижозингизники, эсингизда бўлса менинг эримни жазманидан айириб бермоқчи эдингиз. Билиб қўйишингиз учун айтай, мен ҳали турмушга чиқмаганман!

Фолбиннинг ранги оқариб кетди :

— Иккалангни ҳам дуоибад қиламан! — ўшқирди кейин алам билан.

— Яхши, бирорта дуони биласизми ўзи? Ҳечқиси йўқ, фирибгарлигингиз учун қамалиб кетсангиз, дуо ёдлашга вақтингиз бемалол бўлади!

Минглаб одамларни алдаб юрган фирибгар ўзининг бир марта алданишига чидай олмай анча жанжал қилиб юрди…

Дилфуза СОБИРОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии