Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​РАҚҚОСАНИНГ ТАҚДИРИ

Бўлимлар: Мутолаа
Теглар:
Добавлено: 12.10.2017, 15:30

РАҚҚОСАНИНГ ТАҚДИРИ

Лайло ойисининг тиззасига ўтирганча унинг қўл ҳаракатларини кузатарди. Икки қўлини худди илондек тўлғатишни биладиган ойиси баъзан дадаси йўғида унга рақс тушиб берарди. Лайло биринчи синфданоқ чиройли рақс тушиши билан ўқитувчиларнинг эътиборига тушди. Лекин дадасининг ёнида рақс сўзини ҳам илга олиб бўлмасди. Дадаси қўшни ҳовлида бўлган қиз базмида ойисининг дугоналари билан рақс тушаётганини ўғринча кўриб қолиб севиб қолган. Лекин ойисининг айтишича турмушга чиққандан кейин бирор марта ҳам рақсга тушмабди. Лайло тўққиз ёшга кирганида ойиси тўсатдан вафот этди. Дадаси тўрт фарзанд билан қолаверди. Маъракалар ўтиб, одамларнинг келиб кетиши камайгач, ҳувиллаган ҳовлида ўйга ботиб ўтирган дадаси уйдан мусиқа товуши келаётганини кўриб ҳайрон бўлди. Шошиб уй эшигидан мўраласа, аллақандай маҳзун мусиқага Лайло берилиб рақсга тушарди… У бутун оламни унутгандек, йиғлаганча шунақа чиройли ҳарактланардики дадаси беихтиёр маҳлиё бўлиб қолди. Ўйнаб-ўйнаб чарчадими бир маҳал шилқ этиб йиқилди. Қўрқиб кетган дадаси югуриб бориб уни кўтариб олди.

— Қизим, — деди дадаси овози қалтираб, унинг кўзларида ҳайрат, қандайдир ғайриодддий кучдан қўрқув бор эди.

Дадасини кўриб қўрқиб кетган қизалоқ ўрнидан туришга уринди:

— Дада… бошқа рақс тушмайман…

Дадаси қизининг бошини бағрига босди.

Лайло йиғлаб юборди. Оғир айрилиқ, соғинч ва ўзи ҳам тушуниб етмаган оғриқли ҳислар юрагини тўлдириб, йиғлаб юборди. Дадаси ҳам қизининг бошини қучоқлаганча овозсиз йиғларди.

— Рақс тушини жуда яхши кўрасанми қизим? — деди дадаси эрталаб иссиғи ошиб ўрнидан туролмай ётган қизининг пешанасини силаб.

Қизалоқ бош силкидию, лекин дадаси рақсга қаршилигини эслаб кўзини олиб қочди…

Кўп ўтмай дадаси Лайлонинг ҳужжатларини рақс мактабига ўтқазди. Унинг ижодий имтиҳондаги рақсини ўқитувчилар юқори баҳолашди ва анчадан буён бунақа иқтидорли ўқувчи бўлмаган деб таҳсин ўқишди.

Уйидан узоқда яшаш азобини айтмаса Лайло ўқишга берилиб кетди. У устозларнинг ҳар бир сабоғини жон қулоғи билан эшитар, ҳар бир машғулотда ҳолдан тойгунча машқ қилса ҳам нолимасди. Синфдошлари орасида машҳур раққосаларнинг қизлари ҳам таҳсил оларди. Яккахон рақслар асосан уларга бериларди, Лайло эса оммавий саҳналардагина иштирок этарди. Лекин унинг ҳатти-ҳарактларида, кўзлари ва имо-ишорасида нимадир бор эдики, оммавий саҳналарда ҳам у ажралиб турарди. Рақс мактабида дарс берадиган Марям опанинг қизи Нигора билан Лайло тезда тил топишиб кетди. У дўмбоқлиги сабаб кўп қийналар, онаси уни озиш учун доим парҳезда сақлар, тезроқ озиши учун эса буғда тинимсиз машқ қилдирарди. Мактабдагилар Нигоранинг рақсга умуман иқтидори йўқлигини билишар, лекин онасининг юзидан ўтиб индашмасди. Марям опа рақс мактабида танасининг эгилувчанлиги, тиришқоқлиги, мусиқани англашда туғма истеъдоди бўлгани сабаб тезда тилга тушган Лайлони ёқтирмасди. Лекин аксига олиб қизалоқлар бир-биридан умуман ажралишмасди.

Бир куни мактабга ташриф буюрган меҳмонлар қаршисида юқори синфлар қатори Лайлонинг тенгдошлари ҳам рақс намойиш этадиган бўлишди. Мусиқага мос чир айланётган Нигора бир маҳал боши айланиб қалқиб кетди. Саҳна бурчагидан назоат қилиб турган устозимиз «оҳ» деб юборишди. Залда ўтирганлардан кимдир сезди, кимдир сезмай қолди. Нигора дарров ўзини қўлга олдию лекин боши ҳамон айланаётгани учун ранги оппоқ эди, агар яна айланса йиқилиб тушиши аниқ эди. Кутилмаганда орқада оммавий рақсга тушаётган Лайло югуриб ўртага чиқди ва рақсни келган жойидан давом эттира бошлади. Нигора унга миннатдор қараб қуйдида унинг ўрнига бориб турди… Устозлардан бошқа ҳамма раққосаларнинг алмашинишини рақснинг бир қисми деб ҳисоблашди. Ўша куни Лайло меҳмонлар олдида мактабнинг обрўсини сақлаб қолди. Меҳмонларни кузатган директор дарров қизларнингг синфига кирди.

— Қани у зеҳнли қиз? — сўради у Лайлони кўришга ошиқиб. Ўша куни ёш раққосанинг зеҳнига бутун мактаб қойил қолди

Нигора ҳам ўртоғига раҳмат айтдию йиғлаб юборди.

— Ойим, мени ўлдиради, — деди у кўз ёшларини артиб. Нигора унга ачинди, чунки бир неча марта Марям опа қизини жазолаганини ўз кўзим билан кўрганди.

— Раққоса бўлишинг шартми? — сўради Лайло қийналаётган дугонасидан.

— Бўлмаса ким бўламан? — деди у ҳайратланиб.

— Билмадим…

— Ойим, энг зўр раққоса бўлишинг керак дейдилар. Ўзимга қолса дўхтир бўлардим… Дадам дўхтир бўлган эканлар, — деди Нигора хўрсиниб Лайло дугонасининг дадаси билан яшамаслигини билгани учун унга ачинди.

Ўша томошадан кейин Нигоранинг тоби қочиб бир ҳафта ўқишга келмади.Марям опа эса Лайлони баттар ёмон кўриб қолди…

Лайло битирувчи синфга ўтганида, мактабда танлов асосида «Шабнам» гуруҳи тузилди ва гуруҳга раҳбарлик Марям опанинг зиммасига тушди. Аслида Марям опа Лайлони гуруҳга қўшишни истамасдию, лекин директорнинг шахсан ўзи нега Лайло рўйхатда йўқ, дегандан кейин қўшишга мажбур бўлганди.

Концертлардан бирига икки кун қолгани сабаб репитиция қизғин. «Лазги» ижро этиши керак бўлган Лайло ҳам ўқиш, ҳам тайёргарлик сабаб қаттиқ чарчатганини била туриб Марям опа репитицияни тўхтатай демасди. Ҳолдан кетгани сабаб бироз тин олиш учун ўтирган қизни яна бир марта репитиция қилишга мажбурлади. Жаҳл устида шиддат билан рақс тушаётган Лайло қандай қилиб саҳнадан учиб кетганини билмай қолди. Ҳамма оғриқдан дод солган қиз томонга югурди. Мактаб шифокори унинг оёғини кўраётганда Лайлонинг кўзи Марям опага тушди. Унинг кўзлари қасос суруридан чақнаб турарди. У Лайлони концертдан четлатганидан мамнун эди. Лайло тиззасидан жароҳат олган бўлиб энди анчагача даволанишига тўғри келарди. Концертдан сўнг Нигора Лайлони кўргани касалхонага келди. «Аслида сен қатнашишинг керак эди» деди у ғамгин.

— Энди сира рақс туша олмасам керак , битирув имтиҳонларига қатнаша олмасам мактабдан ҳайдаламан… Шифокорлар раққосалар ва спортчиларда «чопқир тиззаси» деган касаллик бор, шу сабаб сизлар тиззани эҳтиёт қилишларинг керак деди. Мен эса аксига олиб тиззамни синдириб ўтирибман. Бутунлай тузалиб кетишим учун анча кутишимга тўғри келаркан. Агар охиригача даволанмай саҳнага қайтсам, узоққа бормас эканман, — деди йиғламсираб.

— Сен ҳали узоқ рақс тушасан, — деди дугонаси ҳам кўз ёшларини артиб.

Лайлога оғир ўйлар тинчлик бермас, у «рақс тушмасам нима қиламан. Дадамга энг зўр раққоса бўламан деб ваъда берганман. Онамнинг орзулари-чи? Мен ўзим учун эмас онам учун ҳам рақс тушишим керак. Одамлар нима дейди? Дадам шўрлик мен учун озмунча гапга чидадими? Одамлар хотини ўлгач, қизини интернатга топширди, отарчи бўлиш учун ҳам ўкиш керак экан-да, деган гапларни ҳам айтишди. Энди қайси юз билан қайтиб бораман. Бошқа ишнинг бошини тутишим ҳам мумкин, лекин қонимда қайнаётган рақсни қаерга йўналтираман?» деган саволларга жавоб тополмай қийналарди.

Эртаси куни эрталабдан яна Нигора келди.

— Сенга айтадиган гапим бор, — деди у. Йиғлаганидан кўзлари қизариб кетганди.

— Тинчликми? — деди Лайло хавотирланиб.

— Мен… мактабдан кетяпман.

— Нима? Ойинг-чи… — Лайло ҳамма нарсани кутса ҳам бу гапни кутмаганди.

— Ойим билан кеча очиқчасига гаплашдим. Биласан, мен раққоса бўлишни сира истамайман. Шунча йилдан буён ойим мажбурлаб шу мактабда ушлаб турди. Лекин нима қилай, рақс тушишни хоҳламайман! Мен рақс тушиш учун туглмаганман! Мен шифокор бўлишни, беморларни даволашни истайман… Ойим ўзи яхши ракқоса бўлолмагани учун мени раққоса қилмоқчи… Сени эса яхши раққоса бўлганинг учун ҳам ёмон кўради. Кеча ёнингга келганимни айтгандим, жанжал қилдилар…

— Ойинг билан бекор тортишибсан…

— Қачонгача ўзим истамаган нарса билан шуғулланишга мажбур қилишади? Мен бошқа мактабга ўтдим.

— Ҳазиллашяпсанми?

— Рост. Дадам билан ҳам гаплашдим, мактабни тугатиб, тиббиёт институтига топшираман…

— Наҳотки, рақсдан воз кечсанг?

— Жон деб кечаман. Ўзинг қачон чиқасан? Битирув оқшомида энг оригинал рақс ижро этган ўқувчига Халқаро фонд катта мукофот қўйган. Танловда қатнашишингни истайман.

— Бунинг иложи йўқ, — кўзи ёшга тўлди Лайлонинг.

— Иложи бор! Мен дадам билан гаплашиб қўйдим. Сени ўзлари даволайдилар…

Бир ой касалхонада ётиб чиққан Лайлони дадаси тоза ҳавода бироз юрсин деб қишлоққа олиб кетди. У уйда ҳам Нигоранинг дадаси ёзиб берган муолажалар ва машқларни мунтазам бажариб турди. Лекин ундан яширинча танловга ҳам тайёрланарди. У ҳар куни онаси севган мусиқа остида рақс тушар, танловда албатта ғолиб бўлишни, онаси ўйлаб топган рақсни саҳнадан туриб ижро этишни истарди.

МАктабда эса раққоса учун оёғи шикастланиши бу тамом дегани, деб кўпчилик ундан умидини узди. Марям опанинг шахсан ўзи директорга кириб «энди бу қиздан наф йўқ, жамоадан ўчираман, кеча қизим бориб келган экан, энди санъатга қайта олмас экан», деди. Лайлодан умиди катта бўлган директор афсус билан рухсат берибди. Қизининг мактабдан кетгани аламига чидай олмаган Марям опа ҳаммани Лайло энди рақсга қайтмайди деб ишонтирди. Битирув оқшоми кунини Нигорадан билган Лайло танлов бошланишидан бироз олдин дадаси билан мактабга кириб борди. Лайлони ўртоқлари қувониб кутиб олишди. Рақсга туша олмаслигидан афсусланишди. Фақат Марям опанинг турқи ўзгарди. У югуриб-елиб уриб тайёргарлик кўрар, рақс мактаби битирувчиларини кўргани келган хорижий ташкилотлар вакиллари ёнида ўзини кўрсатиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Тадбир кўнгилдагидек кечаётган бир пайтда бошловчи «Энди саҳнага умидли раққосаларимиздан Лайло Сафаровани таклиф этамиз» деганда ҳамма бир зум жим бўлиб қолди. Ўқитувчилар тушунмай кўз уриштириб олишди. Марям опа кескин залга ўгирилиб Лайлони қидира бошлади Лекин Лайло миллий кийимда маликалардек саҳнага чиқиб келди. Унинг маҳзун рақсига бутун зал сел бўлди. Рақс тугагач, ҳамма ўрнидан туриб қарсак чалиб юборди. Бироздан кейин Лайло мусиқачиларга нимадир деб шивирлади. Зални ирланд мусқаси тутиб, Лайло бир маромда чечёткага рақс туша бошлади. Миллий кийимда чечёткани қойил қилиб қарсиллатаётган қизга меҳмонлар анқайиб қолишди… Рақс тугагандан кейин анчагача қарсаклар эшитилиб турди. Парда ортига ўтишга зўрға улгурган Лайло Нигоранинг қўлига ҳолсиз йиқилди..

— Эплай олдим… — дерди у нуқул.

Танловда сўзсиз Лайло ғолиб деб топилди. У фонд томонидан ажратилган пулнинг бир қисмига ёш болалар учун рақс мактаби очишга сарфлади. Бир қисмини дадасининг номига ўтқазди Яна бир қисмини эса кредит уюшмасига қўйди ва бунинг ўз жойи бор деди ҳайратланган дугонасига.

Ўша йили Нигора ўзи хоҳлагандек тиббиёт институтига ҳужжат топширди ва шартнома саосида ўқишга кирди.

Нигоранинг шартнома асосида ўқисам, уйдагилар қийналиб қолишади» деган хаёла юрганини билган Лайло бир куни унга бир парча қоғоз узатди.

— Бу нима? — деди тушунмай Нигора.

— Бу сенинг ҳаққинг. Эсингдами пулнинг бир қисмини кредит уюшмасига қўйиб, бунинг ўз эгаси бор дегандим…

Нигоранинг қўлидаги қоғозда бир йиллик шартноманинг чеки турарди.

Дилфуза СОБИРОВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии