Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

ЭРИНГИЗГА АЙТИБ БЎЛМАЙДИГАН 5 ЖУМЛА

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар: Психология
Добавлено: 14.11.2017, 17:34

Баъзан биргина сўз инсонлар ўртасидаги муносабатларга путур етказиши мумкин... Турмуш ўртоғингизга эса қуйидаги гапларни айтишдан эҳтиёт бўлинг.

«Гуллар учун раҳмат, лекин менга сариқ рангдагилари ёқмайди!»

Турмуш ўртоғингиз сизга умуман ёки узоқ вақт давомида гул совға қилмаслигини истасангиз, у танловда адашгани ҳақида баралла айтаверишингиз мумкин. Яхшиси, гулдастани миннатдорлик билан қабул қилинг, қулай имконият туғилганидагина сизга маъқул келадиган гулллар қайси эканлигини эслатиб қўйсангиз бўлади. Масалан, гул растаси қаршисидан ўтиб кетаётиб, «Дадаси, қаранг! Қип-қизил атиргулларни, одамнинг кўзини қувнатади-я!»

«Ахир ваъда берган эдингиз-ку...»

Ишдан уйга қайтишда жуфти ҳалолингиз телевизор пульти учун батарейкалар харид қилиши ёки дам олиш кунлари ошхонадаги жўмракни тузатиши лозим эди. Лекин севимли футболжамоаларининг ўйинини ўтказиб юбориш ва бу вақтда бирор иш билан машғул бўлиш эркакнинг кўнглига сиғар эканми? Ваъдабоз эрингизни қилган ва қилмаган ишидан асабийлашиб, «заҳрингиз»ни сочишга шошилманг. Маслаҳатимиз, жаҳлингизга эрк берманг. Іамма «айб»ни бўйнингизга олиб, илтимосингизни яна бир карра эслатишдан фойда кўпроқ бўлади: «Эсим қурсин, сизга телевизор пульти учун батарейка олиб келишни айтиш ёдимдан кўтарилибди. Энди нима қиламиз...»

«Менга ошиқ бўлган синфдошимни қўриб қолсам, денг...»

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, аёллар турмуш ўртоғининг собиқ маъшуқалари ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлишга интилишади. Негаки, бу рақибасидан яхшироқ бўлиш учун туртки вазифасини ўтар экан. Эркаклар эса бунинг акси, рафиқасини ортидан изма-из юрган йигитлар ҳақида умуман эшитишни истамайди. Шу сабабдан, ўтмиш билан боғлиқ ҳар қайси эркак танишингизни кўрганингизни жуфтингизга айтаверманг. Іамда гапдан-гап чиққанида ҳам зинҳор-базинҳор бу мавзуда гаплашманг, ортиқча шубҳа-гумон уйғотиш сизга фойда келтирмаслиги аниқ.

«Бу ишни қиласизми, йўқми?»

Іеч қачон эркак кишига унинг нима қилиши кераклиги ҳақида зарда ёки буйруқ оҳанги билан гапирманг. Бунинг оқибатида, эркак назарида сиз қаттиққўл онага айланиб қоласиз. У эса сизнинг қиёфангизда фақатгина меҳрибон ва заиф рафиқани кўриши лозим. Шунинг учун турмуш ўртоғингизни ёрдамисиз қўлингиздан ҳеч иш келмаслиги ҳақида гапиринг. Іамда у ёки бу масалани ҳал этиш фақатгина унинг қўлидан келишини таъкидланг. Бу ишни имкон қадар мулойимлик билан амалга оширинг. Эркаклар ўзини ягона қаҳрамондек ҳис қилишни жуда яхши кўришади. Буни яна бир карра эътироф этсангиз, истаган нарсангизга, шубҳасиз, эришасиз.

«Мендан бошқаси бўлганида, асло чидамасди...»

Биз, одатда, бу гапимиздан кейин эримиз «Жуда омадлиман-да, сабрли ва бебаҳо рафиқам бор!» деб ўйлашини истаймиз. Афсуски, бундай бўлмайди-да... Аксинча, турмуш ўртоғингиз «Нима қилсам ҳам, ҳаммасига чидар экан!» дея хулоса қилади. Эркак хаёлига бу фикрни келишига асло йўл қўйиб бўлмайди, негаки, бу фақат сизга зарар етказади. Тушкунликка тушиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Агар оилангизда кўнглингизга ўтирмайдиган бирор нарса юз бераётган бўлса, бу ҳақида ошкор қилинг. Сабр-тоқатли аёл барча эркак учун қулай, бироқ у билан яшаш бироз зерикарли. Ўзини қадрлайдиган ва ҳурмат қиладиган аёл ўз навбатида жуфтининг ҳам ҳурматини қозонади ва севимли ёри бўлади!

Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа