Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

​МАДРИДДА ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ ВА ЗАМОНАВИЙЛИГИ, АНЪАНАЛАРИ ҲАМДА САЛОҲИЯТИ НАМОЙИШ ЭТИЛДИ

Бўлимлар: Жамият
Теглар:
Добавлено: 14.11.2017, 18:25

Испания пойтахтида «Ўзбекистон тарихи ва замонавийлиги, анъаналари ҳамда салоҳияти» мавзуига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Унда Испаниянинг нуфузли олий ўқув юртларидан бири-Nebrixa университетининг ўқитувчи ва талабалари, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, академик ва эксперт доиралари, вазирлик ва идоралари, дипломатия корпуси, сайёҳлик агентликлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда "Жаҳон" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси ва Антонио Nebrixa жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур маросим чоғида тадбир қатнашчилари мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий ва сайёҳлик салоҳияти, диққатга сазовор асосий қадамжолари билан яқиндан танишдилар. Тақдимот доирасида республикамизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз сингари тарихий шаҳарлари бағрида жойлашган бетакрор меъморий ёдгорликлар ҳақида ҳикоя қиладиган суратлар кўргазмасининг намойиши эса меҳмонларга инсоният тарихидаги кўҳна трансконтинентал савдо йўлаги-Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон бўйлаб фикран саёҳат қилиш имкониятини яратди.

Тақдимот дастурининг маданий қисмида ўзбек пианиночиси Софя Бахтиярова ҳамда испаниялик ашулачи Кармен Кано ўзбек ва испан бастакорларининг асарларидан намуналар ижро этдилар.

Тадбирдан орттирган таассуротларини ўртоқлашар экан, Nebrixa университети ректори Мануэл Вилла-Селлино кейинги йиллар давомида Ўзбекистон испанияликлар учун тарихий-маданий ва билим орттириш сайёҳлигининг оммабоп йўналишларидан бирига айланганини қайд этди.

- Кўпгина ватандошларимиз Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хивани кўриб келишган, ўзбек халқининг меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлишган, маҳобатли ва бетакрор тарихий ёдгорликлардан ҳайратланиб қайтишган, - деди испаниялик олим. - Дўстларимнинг ўзбеклар заминидан орттириб қайтган таассуротлари ва сўзлаб берган ҳикоялари мени Ўзбекистоннинг тарихи ва замонавий ривожланишини ўрганишга рағбатлантирган. Республика юқори баҳога сазовор бўлган муваффақиятларни қўлга киритди. Жумладан, Ўзбекистон раҳбариятининг ҳукумат ва халқ ўртасида мулоқотни кучайтириш, иқтисодиётни либераллаштириш, илмий салоҳиятни ошириш, Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга йўналтирилган ташаббуслари катта эътиборга лойиқдир.

Nebrixa университетининг институционал алоқалар бўйича директори, Антонио Nebrixa жамғармаси раҳбари Нурия Баранда ушбу сермазмун тадбирни ташкил этишга бош-қош бўлгани учун Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонасига миннатдорлик изҳор этди.

- Университетимиз халқаро олий ўқув юрти ҳисобланади, - деди у. - Ўзбекистон билан алоқалар биз учун жуда қизиқарлидир. Умид қиламизки, бугун бўлиб ўтган тақдимот маросими ўзбек олимлари ва талабалари билан ўзаро самарали алоқаларимизнинг ривожланишига хизмат қилади. Мазкур тақдимотнинг барча иштирокчилари Ўзбекистоннинг чиройига маҳлиё бўлишганига ҳамда ўзбек халқининг маданий ва тарихий бойлигини ўз кўзлари билан кўришни ният қилишганига ишончим комил.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа