Му5
50

​СОҲИБҚИРОН КИТОБ ЁЗГАНМИ?

МАДАНИЯТ 27.11.2017, 11:34
1244
​СОҲИБҚИРОН КИТОБ ЁЗГАНМИ?

“Темур тузуклари” олти асрдан бери дунё жамоатчилиги эътиборини тортиб келмоқда. Айни пайтда унинг турли қўлёзма нусхалари ва таржималари дунёнинг турли нуқталарида, бир қатор нуфузли кутубхона, музейлар ва шахсий тўпламларда сақланмоқда. Кўплаб таниқли олимлар “Темур тузуклари” устида тадқиқотлар олиб боришган.

Ўтган давр ичида мазкур асар Амир Темур томонидан ёзилмаган, унинг вафотидан анча кейин яратилган, деган тахминлар ҳам илгари сурилди. Аммо, асарнинг тили ва услуби, панд-насиҳатларнинг Амир Темур сийратига мослиги, чуқур идрок, ўткир зеҳн ва донишмандлик билан ёзилгани, асардаги воқеаларнинг Амир Темур ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи бир қатор ишончли манбалар (Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си, Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ат-тақдур фи ахбори Таймур” асари ва ҳоказо)даги маълумотларга мос келиши ва бошқа бир қатор тарихий фактлар асар бевосита Амир Темур томонидан ёзилганини тасдиқлайди.

Тарихий маълумотларга кўра, асар даставвал Амир Темурнинг она тили – эски ўзбек тилида ёзилган. Шарафиддин Али Яздий ҳам юқорида номи тилга олинган асарида Амир Темур даврида унинг ҳаётидаги муҳим воқеаларни ўз ичига олган туркий ва форсий асарлар мавжуд бўлганини айтади. Шу пайтга қадар Амир Темур фаолияти ҳақида унинг ҳаётлигида битилган туркий тилдаги асар бизгача етиб келмаганидан, бу ўринда сўз “Темур тузуклари” ҳақида бораётгани тахмин қилиш мумкин.

Ушбу китоб асрлар давомида бир қатор ҳукмдорлар учун дастурил-амал вазифасини ўтаган. Эҳтимол, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Абулғози Баҳодурхоннинг “Шажари турк” сингари асарларини ёзишларига ҳам айнан соҳибқироннинг мазкур “Тузуклар”и тутки берган бўлиши мумкин. Аммо, афсуски, асарнинг туркий тилда битилган илк қўлёзмаси ҳанузгача топилгани йўқ. Бу дурдона асар топилганида, тарихимизнинг бизга маълум бўлмаган саҳифалари очилиши баробарида, ўзбек мумтоз адабиёти ҳам яна бир гўзал дурдона билан бойиган бўлар эди.

Бугун бизгача етиб келган хилма-хил қўлёзмалар ҳажми, таркиби, услуби нуқтаи назаридан бир-биридан фарқланади. Бизга етиб келган қўлёзмаларнинг энг қадимгиси XVII асрга мансуб бўлиб, у Бобурийлар ҳукмронлиги даврида, Ҳиндистонда кўчирилган. Китоб муқаддимасида битилишича, Аграда Бобурийлар саройида хизмат қилган шоир ва таржимон Абу Толиб ал-Ҳусайний ал-Оризий ат-Турбатий Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини бажариб, ортга қайтаётганида, Яман ҳукмдори Жаъфар пошонинг кутубхонасида туркий тилда битилган бир ноёб қўлёзмага дуч келади. Таржимоннинг ёзишича, бу асар Соҳибқирон Амир Темурнинг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган даврида бошидан кечирган саргузаштлари, давлат бошқаруви усуллари, вазир ва амирлари, фарзандларига ҳукмронлик борасида берган маслаҳатлари ва йўл-йўриқлари ўрин олган.

Ат-Турбатий бу бебаҳо қўлёзмани ўзи билан олиб келган ва уни секин-асталик билан форсий тилга таржима қила бошлаган. 1637 йилда асар таржимасини тўла-тўкис битказиб, уни Бобурийзода ҳукмдор Шоҳ Жаҳонга (1628-1659) туҳфа этган.

Шоҳ Жаҳон асар билан танишиб чиққач, ундаги воқеаларни Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарномаси” билан таққослаб чиқишни Декан музофоти фавждори Муҳаммад Афзал Бухорийга топшириб, хаттот ва муаррихлар ўзларидан қўшган ортиқча тафсилотларин ўчириб ташлашни буюради.

Мазкур асарнинг шу пайтгача етиб келган барча қўлёзма ва тошбосма нусхалари учун айнан Абу Толиб ал-Ҳусайний ат-Турбатийнинг таржимаси асос бўлиб хизмат қилган. “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” деб номланган халқаро медиа-форум доирасида "Темур тузуклари”нинг факсимилье нусхаси ҳам юртимизга келтирилади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+1° облачно с прояснениями
Валюта курси
rightuz