Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

“УСТОЗИМНИНГ ИШҚИДА КУЙДИМ”

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар: Оила
Добавлено: 06.12.2017, 18:14

Нигора, 16 ёш, Тошкент шаҳри:

— Ижтимоий фанларга ихтисослашган академик лицей ўқувчисиман. Оилада ёлғиз фарзанд бўлганим учун ота-онам доим менинг раъйимга қараб келишади. Шу сабабданми, барча яхши нарсалар меники бўлишига, менга ҳамма нарса мумкинлигига ўрганиб қолган эканман. Афсуски, ҳар доим ҳам инсон хоҳлаганидек бўлавермас экан. Буни кеч англаб етдим. Лицейимизга иқтисод фанидан дарс беришга янги ўқитувчи келди. Келишган, ақлли иқтисод ўқитувчимиз гуруҳимиздаги ҳамма қизларга, шу қатори менга ҳам ёқиб қолганди. Уни кўргим келаверарди, ҳар танаффусда хонасининг олдидан ўтишга ҳаракат қилардим. Бора-бора ўқитувчимизни бир кун кўрмасам ўзимни қўярга жой тополмай қоладиган бўлдим. Иқтисод ўқитувчимиз асли узоқроқ вилоятдан эканлигини билганимда ҳам уни яхши кўришдан қолмадим. Гуёки у менга совчи қўйса, ота-онамни вилоятга кетишимга кўндираман, деб ўйлагандим. Лекин ҳис-туйғуларим ҳақида ҳеч кимга, ҳатто яқин дугонамга ҳам айтмадим. Аниқроғи, айтишга уялдим, ҳаммага кулги бўламан деб ўйладим. Ишга келганига уч ой бўлганида, ўқитувчимиз икки ҳафта ишга чиқмади. Ўзимни худди дарс масаласида киргандек тутиб, ўқитувчилар хонасидагилардан устозимизни сўраганимда, яқинда иккинчи маротаба фарзандли бўлди, шунинг учун вилоятига кетди деган жавобни беришди. Турган жойимда ҳушимни йўқотай дедим. Мен пинҳона севган инсоннинг оиласи борлиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Оилали инсонни севиб қолганим учун ўзимдан нафратланиб кетяпман…

Маслаҳат: — Бизга маслаҳат олиш учун мурожаат қилган қизимиз айни балоғат ёшида эканлар. Ҳаммамиз биламизки, балоғат ёшидаги инсон орзулари осмонида парвоз этиб юради. Бу қиз ўзининг оқ отдаги шаҳзодасини ўқитувчиси қиёфасида кўрган бўлса керак. Лекин, жон қизим, адашманг, сизнинг ҳаётингиздаги асл шаҳзодангиз энди келади. Ҳозир эса ўқиб ўрганинг, ўзингиз истаган, қизиққан машғулотингиз билан шуғулланишингизни маслаҳат бераман. Ўткинчи ҳавасга берилманг. Ғурурли, андишали қиз эканлигингиз гапларингиздан билиниб турибди. Сирингизни ҳеч кимга айтмаганингиз ютуғингиз, бундан кейин ҳам ана шундай иродали бўлишингизни истардим. Сиз танлаган кўча боши берк кўча, ундан қанча эрта чиқиб кетсангиз, шунча яхши бўлади.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа

15.12.2017, 10:50
15.12.2017, 10:35

СУҒДИЁНА