Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

БАҚБАҚА ВА АЖИНЛАР? ВАҲИМА ҚИЛМАЙМИЗ, ЧОРА КЎРАМИЗ!

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар: Гўзаллик
Добавлено: 06.12.2017, 18:29

Нима деб ўйлайсиз гўзаллик борасида гап кетганда аёллар нимадан қўрқишади. Албатта, ажинлардан. Бақбақалардан ҳам! Айниқса, бўйиндаги ажин ва бақбақа аёлнинг ёшига ёш қўшиб кўрсатса, бундан-да қўрқинчлиси бўлмаса керак. Лекин ташвишланманг, муаммонинг ечими бор. Бу ҳақда тўлиқроқ косметолог Маҳбуба МАМАНОВА сўзлайди.

Єаддингизни тик тутинг

Ҳеч эътибор берганмисиз букчайиб ёки бошини доим эгиб юрадиган аёлларнинг бўйнига тез ажин тушади. Чунки умуртқа поғонасининг қийшайиши бўйин мушакларининг заифлашувига олиб келади. Устига устак, Ернинг тортишиш кучи ҳам қўшилади-да, мушаклар осилиб қола бошлайди. Муаммонинг олдини олиш учун эса ҳозирнинг ўзидаёқ елкаларингизни тик тутиб ўтириб олинг. Энди бошингизни баланд кўтаринг. Єуйидаги тавсияларимизни бажариш чоғида ушбу ҳолатни сақлаб қолиш жуда муҳим. Натижага эришишни истасангиз, буни доим ёдда сақланг!

Уқалаш ҳам ёрдам беради

Бўйин ва бўйин атрофи соҳасига намлантирувчи ёки озиқлантирувчи кремдан суртиб, айланма ҳаракатлар билан пастдан юқорига томон уқалайсиз. Сезиларли натижага эришиш учун амалиётни ҳар куни ўтказиш талаб этилади. Бунда бўйиннинг фақат икки ён томонигина уқаланади. Чунки қалқонсимон безда шусиз ҳам қон яхши айланади. Уни рағбатлантириш шартмас. Имкон қадар бу безга тегмасликка ҳаракат қилинг.

Нафас машқи

Оғизни тўлдириб ҳаво йиғинг-да, уни ичга ютинг. Сездингизми? Бўйиннинг олд мушаклари дарров ҳаракатга келди. Маслаҳатимиз, бу машқни одатга айлантиринг. Яъни 21 кун кун давомида мунтазам бажариб турсангиз, кейин автоматик тарзда такрорлайверасиз.

Єандай ёстиқда ётасиз?

Баланд ёстиқда ётадиганлардан бўлсангиз, дарҳол бу ишни тарк этинг. Чунки бош олдинга эгилганда (баланд ёстиқда худди шундай бўлади) бўйинда қон айланиши ёмонлашади. Катта ёшли инсонларда бу инсульт хавфини орттиради. Чунки мияга қон етиб бориши қийинлашади. Бўйин ва тана бир текисда бўлганида эса бўйин орқали ўтувчи томирлар мияга қонни яхши ҳайдайди. Уйқу пайти қон айланиши секинлашганида эса мушаклар бўшашади. Натижа маълум, бақбақа ва ажинлар. Бунинг олдини олиш учун эса махсус ортопедик ёстиқлар ишлаб чиқарилган. Бироқ бундай ёстиқлардан бўйнида туз йиғилган ёки остеохондроздан азият чекувчи беморлар фойдаланмаганлари афзал. Уй шароитида эса гречиха ёрмаси қипиғини йиғиб, махсус ёстиқ тикишингиз мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашларича бундай ёстиқлар бошнинг шаклини айнан такрорлаб, ортиқча ноқулайлик туғдирмайди ва бўйиндаги ажинларнинг олдини олади.

Голливуд юлдузлари тавсия этади!

Ҳар тонг машҳур Голливуд актрисаси Мерил Стрип бўйин учун пресс машқини бажарар экан. Ва барча мухлисларига ушбу машқни синаб кўришни таклиф қилади. Демак, уйғонганингиздан кейин каравотга шундай ётингки, бўйин ва бошингиз ундан чиқиб турсин. Бунинг учун каравотингиз суянчиқсиз бўлиши керак. Ёки икки кишилик каравотнинг энига жойлашсангиз ҳам бўлади. Аввал 30 сония бўйинни тана билан бир маромда ушлаб турасиз. Кейин 15 марта бошни тепага-пастга ҳаракатлантирасиз. Муҳими мунтазам бажариш!

Теннис коптогингиз борми?

Теннис учун мўлжалланган коптокчани бўйинга қистириб, имкон қадар сиқишга ҳаракат қилинг. Кеийн аста бўшатасиз. Машқни 10 марта амалга ошириш тавсия этилади. Кун давомида бир неча бор такрорлаб юрсангиз бўлади.

А-а-а денг-чи

Бу машқ бўйиндаги ортиқча сантиметрлардан халос бўлишнинг энг самарали чораларидан бири саналади. Уни амалга ошириш учун ўзингизга қулай тарзда ўтириб олинг. Кейин оғизни катта очиб, тилни имкон қадар олдинга чўзиб «а-а-а-а» дейсиз. Ҳудди шифокор кўригидан ўтаётгандек. Ушбу ҳолатда 10 сония тургандан кейин мушакларга бироз дам берсангиз бўлади.

Компресс қиламиз

Аввал алоҳида идишларга иссиқ ва совуқ сув тайёрлаб оласиз. Иссиқ сувга мойчечак дамламасидан қўшсангиз янаям яхши. Сочиқни иссиқ сувга солиб, сувини яхшилаб сиқинг-да, 2-3 дақиқага бўйинга қўйинг. Иккинчи сочиқни совуқ сувга солиб, сувини яхшилаб сиқасиз-да биринчи сочиқнинг ўрнига ўрайсиз. Сочиқларни 6-8 марта алмаштирганингиздан кейин, совуқ компресс билан жараённи якунланг. Компрессни ҳафтада икки марта бажариб турсангиз, натижа тез орада кўзга ташланади.

МАФТУНА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

Мутолаа

15.12.2017, 10:50
15.12.2017, 10:35

СУҒДИЁНА