Ташкент +4° Tue 14:13
Долзарб мавзулар Фото

«МЎЪЖИЗА ЮЗ БЕРАДИ... ИШОНИНГ!»

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 09.12.2017, 20:07

— Сиз Қорбобони кўрганмисиз? Ҳақиқийсини? Мен кўрганман! Йўқ, сиз ўйлагандек, Қорбобонинг кийимини кийиб, қоп орқалаганини эмас! Барча истакларимизни амалга оширувчи, бизга бор меҳрини туҳфа қилувчисини! Қачон дейсизми? Бундан нақ йигирма йил аввал!

— Мансур, Қорбобо бўласан! Бўйинг узун сени, — деди ўқитувчимиз байрам олди йиғилишда. Ўшанда ўн биринчи синфда ўқирдик.

Бир синф болалар «Қорқиз-чи?» дея савол беришди. Мансур эса ҳаммани ҳайратга солиб, бирдан исмимни айтиб юборди. Синф раҳбаримиз қатъий жавоб берди:

— Севаранинг сочлари жуда калта! Менга сочи узун қиз керак! «Б» синфдаги Маликани Қорқиз қиламиз.

Юзларим қизариб кетди. Йўқ, уятдан эмас, аччиғим чиққанидан! Беихтиёр қўлларим билан калта сочларимни ушладим. Қаттиқ тортдим ҳам! Шунақа қилсам, мўъжиза юз бериб, улар узайиб қоладигандек! Аммо сочларим бир ой ичида узун бўлиб қолмади. Янги йил эса мени кутиб туролмасди...

Мактабда байрам кечаси ўтказилди. Мансур Қорбобо, овозини дўриллатиб, «Болажонларим, узоқ ўлкалардан сизларга совға олиб келаяпман», дея, ҳассасини ерга уриб гапираяпти. Малика... ўша сочи узун Малика келинчакларнинг оқ либосини кийиб (умуман Қорқизга ўхшамасди), тиржайибгина турибди. Бирам ялтироқ, бирам хурсанд... Мен, сочи калта Севара, олд қаторда қовоғимни солиб, байрамгамас, математика фанидан имтиҳон топширишга келган ўқувчидек ўтирибман. Исмимни айтиб, совға беришганида ҳам, мактаб деректори фахрий ёрлиқ билан қутлаганида ҳам, чеҳрам ёришмади. Синфдошлар Қорбобо, Қорқиз билан тушган суратимизни кўриб, доим устимдан кулишади. Чунки ҳамма кадрга қараган бўлса, мен залнинг шифтига тикилиб, юзимни буриб қолганман-да...

Ҳа, ана шунақаман мен! Қизғанчиқ қиз эдим! Нима қилай, яхши кўрган инсонларимни қизғанмасдан тура олмайман. Ҳеч ким билан меҳрни, эътиборни бўлиша олмайман!

Байрамдан сўнг бир ойча Мансур билан умуман гаплашмаганман. Токи математика фанидан ёзма иш бўлгунча. Уни мактабда ҳамма «Бизнинг ал-Хоразмий», деб мақтар, мен эса маҳраж билан суратни адаштирар, интеграл билан функциянинг фарқига кўпам боравермасдим. Дарсда партамнинг остига китобимни қўйганча, бирор асарни мутолаа қилиб ўтирардим. Ўқитувчимиз эса буни биларди-да, «Ёзма ишларда «Кичкина шаҳзода»нгиз мисолларингизни ишлаб берар», деб киноя билан дакки берарди. Аммо менинг ҳеч шу фанга қизиқишим уйғонмади. Бироқ паст баҳо олишни ҳам истамасдим. Шунинг учун барча араз-гинани унутиб, ўхшамаган Қорқизни бир муддат эсдан чиқариб, ёзма ишни кўчирдим. Ўқитувчимиз айтгандек, шаҳзодам ёрдам берди менга.

Мансур акам билан (оила қурганимиздан сўнг то сизлаб гапиргунча роса қийналганман) бу воқеадан олти йил ўтиб, Янги йилни бирга кутиб олдик. Бир хонадонда, бир оила, бир жуфт бўлиб... Ҳеч қандай Қорқизларсиз! Худога шукр, ўн тўрт йилдан буён бахтдан яйраб, фақат ўзимники бўлган, мен учун яратилган Қорбобом билан Янги йилни нишонлаймиз. Энди бизнинг Қорбобонинг борлигига ишонувчи, совуқ кунлар бошланиши билан уни кутгувчи ўғил-қизларимиз ҳам бор.

Ўғлим... Қизим... Ана шу сўзлар дилимдан тилимга кўчганида, еттинчи осмонларга учиб кетгандек бўламан. Ҳаммасини унутаман. Ўн йил тирноққа зор бўлганим, неча марта ҳайдалиш куйини чалганим, ҳар ой умидларим пуч бўлганида хонага қамалганча йиғлаганларим... Барини...

Авваллари қайнота-қайнонам даврасида байрамни кутиб олганимизда «Шу йил бахт олиб келсин, фарзанд олиб келсин сизларга» дея қилингувчи дуоларни жон қулоғим билан эшитардим. Кейин алоҳида яшай бошлаганимизда, соат миллари тунги ўн иккига бонг урганда, эрим иккаламиз бир-биримизга қутлаб, тилаклар тилардик. Аммо бир дақиқадан сўнг кўзларим ёшга тўлиб кетарди. Яна бир йил ўтди-я... Ўтган йилни «Шу йил насиб қилса, фарзандли бўламиз!» деган орзулар билан кутиб олгандик-ку, деб йиғлайман. Кун бўйи Қорбобо кийимини кийиб, барча яқинларимизнинг болаларини хурсанд қилган шаҳзодам эса мени овута олмайди. «Севар, Севар, қўй, йиғлаб кутиб олма йилни», дейди холос.

Ажрашиш хаёлига ҳам борганман. Қизғанчиқлигим, худбинлигим билан жондан суйган инсонимнинг умрини ўтказаяпман деб, ҳатто уч ой ота уйимда ҳам яшагандим бир гал. Қайнонамнинг «Мени ҳам тушунинг, қизим. Ажратиш ниятим йўқ сизларни. Аммо бунақа ўтиб кетмайсизлар-ку», деган сўзлари қароримга туртки берганди.

Яшаш... Мансур акамсиз яшаш?! У қанақа бўлади? Буни хаёлимга сиғдира олмасдим. Аммо яшашга қарор қилдим. Кетдим. Уйга олиб кетиш учун келган эримнинг кўксидан итардим. Ҳатто ажрашишга ариза ёздим. Ўшанда ҳам Янги йил арафаси эди. «Янги йилгача чидасам бас, байрамни ўзим кутиб олсам, кейин ҳаммаси ўтиб кетади», дердим ўзимга-ўзим. Аммо ўттиз биринчи декабрь куни тонг саҳарда уйимизга турмуш ўртоғим кириб келди. Қўлида қанақадир ҳужжатлар. Кўриб, ҳаммасини тушунгандек бўлдим. Демак, у ҳам қарор қилибди. Аммо нега айнан бугун ҳаммасини ҳал қилмоқчи? Нима бўлганда ҳам, байрам-ку! Ҳамма муаммолар эски йилда қолсин дея, янги ҳаёт бошламоқчидир-да, деб ўйладим. Бироқ, адашган эканман.

— Севара, кетдик уйга. Қара, бола асраб олиш учун ҳужжатлар йиғиб бошладим. Энди сеникиларни ҳам тўғирласак, бирга топширамиз. Кейинги йил келгунча боламиз бўлади!

У бу сўзларни мактабда Қорбобо бўлганида «Қопим тўла совға, истаганингизни муҳайё қиламан», дегандек ишонч билан айтди, мен ҳам боладек ишондим. Қайнотам ва қайнонамнинг ҳам бунга розилигини билгач, уйга кетдим. Яна кун давомида машинамизда барча қариндош-уруғларимизникига саёҳат қилдик. Болаларни Қорбобо-Қорқиз бўлиб қутладик. Янги йилни доимгиданда катта умид билан кутиб олдик. Ва баҳорга чиқиб, Умидли бўлдик. Мана, ўғилчамиз, олтига кириб қолди. Ўтган йили байрамни эса тўрт киши бўлиб қаршиладик. Севинчимиз билан. «Қизим бўлса, узун сочларини ўриб ўтирсам», дея истардим, шукр, ниятимга етдим.

Бу йил байрамга катта тайёргарлик кўраяпмиз. Арчани қишнинг биринчи кунидаёқ ясатдик. Ўғлим дадасининг суратларини кўриб, «Мен ҳам Қорбобо бўламан», деяпти. Қизимни эса Қорқиздек ясатмоқчиман.

Ҳа, айтганча, биз Янги йилда Янги меҳмон кутаяпмиз. Фақат кимлигини ҳозирча Қорбобомдан ҳам сир тутаяпман. Соат миллари кечки ўн иккига бонг урганда, Янги йилга қадам қўйганимизда, бу хушхабарни айтаман...

Сиз Қорбобо борлигига ишонасизми? Мўъжизалар юз беришига-чи? Ишонинг! Ахир ҳар бир инсон орзу билан яшайди. Уларнинг ушалишига ишонинг. Ана шу ишончигина бизни мўъжизалар сари етаклайди. Янги йил эса орзуларимизнинг дебочаси холос! Ҳар кунингиз мўъжиларга, яхшиликларга бой бўлсин!

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА ёзиб олди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии