Ташкент +4° Fri 01:05
Долзарб мавзулар Фото

НОС ЧЕКИШНИНГ АСОРАТИ – САРАТОН

Бўлимлар: САЛОМАТЛИК
Теглар:
Добавлено: 21.12.2017, 18:29

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра ҳар йили дунё бўйича 5 миллионга яқин киши тамаки чекиш асоратида келиб чиққан касалликлар туфайли вафот этади. Тамаки деганда фақат сигарет турларини тасаввур қилиш нотўғри. Зеро таркибида тамаки моддалари бўлган воситалар, масалан, нос ҳам психотроп таъсирга эга эканлиги билан қайд этилади. Эҳтимол, нос ҳақида сўз бориши сиз учун эриш туюлаётгандир. Аммо нос чекувчилар орасида нафақат катта ёшли эркаклар балки ёшларнинг ҳам борлиги, мавзунинг нақадар долзарб эканлигидан даракдир. Бунинг устига аср вабоси номини олган саратоннинг оғиз бўшлиғи ва тилда учрайдиган турлари ҳам айнан нос чекиш асоратида келиб чиқиши айни ҳақиқат. Ушбу психотроп воситанинг руҳият ва ақлий салоҳиятга таъсири ҳақида ҳам унутмаслик керак. Вазият шу қадар қалтис экан, демак зарарли одатдан дарҳол воз кечиш лозим! Бироқ қандай қилиб? Жисмоний ва руҳий қарамликни енгиш осон бўлмаса керак? Бу ҳақида шифокор нарколог Гулойим ЖУМАШЕВА маълумот беради.

Таркиби қандай бўлади?

Суриштирувимизга кўра, нос тайёрланишида турли усуллардан фойдаланилади. Маҳсулотнинг асосини нос тамакиси ташкил этсада, оғиз шиллиқ қаватида яхшироқ сўрилиши учун кул, сўндирилган оҳак, ўсимлик ёғлари, турли хил таъм берувчи қўшимчалар, товуқ тезаги ва туя гўнги аралаштирилиши мумкин. Ботқоқ рангини эслатувчи тўқ яшил тусдаги нос юмалоқ шаклда, ингичка чўпча ёки кукун кўринишида савдога чиқарилади.

Таъсири нимада?

Тамаки чекаётган кишини узоқдан пайқай оласиз. Ҳеч бўлмаганда уст-бошига ўрнашиб қолган тамаки тутунининг ҳиди қаршингизда кашанда турганидан дарак беради. Бироқ нос бундай сифатлардан холи. Ўткир ҳидга эга бўлса-да, уни фақат нос чекувчигина била олади. Профессионал носчилар учун эса оғиздаги массани яшириш чўт эмас. Тил ости, лаб лунжи ёки оғизнинг бир тарафига жойланган нос таркибидаги никотин моддаси ишга киришгач, 5-7 дақиқалик лаззатланиш онлари бошланади. Аввалига тана енгил бўшашади, сўнг бош айланиши, кўнгил беҳузур бўлиши, қайт қилиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Айниқса, биринчи марта нос чекиб кўрганларнинг афт-ангори одатдагидан сезиларли даражада фарқ қилади. Баъзилар нос таркибидаги енгллаштирувчи моддалар ҳисобидан танадаги оғриққа ечим излашади. Билишмайдики, шу тариқа организмда носга нисбатан мойиллик пайдо бўлади.

2-3 мартадан кейин...

Нос чекилганида никотин моддасининг оғиз шиллиқ қавати орқали қонга сингиши юз беради. Қисқа фурсатли енгилликдан лаззатланган организм кейин ҳам шу ҳолатни хумор қилади. Оз-оздан бошланган қизиқиш қарабсизки, одат тусига айланади. Кашандаликка ружу қўяётган киши ўз–ўзидан жиззаки, асабий бўлиб қолади, сал нарсага тутоқиб кетади, танадаги оғирликдан қийналади. Муаммонинг чораси эса нос... Хўш, нега шундай бўлади? Агар буни чиндан ҳам организмга боғлиқ жараён деб ўйласангиз адашасиз, барчаси психотроп моддаларнинг мияга таъсир кўрсатиши натижасидир. Психотроп моддалар мияни заҳарлаб, турли безовталикларнинг келиб чиқишига замин яратади. Онг остида пайдо бўлган носга мойиллик эса гўёки барча азоб-уқубатнинг чорасидек туюла бошлайди. Бу нос чекишга бўлган мойилликнинг зўрайиб бориши ва тамакига қарамликнинг бошланишидир.

Соғлиқ керакми ёки...

Мунтазам нос чекиш авваламбор бутун организмни заҳарлайди. Сўнг ички аъзолар фаолиятига доир бузилишлар келиб чиқади. Хусусан:

  • Никотин қон томирларининг торайишини келтириб чиқаради. Бу эса ички аъзоларнинг кислород билан тўйинишига тўсқинлик қилиши мумкин. Айнан шу туфайли инсульт ва бошқа юрак касалликлари юзага келади;
  • Оғиз бўшлиғи, тил ости ва ҳалқум саратонининг келиб чиқиш эҳтимоли ортади;
  • Кариес, пародонтоз пайдо бўлади;
  • Тозаланмаган нос тамакиси инфекция ташувчи ҳисобланади. Бу эса қонга инфекция тушишига етаклаши мумкин;
  • Ошқозон касалликлари, гастрит, меъда ярасига сабаб бўлади;
  • Узоқ муддат қабул қилинганида паришонхотирлик келиб чиқади. Руҳий ўзгаришлар, шахс иккиланиши каби жараёнлар кузатилади;
  • Нос чекиш жинсий қувватнинг пасайиши, насл қолдириш хусусиятинининг йўқолишига олиб келиши мумкин;
  • Таркибидаги токсик моддалар жигар ва буйракни ишдан чиқаради.

Қарамликдан қутулиш мумкин!

Нос чекишни ташлаш худди тамакидан халос бўлиш сингари алоҳида ёндашувни талаб қилади. Бу ишни мустақил бажариш ҳам мумкин, аммо ҳамиша ҳам кутилган натижага эришилавермайди. Яхшиси, мутахассис кўмагидан фойдаланган маъқул. Қолаверса, бугунга келиб, нос тамакиси қарамлигига қарши турли усуллар қўлланилаяпти. Муолажани бошлашдан аввал мутахассис бемор билан суҳбатлашиб, соғлигидаги безовталиклар, руҳияти билан танишади. Борди-ю бемор ҳам жисмонан, ҳам руҳан нос чекишдан шикастланган бўлса, даво чоралари психологик усуллар ва зарур дори препаратлари ёрдамида олиб борилади.

Организм никотин таъсиридан тозалангач, витамин терапияси, психотерапияга мурожаат этилади.

Қарамликнинг ўта оғир даражаларида гипноз (онг остига таъсир кўрсатиш) ва кодлаш усуллари ўтказилади. Бир марталик муолажа кор қиладими деган савол табиийки қизиқтираётган бўлса керак. Зарур ҳолларда юқоридаги усуллар такроран амалга оширилиши ҳам мумкин.

Даволаш жараёнида нос чекиш асоратида келиб чиққан касалликларга ҳам эътибор қаратилади. Мисол учун, юрак хасталиклари ёки меъда фаолиятидаги ўзгаришлар ҳам ўз навбатида муолажа қилинади.

Нос чекишга қарши курашишнинг илк кунларида бемор уйқусизлик, иштаҳасизлик, қон босимининг сакраши, кайфият ўзгарувчанлигидан азобланиши мумкин. Бу ҳолат бир неча ҳафта давом этиши ҳам ҳеч гап эмас. Айни шу паллада беморга ҳар қачонгидан ҳам эътиборлироқ бўлиб, имкон қадар унга далда беришга ва ҳаётга бўлган иштиёқини оширишга ҳаракат қилиш лозим.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.

Манба: «Sug’diyona» газетаси

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии