42

ХАЙР, 2017! САЛОМ, ЯНГИ ЙИЛ!

СУҒДИЁНА 29.12.2017, 11:50
1887
ХАЙР, 2017! САЛОМ, ЯНГИ ЙИЛ!

Мана, яна бир йил ўз якунига етаяпти. Бир томонда байрамга тайёргарликни бошлаб юборгансиз, совға, пишир-куйдир, уйни тартибга солиш... Бир томонда эса ўтган йилга назар соласиз, сарҳисоб қиласиз: нималарга эришдим, қайси орзуларим орзулигича қолди? Байрамона кайфиятга югур-югурлар ва ўтган йилнинг ҳисоби ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Шу сабаб бугун эътиборингизга руҳшунос Шаҳноза Халилованинг махсус тавсияларини ҳавола қилмоқдамиз. Токи ўтган йилни миннатдорчилик билан кузатиб, Янги йилни яхши кайфиятда кутиб олайлик.

«Янги йилда ҳаммаси ўзгаради

Жумла жуда таниш туюлдими? Сиз ҳам шу кунларда бу сўзни тез-тез такрорлаяпсиз чоғи. Хижолат тортманг, бу одамзотга хос одат. Биз, негадир, ҳамма яхшиликларни, бахтли дамларни эртадан кутамиз! Меҳнатнинг таги роҳат дея бугун жон койитиб тер тўкамиз, сабр қиламиз. Аммо бугунни қўлдан бой бераётганимиз ҳақида ўйламаймиз. Гўё ҳозирча ҳаётимизнинг қоралама саҳифасини ёзаяпмиз, обдон яшашнинг машқини олгач, уни оққа кўчирамиз. Аммо бу кетишда кун келиб, ҳаётимизга назар солганимизда фақат ғижимлаб четга улоқтирилган қораламаларни кўришимиз тайин...

Бугун яшашни ўрганинг! Сиз бахтни ҳис қилишингиз, ҳаётингизга янгилик киритишингиз, ҳаммасини ўзгартиришингиз, роҳатланишингиз учун Янги йилни кутиш шартмас. Нафақат эртага қолган ишга қор ёғади, орзуларни ҳам қор босади. Қарабсизки, кейинги 2018 йил арафасида яна бир қучоқ пуч ёнғоқ билан ўтирибсиз.

Албатта, эртадан умид қилиб яшаш яхши! Орзуга берилманг демаймиз, бугунги кунингиз учун ҳам шукр қилинг, бугунингиздан ҳам завқ олинг. Іеч қачон маълум бир кун билан чегараланманг.

«Яна бир йил ўтди...»

«Янги йил байрами яхши-ю, аммо яна бир йилнинг ўтиб кетганини туйиш, 7 рақамининг 8 га айланганини тан олиш, бироз оғриқли-да». Афсуски, шундай ўйлаб дили хуфтон бўладиганлар ҳам топилади. Янги йилнинг келиши яхшими ё ёмон? Буни белгилаш ўзимизнинг унга бўлган муносабатимизга боғлиқ.

А. «Янги йил бу ҳаётнинг менга яна бир туҳфаси, имкони, умримнинг яна бир йили!»

Б. «Бир йил умрим ўтиб кетди... Яна бир ёшга қаридим…»

Танлаш имкони ўзингизда. «А» вариатни танласангиз, ишонаверинг, янги келаётган йил омадли бўлади ва кутганларингизга эришасиз. Агар иккинчи кайфиятга асир бўлсангиз, нима ҳам дердик, биздан ўпкаламанг.

Кечиринг...

Ўтган йилдан кўнглингиз тўлмадими? Энди ўзингизни койигандан наф йўқ. Яхшиси, мана бу машқни бажаринг.

Кўзгуга қараймиз. Кўзларимизга тик боқиб, табассум қилгунча, худди севимли болажонимизни овутгандек гапирамиз. Чунки ҳар биримизнинг ичимизда бир болакай яшайди.

«Мен сендан миннатдорман! Бу йил қанча ҳаракатлар қилдинг, кўзлаганларингизнинг ҳаммасига бўлмаса-да, айримларига эришдинг! Мен сени қайсидир ишларни қилганинг учун эмас, борлигинг учун яхши кўраман!»

Тинчлик учун…

Байрам куни баъзида дилни хира қиладиган нохушликлар ҳам бўлиб туради. Болалар инжиқлиги, қайнонанинг шунча харажат шартмиди, деган қовоғи, улфатларидан ортмайдиган эр… Аслида, барини сизнинг кайфиятингиз бошқаради. Улар эътибор талаб қилиб ҳам томоша кўрсатишади-да. Шунинг учун барча куч-эътиборни тайёргарлик жараёнига сарфламасдан, яқинларингизга табассум-ла қарашга ўзингизда куч топинг. Бунинг учун ҳаммани жараёнга жалб этинг ва тайёргарликни тўғри ташкиллаштиринг. Кейин унутманг, байрам бир кунмас, бир неча кун давом этади. Шундай экан, бир дастурхонга олти хил таом, ўн хил салатни бир кунда тортиш шартмас!

Итальянча одатга нима дейсиз?

Итальянлар Янги йил байрамини қандай кутишини биласиз-а? Улар ҳамма эски-тускиларни кўчага улоқтиришади. Мана шу ерда психологиянинг ажойиб сири яширин. Эски ташвишлар, ғамлар, ўкинчларни юк қилиб янги йилга олиб ўтишни исташмайди-да улар! Биз — ўзбеклар ҳар байрам олди уйни бошдан-оёқ тартибга соламиз. Саришталигимизга гап йўқ. Лекин аёлларга хос бир одат ҳам бор-да, аллақачон хизмат вазифасини ўтаб бўлган, энди ҳеч нарсага ярамайдиган ёки тузатиб бўлмайдиган буюмлару майда-чуйдаларни ҳам асраб қўйишади. «Уйнинг бир четида турибди-да, кимга оғирлиги тушаяпти», дейишади. Йўқ, улардан ҳам воз кечинг! Шунда ўрнини янгиси билан тўлдира оласиз. Гўёки улар билан бирга сизни ташвишга солаётган ўй-хаёллар, муносабатлар, муаммолар ҳам кўнглингизни тарк этади.

Янги 2018йил омадли ва бахтли лаҳзаларга бой келсин! Барча орзуларингиз ушалишишига ишонамиз!

Шоира ВАФОЕВА

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+21° ясно
Курсы валют
9448.53
USD -6.71
10553.06
EUR 114.48
147.70
RUB 0.45
rightuz