Му5
46

«КЕЛИН ҲАМ ОДАМ» ЁХУД ЧЕГАРАДАН ЧИҚИШЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙМАЙЛИК

СУҒДИЁНА 04.01.2018, 10:45
5286
«КЕЛИН ҲАМ ОДАМ» ЁХУД  ЧЕГАРАДАН ЧИҚИШЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙМАЙЛИК

Никоҳ фақат йигит ва қиз ўртасида эмас, қариндошлар аро ҳам ришталарнинг боғланишидир. Келин янги оиласидаги барчанинг кўнглини олиши, улар билан уйғун муносабатлар ўрнатиши керак. Афсуски, келинга нисбатан ҳаддан ошишлар, унга чўридек муомала қилишлар ҳам учраб туради. Бу масалага жиддий қараш, уни умуммиллий муаммо сифатида муҳокама қилиш керак, зеро, оилаларимизнинг мустаҳкамлиги шунга боғлиқ. Бугун эрининг қариндошлари томонидан зуғум ва босимлар остида қолган келинлар дардини тинглаймиз.


«
Хизматини қилиб туҳматга қолдим...»

Қайнсинглимни деб ажрашиш остонасида турибмиз. Эримнинг бир опаси ва бир синглиси бор. Қайинэгачим турмушга чиқиб кетган, феъли жуда яхши, менга сира зиёни тегмайди. Аммо қайинсинглим ҳаётдан тўйдириб юборди. Жуда инжиқ, тантиқ қиз. Келинлигимнинг илк кунлариёқ кўйлакларимни кийиб кўриб, менга шуниси ёқди, дея индамай иккитасини олиб чиқиб кетганида лол қолгандим. Аммо бу ҳали ҳолва экан. Тобора унинг зуғумлари ортиб бораверди: эрталаб ухлаб қолса ҳам мен айбдор, йигити билан уришса ҳам аламини мендан олади, акаси тергаса ҳам менга жаҳл қилган. Уйда ҳамма иш менинг зиммамда, ҳатто ич кийимларини ҳам ўзим қўлда ювиб (қимматбаҳо, кир машинада ювманг, дейди), дазмоллаб бераман. Қайнонам доим қизи томон. Неча марта эрим шу синглисининг гапи билан мени дўппослаган. Охирги жанжал телефондан чиқди: ота-онам туғилган кунимга янги телефон совға қилишганди. Шуни менга берасиз, деб туриб олди. Мен бу совға, бера олмайман, яхшиси, бола пулларини йиғиб сизга янгисини олиб бераман десам, жаҳл қилди. Эртасига келинойим синфдош йигити билан гаплашаяпти, деган ёлғон тўқиб акасига чақди. Шу билан қилмаган ишим учун калтак едим. Хўрлигим келиб кетди: эндигина 18 га чиққан қиз ҳаётимни остин-устин қилиб юборди-ю, на эрим, на оиланинг катталари миқ этишмаяпти. Менга ишонмагани учун турмуш ўртоғимдан, адолат қилишмагани учун қайнона-қайнотамдан хафа бўлдим ва биринчи марта уйимга кетиб қолдим. Энди у хонадонга боришга юрагим безиллаяпти.

Чарос, 27 ёш

— Келин оиланинг супургисини ҳам сизлаши керак, деган гап бор. Яъни оила аъзоларининг ҳар бирининг, ҳатто у ёш бола бўлса ҳам, ҳурматини жойига қўйиб, хизматини сўз демай бажариши шарт, деган ақида мавжуд. Тўғри, эр ва унинг ота-онаси олдида хизмат қилиш келинлик бурчидир. Оиланинг кичик аъзолари эса келинга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим. Келинга ҳурмат унинг эрига, яъни шу оиланинг ўғлига нисбатан ҳам ҳурматдир. Хотинига нисбатан бундай муносабатни эр талаб қилиш керак, бу билан у баъзилар айтгандек «хотин қули» бўлиб қолмайди, балки оиласининг тинчини таъминлаган, хонадонда адолат мезонинг тошини тенглаб қўйган ҳисобланади. Энди қайинсингилга келсак, ҳозирча қайинсингил сизнинг муаммоингиз, яъни турмушга чиқиб кетгунча. Оилалик бўлгач, бу феъли билан у, аввало, ота-онасига катта бошоғриқ бўлади. Буни оиланинг катталарига тушунтирадиган одам керак, балки ота-онангиз, балки маҳалла хотин-қизлар қўмитаси аралашиб ҳал этишар. Бўй етган қизнинг ҳулқи маҳаллада муҳокама қилиниши қайнонангиз учун фойдали ечим эмас, қизининг тизгинини тортиб қўяди. Фақат ишни босиқлик билан, жанжалларсиз ҳал қилинг. Оила — сизнинг бахтингиз, уни ҳимоя қилинг, ақл ва тадбир билан, албатта. Бир ёш қизчанинг инжиқликларига оилавий бахтингиз, фарзандингиз келажагини қурбон қилманг.


«
Қайним қўл кўтарди...»

Турмушга чиқаётганимда оилада қайнонамдан бошқа аёл йўқлиги қувонтирганди, чунки қайнэгачию қайнсингиллар ҳақида турли ваҳимали гапларни эшитиб қўрқиб қолгандим. Лекин муаммо қиламан деса, эркак киши ҳам қилавераркан. 21 яшар қайним ҳаётимни заҳарлаяпти. Ишсизлиги учун аламзадами ё феъли ўзи шундоқмибилмайман, аммо мени турли талаблари билан эзиб ташлади. Кун бўйи қадамимни пойлайди, кир ювсам чала ювибсиз деб қайта ювдиради, овқатим ҳам ёқмайди. Бир марта чой қуйиб берганимда хўплаб оғзини куйдириб олди ва нега қайноқ демадингиз, деб пиёлани дстурхонга улоқтириб юборди. Бошида бу қилиқларини ҳеч кимга айтмадим, аммо охири эримга ёрилдим. У укамнинг феъли шундоқ, сабр қил деди, укасига бир сўз айтмади. Кеча эса «Туфлимни тозалаб қўймабсиз, қандоқ шалтоқ хотинсиз», деб елкамдан бир туртиб юборди. Бошим деворга урилди. Мен кап-катта одам, уйимда ота-онам бир чертмай катта қилишган, эримдан калтак есам ҳам шунчалик хўрланмасдим. Лекин шунчаки келинлигим учун ҳурмат қилишим керак бўлган бир боладан бундай хўрликлар бошимга келаётгани алам қилади. Нима қилишга ҳайронман.

Умида, 26 ёш

— Сизга қайнингиз нега бундай қилвяпти, балки ўзингиз ниманидир бошидан нотўғри қилгандирсиз демаймиз, гарчи шундай эҳтимол бўлса ҳам. Чунки бўлаётган иш оилавий зўравонликка киради. Бу эркаклар билан ҳал қилинадиган муаммо. Албатта, қайнингиз уйланса, вазият ўзгариши мумкин, яъни ё у хотинига кўчиради инжиқликларини, ё хотини қатори сизни ҳам ҳурмат қилиб, тушуна бошлайди. Лекин унгача чидаб туринг, дея олмаймиз. Чунки вояга етган эркак кишининг аёлга қўл кўтариши, айниқса, у келинойиси бўлса, нормал ҳолат эмас. Эрингизга тушунтиринг: «Мен ҳимоячи сифатида сиздан ёрдам сўраяпман, чунки у укангиз бўлса-да, эркак, мен эса ожизаман», денг. Агар чора кўрмаса, бошқа эркаклар (дадангиз, ака-укаларингиз)дан ёрдам сўрашга мажбур бўлишингизни айтинг. Муаммо жиддийлигини ва янада катталашиб кетишини англаган турмуш ўртоғингиз бирор чора кўради, албатта. Чунки эркаклар ўз оилаларидаги можароларнинг бошқа эркаклар аралашуви билан ҳал этилишини исташмайди. Нима бўлганда ҳам, бунга чидаманг, жаҳлини тизгинлай олмаётган зўравон қайнингизга, албатта, чора кўриш керак.



«Ҳамма менга қарши бирлашган»

Эрим қўли югурик, кўп уради. Бир марта мия чайқалиши билан шифохонага ҳам тушдим. Онам кейинуйга олиб кетди, у хонадонга бормайсан, менга сенинг жонинг керак, болаларингга соғлом кераксан, деди. Шифохонада эрим устидан шикоят ёзгандим, аммо кейин қайтариб олдим. Чунки келиб, узр сўраб, ялиниб олиб кетди. Уйда тилла билагузуклар совға қилди, энди бошимга кўтариб юраман деди... Хуллас, турмуш ўртоғимга ақл кирибди, энди ҳаётим тинч ўтади, деган умид пайдо бўла бошлаганди. Аммо ундай эмас экан. Энди эрим урмас, ҳамма ишни қайнонам ва қайнэгачиларим қилишарди. Мен келин бўлиб тушмасимдан аввал ҳам бу оиладагилар ўзаро зиддиятларни мушт билан ҳал қилиб келишган. Энди бирданига ҳамма менга қарши бирлашди: мени уч қайнэгачим бир бўлиб уришди. Яна шифохонадаман, елка суягим мажақланган, жарроҳлик амалиёти қилиш керак. Олти ойлик чақалоғимни кўкракдан ажратишга мажбурман, чунки қабул қилаётган дори-дармонларим унга ёмон таъсир қилиши мумкин. Эрим болага бир қути каша ҳам олиб келмади. Нега бунчалик хўрланаяпман? Боламнинг айби нимада?

Комила, 24 ёш

— Оилада эркак томонидан аёлга зўравонлик — катта муаммо. Лекин бало фақат шунда эмас. Юқоридагидек зўравонлик бошқа оила аъзолари томонидан кўпчилик бўлиб амалга оширилса, бу аёлнинг жонига жабр. Ахир у она-ку, шу оиланинг наслини давом эттирувчиси! Унинг саломатлиги шу оиланинг манфаати эмасми? Наҳотки, оиладагилар шуни фаҳмлашмаса? Мушт билан муаммоларни ҳал қилиш, очиғини айтганда, ривожланишнинг қайсидир босқичида қолиб кетган инсонларнинг иши. Ақл-идроки бор одам тадбирни, забонни ишга солмайдими? Бировнинг боласига жабр етказиб, кейин Яратгандан бўладиган жазони наҳотки ўйлашмаса? Албатта, ҳозирги келинлар ҳам ўзига яраша, балки тили ўткирдир, балки ишга уқуви йўқдир, ё бошқа айблари бордир. Лекин ёши катта, кўпни кўрган аёлнинг ишни шу йўл билан ҳал этиши, бу — катта муаммо. Бундай оилада фарзанд тарбиялаш қийин. Кейин ҳайрон бўламиз, муштумзўрлар ёки журъатсиз, қўрқоқлар қаердан пайдо бўлаяпти, деб. Бу оиланинг муаммосини маҳалла нозири, фаоллар ҳамда хотин-қизлар қўмитаси билан ҳал этиш керак. Чунки муаммо биргина эрнинг эмас, бутун оила аъзоларининг феълида, одатларида илдиз отиб кетибди. Келинга эса иложи борича тилни ширин қилишни, зиддиятларга аралашмасликнимаслаҳат берамиз.


Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+10° дымка
Валюта курси
rightuz