Ташкент +18° Mon 00:18
Долзарб мавзулар Фото

Биринчи Президент Ислом Каримов фаолияти солномаси чоп этилди

Бўлимлар: ЖАМИЯТ
Теглар:
Добавлено: 11.01.2018, 09:45

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда эълон қилинган «Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» танлови доирасида «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйида «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (Солнома)» чоп этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

«Мазкур нашр Ислом Каримовнинг Ўзбекистон раҳбари сифатидаги йигирма етти йиллик фаолият хроникасини ўзида мужассам этган. Солномани варақлар экансиз, Биринчи Президентимиз мамлакатимизнинг мураккаб ва таҳликали даврида ҳам, шонли зафарларга бой пайтида ҳам халқ билан бирга бўлгани, халқнинг дарду ташвиши, қувончу шодлиги, орзу-истакларини худди ўзиникидек қабул қилгани, «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» деган эзгу ғояларига содиқ қолгани, шу юрт, шу эл учун ўзи айтмоқчи «ёниб яшаш керак»лигини амалда исботлаганига гувоҳ бўласиз», — дейилади хабарда.

Китобдан айрим парчалар келтириб ўтилган:

«1989 йил 25 июнь. Ислом Каримов Фарғона вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол билан танишиш мақсадида ушбу вилоятда бўлди. Ўзбекистон раҳбари вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларига бориб, юзага келган нотинч вазият туфайли жабр кўрган одамлар билан суҳбатлашди, аҳволни барқарорлаштириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича маҳаллий раҳбарларга аниқ кўрсатмалар берди.»

«1990 йил 20 июнь. Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи сессиясида Мустақиллик декларацияси қабул қилинди. Декларацияда ҳуқуқий ва демократик давлат мустақиллигининг устуворлиги, Ўзбекистоннинг иттифоқдош республикалар ва бошқа давлатлар билан муносабатлари шартномалар асосида белгиланиши ва давлат белгилари (герб, байроқ, мадҳия)ни ўзи таъсис этиши қайд этилди.»

«1991 йил 31 август. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида маъруза қилди. Ушбу сессияда мамлакатимиз ҳаётида буюк тарихий воқеа содир бўлди. Юртбошимиз бутун дунёга Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилди. 1 сентябрь – Мустақиллик куни умумхалқ байрами этиб белгиланди».

Танловга мамлакат ва хориж оммавий ахборот воситаларида чоп этилган, интернет нашрларида эълон қилинган кўплаб материаллар, илмий-оммабоп мақолалар, Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоб ва рисолалар келиб тушган. Нуфузли ҳайъат аъзолари томонидан уларнинг энг яхшилари сараланиб, 2018 йилнинг I чорагида танлов ғолибларининг номлари эълон қилинади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии