Ташкент +36° Mon 10:51
Долзарб мавзулар Фото

Яна грипп, тумов, ангина... синалган 28 тавсия

Бўлимлар: САЛОМАТЛИК
Теглар:
Добавлено: 11.01.2018, 13:41

Қиш мавсумида каттаю кичикни бирдек ташвишга соладиган гриппга чап бериш жуда осон. Бор-йўғи соғлигингизга эътиборли бўлсангиз бас. Хонани ҳар куни шамоллатиб, тозаликка риоя этиш, хасталик вирусларини «қирувчи» таъсирга эга. Шунингдек, мева ва сабзавотлар, шифобахш гиёҳлардан тўғри фойдаланилса ҳам грипп асоратлари келиб чиқмайди. Мавзу юзасидан Наманган шаҳар халқ табобати маркази табиби, шифокор-терапевт Абдуҳалил БАННАЕВ маълумот беради.

БЕЛГИЛАРИНИ АДАШТИРМАНГ

Шамоллаш тумов, томоқдаги нохуш оғриқдан бошланади. Тана ҳарорати камдан-кам ҳолларда кўтарилиши мумкин. Аммо грипп белгилари ундай эмас. Бирданига иситмангиз чиқиб, ютинганингизда оғриқ кузатилиши, танада титроқ, бош оғриғи, бўғим ва мушакларда безовталик пайдо бўлади. Қуруқ йўтал қийнайди. Кичкинтойлар грипп таъсирида бўшашиб, эмишдан бош тортади.

ФАРЗАНДИНГИЗНИНГ СОҒЛИГИДА ЎЗГАРИШ БОРМИ?

Агар дилбандингизда холсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, қуруқ йўтал, тумов каби аломатларни сезсангиз, тезгина муолажани бошланг. Шифокор маслаҳатига кўра даволаш чораларини йўлга қўйгач, қуйидаги ҳолатларга диққат қаратинг:

1. Касаллик вируси бошқаларга ҳам юқмаслиги учун 4-5 кун давомида юзга ниқоб тақиш, боланинг идишларини алоҳида қилиш зарур;

2. Боланинг юз-қўлини тез-тез совунлаб ювиб туринг;

3. Кичкинтой ётган хонани шамоллатиб, полини 5 фоизли хлорли сув эритмасида ҳар куни артиш лозим;

4. Болакайга тилни ташқарига чиқариб, тез-тез нафас олишни ўргатинг. Бу оддийгина машқ томоқ оғриғини тез кетказади;

5. «Пассив ингаляция» – тўғралган саримсоқпиёзни ликопчаларга солиб хонага қўйиб чиқиш, истеъмол содасини қайнаб турган сувга аралаштириб, идишларга солиб қўйиш каби усуллар боланинг нафас йўлларини очади;

6. Болага бурунни ичга тортмасликни, қоқишни ўргатинг. Бурунга ҳам тузли сув томизиш грипп вирусларининг тезроқ нобуд бўлишини таъминлайди;

7. Грипп зотилжамга ўтиб кетмаслиги учун ҳар ярим соатда бир ёнбошидан иккинчисига ўгиринг;

8. Худди шу мақсадда чуқур нафас олиб-чиқаришни ўргатинг.

МЕВАЛАРДА ГАП КЎП!

Таркибида А ва С витаминини сақлаган мевалар касаллик билан курашиш имконига эга. Бунинг учун кун давомида болага наъматакли дамлама (меваси сувда юмшатилиб санчқида яхшилаб эзилади), аллергияси бўлмаса – мандарин, хурмо, нок, олма ҳамда қорағат, олча ёки маймунжонли мураббо солинган чой ичирилади. Сабзавотлардан – турп, шолғом, оқбош карам айниқса унинг суви фойдали. Улардан шўрва тайёрлаб ёки ўзининг сувини сиқиб ичириш яхши самара беради.

БЕМОР ҲОМИЛАДОР БЎЛСА-ЧИ?

Грипп ривожланаётган ҳомила учун хавфли. Мабодо фарзанд кутаётган аёл гриппга чалинса, қуйидаги тавсияларга амал қилиши лозим:

1. Титроқ, иситма аломатлари сезилдими, дарров ўрин-кўрпа қилиб ётинг. Грипп вируси кичкинтойга зарар қилмаслиги учун кўпроқ суюқлик ичинг. Бу иситилган минерал сув, иссиқ кўк чой, ширчой бўлиши мумкин;

2. Томоқни эман пўстлоғи, туз ва истеъмол содаси, 2 томчи йод солинган иссиқ сувда ғарғара қилинг;

3. Иситмани тушириш учун дарров дорига ёпишманг. Улар таркибида ҳомилани туширувчи моддалар бўлиши мумкин. Бир донадан лимон, нордон олма, лавлаги сувини сиқиб, иситинг-да, 2 ош қошиқдан ҳар соатда ичинг. Мазкур аралашма иситмани тез тушириб, танага қувват беради;

4. Грипп асоратсиз кечиши учун ярим сиқим арча игнабаргини яхшилаб ювиб, исириқ билан бирга қайнатинг. Ҳосил бўлган қайнатмада томоқни чайиш зўр фойда беради. Оғриқ йўқолади, ўзингизни анча тетик сезасиз;

5. Саримсоқпиёзни майда тўғраб, 2 ош қошиғини шунча миқдорда асал билан аралаштиринг. Аралашма ётишдан олдин бир чой қошиқдан қабул қилинади.

КЕКСАЛАРДА ҚАНДАЙ КЕЧАДИ?

Катта ёшли кишиларда грипп, зотилжамга ўтиб кетиши билан хавфли саналади. Шунинг учун илк аломатлари сезилдими, дарров даволанишни бошлаш керак.

1.Ярим пиёладан сабзи шарбати ва иссиқ сутни аралаштириб, кунига 3-4 маҳал овқатдан олдин бир ош қошиқдан қабул қилинади;

2.2 ош қошиқ зайтун мойи, 2 дона хом тухум сариғи, 1 чой қошиқ 2 - навли буғдой уни ва 2 чой қошиқ асални аралаштириб, кунига 2 чой қошиқдан 7-8 мартагача истеъмол қилиш лозим. Мазкур усул шу қадар самарали таъсирга эгаки, икки кундан кейин гриппдан асар ҳам қолмайди;

3.Бир чимдим зира, ярим бош саримсоқпиёз, бир дона тухумни ярим литр сутда қайнатиб, қайноқлигича ичилади;

4.Паракланган лимонни оз-оздан истеъмол қилишнинг ҳам фойдаси бор, агар сизда қон босимининг тушиб кетиши билан муаммо бўлмаса албатта.

5.Карам баргини илиқ сувда чайинг-да, томоққа қўйинг ва устидан жун рўмолни ўранг. 2 соатдан кейин карамни олиб ташланг-да, томоққа зайтун мойини суртинг.

ХАСТАЛАНМАЙ ДЕСАНГИЗ...

Қишда грипп билан оғримаслик учун баҳор-ёз мавсумидаёқ эҳтиётингизни қилинг. «Илик узилди» даврида кўпроқ мева-сабзавотлар, қоқли чойлар ёрдамида организм қувватини оширинг;

Ёзда оёқяланг юриш, муздек сувда чайиниш танани чиниқтиради;

Кунлар совуши ҳамон ҳар куни 5 дақиқа давомида расмда кўрсатилган нуқталарни уқаланг. Бундан ташқари, товоннинг юқори қисмини худди суратдагидек пастдан бармоқлар томон айлантириб уқалаш қиш-баҳор мавсумида гриппнинг оғир кечшидан асрайди;

Агар сизни томоқ оғриқлари тез – тез йўқлаб турса, бир ой давомида ош қошиқ чаканда ёки зайтун мойи билан оғизни ғарғара қилинг. Муолажани тугатгач, мойни тупуриб ташлайсиз;

Ҳафтада 2-3 марта, томоқни тузли сув, лавлаги шарбатида чайинг, шунда гриппга чалинмайсиз;

Уч ой давомида наъматак ёки женьшень дамламасини оддий чой ўринга ичишнинг ҳам таъсири бор;

Мармарак ўтини газанда ўт билан бирга термосга дамлаб, кун давомида асал қўшиб ичилади. Ушбу дамлама иммунитетни кўтариб, касалликка чалинмасликка ёрдам беради;

Икки ош қошиқдан занжабил, асал ва лимон сувини аралаштириб, овқатдан олдин ичилади;

Асал ва лимон шарбатини тенг миқдорда аралаштириб, наҳорга бир чой қошиқдан қабул қилиш ҳам грипп мавсумида хасталанмасликка ёрдам беради.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии