Ташкент +6° Mon 19:09
Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

Турмушингизга бегона аёл таҳдид қилса...

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар:
Добавлено: 12.01.2018, 10:21

«Турмуш ўртоғим билан муносабатларимиз яхши, севиб-севилиб оила қурганмиз, аммо...» Мана шундай жумлалар билан бошланувчи мурожаатларнинг давоми аксарият ҳолларда учинчи шахсга уланиб кетади. Яъни кимдир укасининг оиласига хўжайинлик қилишни истайдиган қайнопасидан, яна биров тинч уйига тош отгувчи овсинидан, аксарият аёллар эса эри илакишиб қолган жувоннинг юзсизлигидан нолишади. Хўш, оила аталмиш қўрғонга учинчи кишининг аралашувига қандай чек қўйиш мумкин? Бугун руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА билан шу саволга жавоб излаймиз.

Биринчи вазият:

«Куёвимнинг жазмани бизни қўрқитаяпти...»

— Ёшим етмишга яқинлашиб қолган. Катта қизимнинг турмушидан кўнглимиз тўқ эди. Бир қизини узатди, невара суйди, дея хотиржам эдик. Афсус қирқдан ошганда куёвимиз қилиқ чиқарди. Оиласидан ажрашган жувонга илакишиб қолибди. У аёл шунчалик шаллақи, фаросатсиз эканки, бировнинг эрининг бошини айлантириб олгани етмагандек, қизимга ҳам, бизга ҳам қўнғироқ қилиб, тинчлик бермайди. Ҳақоратли сўзлар, қизимдан эри билан ажрашишни талаб этишлари бизни жуда чарчатди. Хўжайиним маҳалласига бориб, бу аёлни тартибга чақиришларини сўради. Буни эшитган куёвим эса уч фарзандининг онасини ўласа қилиб урибди. Шифокорлар қизимга шикоят аризасини ёзишни айтишган экан, қизларининг келажагини ўйлади. Отаси онасини калтаклаб қамалиб кетган, деган гап яхшимас-да. Биз ҳам невараларимиз тақдирини ўйлаб, қизимнинг оиласи бузилиб кетишини истамаймиз...

Марғуба опа

Иккинчи вазият:

«Овсиним шантажчи»

— Турмушга чиққанимга тўрт йилдан ошаяпти. Эрим ҳам, қайнота-қайнонам ҳам ёмон одамлар эмас. Фақат овсинимнинг дастидан кун йўқ. Қайнакам хорижга, ишлашга кетган. Овсиним нуқул ўзини касалликка солиб, рўзғор ишларини қилмагани етмагандек мени ҳам тинч қўймайди. Қулоғим тинч бўлсин дея, болам икки ёшга тўлмасдан ишга тушиб кетгандим. Уйга келсам, ҳар куни бир муаммо чиқаради. Пичинглари жонимдан ўтиб кетиб, жавоб қайтарсам, катта тўполон бошлайди. Эрим «Хотинларнинг жанжали деб, акам билан юзкўрмас бўлишни истамайман», дейишдан нарига ўтмайди. Қайнонам катта келинининг феълини билгани сабаб ёнимни ололмайди, чунки ундан қўрқади. Охирги марта тиллаларини ўғирлаганликда айблаб, менга туҳмат қилди. Суянган турмуш ўртоғим ўша жанжалда мени уришгани учун уйга кетиб қолдим. Энди «Биз сени ҳайдаганимиз йўқ, қандай кетган бўлсанг, шундай қайтавер», деяпти... Бунақа овсин билан бир уйда яшолмайман...

Баҳора

Беш қўл баробар эмас...

Ер юзидаги барча инсонлар ҳам бир хил феълли бўлмайди. Афсуски, ёмон ниятли, юз-хотир қилмайдиган, иймони суст бандалар ҳам бор. Улар бошқаларнинг олдидаги ошга тап тортмасдан қўл узатишни, ҳатто тортиб олмагунча қўймасликни уят билишмайди. Айрим аёлларнинг бу феълига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:

  • Худбинлик — «Нега энди мен бахтсизман?!» Бахт тушунчасини англай олишмагани туфайли ўзгаларнинг бахтига чангал солишади. Бировнинг бахтсизлиги эвазига бахтли бўла олмасликларини эса тушунишмайди.
  • Ҳасадгўйлик — ўзининг турмушини ўзгаларники билан солиштиради. Келини, овсини ёйинки у ўрнида бўлиши мумкин бўлган аёлга ўзича паст баҳо бериб, бахиллик қилади. «У эмас, мен бундай ҳаётга арзийман», дея калта ўйлайди. Мулоҳаза юритмайдики, ҳасад қилаётган оиласининг аслида ҳавас қиларли даражага етишишида ўзига душман деб биладиган аёлнинг ҳиссаси катта.
  • Очкўзлик — нафснинг измига юриш. Моддий манфаатларни кўзлагани сабаб ҳам эр-хотин ўртасига низо солишлари мумкин.

Нега сизга ҳужум қилаяпти?

Шаллақи, енгилтак аёл, туҳматчи овсин нега айнан сизга таҳдид қилаяпти? Келинг, аввало сабабларни аниқлайлик:

  • Оила деворлари мустаҳкам эмас. Уйдаги гап кўчага чиққан. Ё хотин, ёки эр турмушидан нолиб, учинчи кишининг оилавий ҳаётига кириб келишига имкон берган.
  • Эр-хотин бир ёқадан бош чиқармайди. Иккиси икки дунёда яшайди ёки бир-бирини қўллашни, қувватлашни билмайди.
  • Ўзаро ҳурмат йўқ. Айниқса, эркак кишининг бошқаларнинг кўз олдида аёлини қадрсизлантириши, юқорида таърифлаганимиз каби одамларга куч бағишлайди. Улар билишадики, эри қадрламайдиган, ҳимоя қилмайдиган аёлнинг устидан адолатсизларча ғалаба қилиш осон.
  • Аёл ҳам, эркак ҳам табиатан жуда бўш. Ўз ҳаққини талаб қилишни билишмайди. Ёки дарров асабийлашиб кетишади, ёйинки ҳаддан зиёд андиша қилишади.
  • Эркакнинг оиладаги вазифаларини, масъулиятини унутиб қўйганлиги. Бундай эркаклар кўчадаги аёл унинг ҳаёти устидан ҳукм чиқаришига ҳам, ака-укасининг рафиқаси жуфти-ҳалолини оёқости қилишига ҳам сабабчи бўлишади.
  • Аёлнинг кўникувчанлиги, вақтида тўғри тадбир кўра олмаслиги. Масалан, хиёнатнинг ҳидини сезиши билан ўз хатоларини тўғирлаб, турмуш ўртоғи билан бу масалани ҳал қилиб олмаганлиги оқибатида вазият чуқурлашиб кетиб, бегона аёлнинг унга нисбатан шаллақилик қилишигача етади.
  • Оилада қадриятларнинг шаклланмаганлиги. Баҳоранинг вазиятида эр акаси билан муносабатларини совуқлашмаслиги учун гўёки ўзини четга олаяпти. Билмайдики, хотини ҳам унинг жуфти, иккинчи ярми. Уни ҳимоялаш акага қарши бориш дегани эмас, аксинча эркак бўлиб, оилада тартиб ўрнатишдир.

Нима қилиш керак?

Юқоридаги мурожаатлар мисолида вазиятни таҳлил қилар эканмиз, албатта, бу муаммодан чиқиш йўлларини ҳам излашимиз керак.

Марғуба опа, сизнинг онаси сифатида қизингиз учун қайғуришингиз, унинг оиласини асраб қолишга ҳаракат қилишингизни тушунамиз. Аммо ҳозир энг аввало уч фарзанднинг онаси бўлган қизингиз ҳаракат қилиши керак. У нима истайди? Бегона аёлнинг нағмасига учиб хотинини калтаклайдиган эр билан тишни-тишга қўйиб яшашними ёки қатъий чора кўришними? Аёлга жисмонан ва маънан зарар етганида, у ўзини қўлга олиб, муаммога тик қараши шарт. Эртага бундай калтаклашлар, таҳдилар натижасида вазият янада оғирлашиб кетиши ҳеч гапмас. Шунинг учун куёвингизга қизингизни ҳимоя қилувчилар борлигини англатиб қўйинг. Юзсиз аёлга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўришга иккиланманг. Шаҳар бедарвоза эмас.

Сизни ўйлантираётган невара қизлар тақдирида отанинг роли катта, бироқ уларни отасининг обрўси, пулига қараб келин қиладиган оилалар билан қуда бўлишингиз охир-оқибатда ўзини оқламаслиги мумкин. Шунинг учун айни пайтда, невараларингиз учун онасининг саломатлиги муҳимлигини унутманг.

Баҳора, сиз турмуш ўртоғингиз билан гаплашиб олишингиз керак. Босиқлик билан, «Мени ҳимоя қилмадингиз» деган аччиқлардан холи равишда унга тушунтиринг. Шу оилада бахт топишни исташингизни, у билан бирга фарзандларни тинчлик-осойишталикда катта қилишни хоҳлашингизни, унинг ота-онаси ва яқинларини ҳурмат қилишингизни англатинг. Уйга қайтгач, қайнонангиздан ҳам ўпкалаб юрманг-да, кези келганида, улардан овсинингиз билан муаммоларни ҳал қилишда ёрдам сўранг. Яъни сиз қанйонангизни бош ролга олиб чиқинг. Чунки овсинингизнинг туҳмат қилиши уларга нисбатан ҳам ҳурматсизлик саналади. Бу билан эрингиз, қайнонангизни ўзингиз томонга оғдириб олинг демаяпмиз, уларнинг кўнглига йўл топиб, ўртада шундай ришта ўрнатингки, овсинингизнинг мустаҳкам муносабатларга рахна солишга ҳадди сиғмасин.

Феълингизга ҳам назар ташланг. Нега овсинингиз сизга бундай муносабатда бўлади? Ўзингиздан ҳам ўтган хатолар бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўринг ва уларни бартараф этинг.

Хулоса

Оила бу икки кишининг меҳр-муҳаббатидан ташкил топадиган жамият. Агар унда бўшлиқ бўлмаса, икки томон бир-бирини эшитишни, тушунишни, қадрлашни билса, учинчи одам муқаддас қўрғонни вайронага айлантира олмайди. Муҳими, вақтида чегараларни ўрнатиб, мустаҳкамлаб олиш. Аёллар, тадбирли бўлинг ва ўз қадрингизни билинг.

МУХЛИСА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии