Ташкент +7° Mon 18:08
Долзарб мавзулар Халқ билан мулоқот йили

АҚШ элчиси: Мирзиёев шу қадар тез ва талабчанки, у билан ёнма-ён кетиш қийин

Бўлимлар: ДУНЁ
Теглар: Видео
Добавлено: 13.01.2018, 14:22

Айни пайтда халқаро экспертлар, сиёсатшунослар, таҳлилчилар, дунё ОАВлари Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб, олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бермоқда.

Яқинда Ўзбекистонда сўнгги вақтларда шиддат олган ислоҳотларнинг мазмуни ва кўлами борасидаги саволлар билан “Америка овози” телерадиоси мухбири АҚШнинг Ўзбекистонда фавқулотда ва мухтор элчиси Памела Спратлен билан суҳбат қурди.

Қуйида суҳбатнинг матнли ҳамда видео шакли билан танишасиз.

Навбаҳор Имамова:

— Элчи Спратлен хоним, сизни Вашингтонда кўриб турганимиздан, студиямизга келганингиздан жуда хурсандмиз.

Элчи Памела Спратлен:

— Навбаҳор, сизни кўриб мен ҳам хурсандман. Янги йил билан!

Навбаҳор Имамова:

— Сиз Марказий Осиёда ва регион билан узоқ вақтдан бери ишлаб келасиз. Тарихий жараёнларга гувоҳ бўлгансиз.

Элчи Памела Спратлен:

Шундай.

Навбаҳор Имамова:

— Бугунги Ўзбекистон ҳақида қандай фикрдасиз? Ҳозирги алоқаларни қандай таърифлайсиз? Энг муҳими, ҳар икки давлатда ҳам раҳбарлар ўзгаришидан олдинги аҳвол билан ҳозирги шароит қанчалик фарқли?

Элчи Памела Спратлен:

— Жуда долзарб саволлар. Ўзбекистонда иш бошлаганимга бу ой уч йил бўлади. 2015 йилнинг 27 январида Президент Каримовга ишонч ёрлиғи топширганман. Ўша давр билан таққосласам, ҳозирги вазият жуда бошқача. Энг катта фарқ — ҳозирги Ўзбекистон ғайратга тўла. Ўзгариш учун хоҳиш кучли. Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрнини тиклаш ва уни қандай ривожлантириш ҳақида самимий ва очиқ муҳокама кетмоқда. Жуда ҳаяжонли, қувончли давр. Ўзбекистондан олдин Қирғизистонда элчилик қилганман, ундан олдин Қозоғистонда элчи ўринбосари бўлганман.

Президент Мирзиёев лидер сифатида кўплаб минтақавий масалалар ечими томон жонбозлик қилмоқда. Муваққат президент сифатида 2016 йилнинг сентабрида қилган нутқида янгича қўшничилик сиёсати ҳақида гапириб, Ўзбекистон ёнидаги давлатлар билан алоқани мустаҳкамлайди, деган.

Бу жараён тезликда авж олиб, президент Туркманистонга борди, кейин эса Қозоғистонга ва бошқа давлатларга. Бош вазир ҳозир Тожикистонга бормоқчи... Бу Марказий Осиё билан ишлаб келаётган томонлар учун жуда қувончли. Минтақа катта потенциалга эга деб келганмиз ва мана энди буни минтақанинг ўзи исботлашга ҳаракат қилмоқда. Ҳамма умидга тўла.

Марказий Осиё қўшни Афғонистон билан ҳам ҳамкорликни ривожлантиришни бошлаган. Ўзбекистон ва Афғонистон алоқаларида ўзгаришлар катта. Президент Ғани ўтган ой Ўзбекистонда жуда яхши кутиб олинди. Мен ўзим Президентларнинг зиёфатида қатнашиш шарафига муяссар бўлдим. Ажойиб ришталар. Президент Ғани Бухорога ҳам бориб, фахрий даража олди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири айни дамда афғон делегацияси билан музокарада.

Ўзбекистон, Марказий Осиё бўйлаб, қолаверса Афғонистон билан авж олаётган жараёнларга қарасангиз, 2015 йилдаги вазиятдан ер ва осмонча фарқни кўраяпман.

Навбаҳор Имамова:

— АҚШ ҳамиша Марказий Осиёда интеграцияни тарғиб қилиб келган, ўтган уч президентликда шуни кўрдик. Ўзбекистон ҳукумати одатда қарши томон, тўсиқ сифатида қаралар эди. Тўғрими?

Элчи Памела Спратлен:

— Кўп ҳолларда, ҳа, тўғри.

Навбаҳор Имамова:

— Ҳозир эса Президент Мирзиёев интеграцияга етакчилик қилишга уринаётгандек.

Элчи Памела Спратлен:

— Шундай, етакчилик қилаяпти ҳам, назаримда.

Навбаҳор Имамова:

— Гап фақат шундами ёки у АҚШнинг бошқа ғоя ва ташаббусларига ҳам очиқми?

Элчи Памела Спратлен:

— Президент Мирзиёев жуда очиқ одам, назаримда. Раҳбарликка келиши биланоқ бу кўзимга ташланди. Одамлар билан яқиндан очиқ мулоқот қилишни хоҳлайди, сизни қунт билан тинглайди. Гаплашаётганда сиз томон эгилади. Президент Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Лиза Куртис билан учрашганида ҳам шундай мулоқот қилди.

Барча учрашувларда шуни кўраман. Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон ҳам 2016 йил келганида жуда очиқ гаплашди. Ғояларни олқишлайди. АҚШдан, Европадан, Жанубий Кореядан... Бу жуда яхши, назаримда. Кўп жиҳатдан ташқи дунёга ёпиқ турган давлатнинг ҳаммага очиқ эканини кўрсатмоқда.

Энди бу реал маънода нимани англатади, буни вақт кўрсатади, лекин "биз ҳамма билан ишлашга шаймиз" деб туришнинг ўзи ҳам катта ўзгариш.

Навбаҳор Имамова:

— Мирзиёевни яқиндан бирга ишлаш мумкин бўлган раҳбар сифатида кўрасизми?

Элчи Памела Спратлен:

— У билан очиқ гаплашса бўлади, деб ўйлаймиз. Давлатини янгича йўлдан олиб боришга тайёр раҳбар деб ҳисоблаймиз. Бу дегани Мирзиёев билан яқиндан ишлай оламиз.

Навбаҳор Имамова:

— Мирзиёев Вашингтонга ташриф буюриш ҳаракатида.

Элчи Памела Спратлен:

— Шундай катта умид бор ва ҳар қандай элчи давлатларнинг раҳбарлари учрашишини хоҳлайди. Энг олий даражадаги учрашув бўлса, мен элчи сифатида жон дейман. Ўтган ойда Президентлар телефонда гаплашди. Самарали мулоқот, ижобий. Кейинги қадамлар устида ҳаракат кетмоқда. Вашингтонга ташриф, албатта, энг ажойиб воқеа бўлади.

Навбаҳор Имамова:

— Мирзиёев сизни ҳайрон қолдирадими? Чунки, биласиз, у системадан чиққан. Камдан-кам одам у ҳозиргидек раҳбар бўла олади деб ўйлаган.

Элчи Памела Спратлен:

— Шак-шубҳасиз. У нафақат мени, балки ҳаммани ажаблантирди. Унинг раҳбарликка танланиши жуда қизиқ, эҳтиёткорона ва пишиқ, чуқур мулоҳазали бир қарор бўлди. Халқаро ҳамжамиятда ҳеч ким Президент Каримов ўрнига шу одам келади деб кутмаган эди. Мени, шахсан, Мирзиёев жуда кўп жиҳатдан ҳайрон қолдирган ва қолдиради.

Биринчидан, унинг темпераменти, боя айтганимдек. У одамлар билан ишлашни хоҳлайди, ҳамжиҳатлик тарафдори. Иккинчидан, ва бу Ўзбекистон халқи учун жуда муҳим: Мирзиёев раҳбарликка келганидан бери давлат ва халқни яқинлаштириш ҳаракатида. Халқ манфаатларини ўйланг, у билан мулоқот қилинг, деб келмоқда. Бундай ёндашувни одамлар, назаримда, кутмаган эди.

Оқсашлар бўлди албатта, лекин айрим ишлари самара бера бошлади. Гапираётганида бир нарса ойдек равшан: у ҳукумат золим куч бўлишини хоҳламайди, аксинча, ҳукумат халққа хизмат қилсин, дейди. Бунга эришиш эса жуда қийин. Машаққатли йўл олдинда, лекин Мирзиёевнинг халққа хизмат қилишга бел боғлагани мен учун кутилмаган ҳол.

Иккинчи ажабланарли ҳол, ҳукумат аппаратини янгилаш ҳаракати. Олдинлари эски давр одамлари кўп эди. Уларнинг айримлари ҳали ҳам бор. Лекин улар орасида жуда иқтидорли одамлар ҳам бор — кўп нарсани билади ва фойдаси катта. Янги шахслар ҳам сероб. Ҳукуматнинг чет элда ўқиганларга кенг очилаётгани ҳам катта ўзгариш.

Ёшларга эътибор катта. Хорижда ишлаётганларга салбий эмас, ижобий руҳда қарашаётгани таҳсинга сазовор. Сиз, масалан, бу ҳақда кўп гапириб келасиз, "Твиттер" ва бошқа жойларда. Бу жуда муҳим. Бозор иқтисодиёти ҳам силжий бошлади. Олдинда қилинадиган ишлар талай. Бироқ Президентнинг бу борада БМТда ва бошқа минбарлардан туриб гапириши, янги йўналишга ўтиш, ўтган сентабрда Нью-Йоркда АҚШ бизнес доираларига бу борада очиқ айтиши кенг олқишланди. Энди биз кутаяпмиз, бу қарорлар амалга ошишини.

Ҳар куни хушхабар. Олдинлари Ўзбекистонга шошмай, чой ичиб, асталик билан ҳаракат қиладиган халқ ва ҳукумат деб қарашар эди. Ҳозир ҳам кўп жиҳатдан мана шу маданият жойида. Лекин бугунги сигнал шуки, Ўзбекистон олдинга шаҳдам қадам ташлашга шай.

Президент Мирзиёев, назаримда, орқада қолмоқчи эмас; дадиллик ва эпчиллик билан кўпроқ бизнесларни жалб этмоқчи; мамлакатда тўғридан-тўғри сармоя оқими ошсин, дея уринмоқда. Бу жуда қийин, лекин ўтган йили сентябрда конвертацияни очгани у бу машаққатни енгишга бел боғлаганидан дарак. Шундай экан, яна кўплаб хушхабарлар кутиб қоламиз.

Навбаҳор Имамова:

— Мирзиёев нимага қодирлигини исботлаши учун муҳлат борми, сизнингча? Гаплари одамларга куч бераётгани аниқ. Реторик жиҳатдан халққа ёқаяпти. Лекин Мирзиёевнинг бир ўзигина асосий кучдек кўринмаяптими? Ўзгариш ортида унинг бир ўзимасми? Ўзгаришлар систематик эмас, кенг кўламли эмас, деганлар кўп.

Элчи Памела Спратлен:

— Бунга эътибор бераяпмиз ва кузатаяпмиз. Ҳозиргача ўзгаришлар ортида унинг ўзи турибди, бунга шубҳа йўқ. Мирзиёев шу қадар тез ва талабчанки, у билан ёнма-ён кетиш қийин. Унинг ташаббусларини қувватловчилар ҳақиқатда қанча? Унинг келажак ҳақидаги гапларини қанчалик тушунишмоқда? Мирзиёевда тезлик кучли. Шундай экан, муҳлат ҳақида гапириш менга қийин.

Навбаҳор Имамова:

— Президент кучли босим остида.

Элчи Памела Спратлен:

— Тўғри, босим кучли. Ўзгариш қилиш керак. Бу имконият аслида. Имкониятлардан фойдаланиб қолиш керак, чунки уларнинг муддати бор. Аҳолининг тоқати қанчалик? Буни билмайман. Президентга қараб, у ўзига муҳлат бергани аниқ, дейсиз. Айримлар фикрича, 2-3 йил. Қани, кўрамиз. Аммо, хулосангизга қўшиламан, Президент нимага қодирлигини исботлаши керак деган босим бор. Буни у ўзига ўзи бераётган бўлиши ҳам мумкин.

Навбаҳор Имамова:

— Бу аниқ. Ҳар сафар гапирганида умид даражаси янада ошаяпти. Уларни оқлаш осон бўлмайди. Бу улкан синов.

Элчи Памела Спратлен:

— Тўғри, шундай.

Навбаҳор Имамова:

— Ўзбекистон ҳукумати АҚШдан қандай ёрдам сўраяпти? Ислоҳотлар бобида кўмак сўраяптими? АҚШ ҳақида гап кеца, "сармоя" умиди ҳақида кўп эшитамиз.

Элчи Памела Спратлен:

— Муайян нарсалар бор лекин умуман олганда, ҳукумат Ўзбекистондаги ўзгаришларни тан олишимизни хоҳлайди. Президент Мирзиёев бошқараётган Ўзбекистон олдинги Ўзбекистон эмас – у шуни тан олишимизни истайди.

Навбаҳор Имамова:

— Мирзиёев АҚШдан унга ислоҳотчи сифатида қарашини хоҳлайдими?

Элчи Памела Спратлен:

— Шубҳасиз... Нафақат мен балки Америка сиёсий доиралари унга ислоҳотчи деб қарашини истайди. У кўтараётган масалалар, нутқларида аҳамият қаратаётган мавзулар - мисли кўрилмаган чиқишлар. Унинг тўрт соатлик мурожаатида мен йўқ эдим, лекин Конституция кунидаги нутқини тинглашга бордим. Қийноқларга қарши гапирди. Бу тарихий ўзгариш. Бу ислоҳот. Қора рўйхатлар бекор қилиниши, одамлар ундан чиқарилиши — ислоҳот.

Мирзиёев у қилаётган ишлар тўғри баҳоланишини истайди. У бошлаётган ислоҳотлар тан олиниб, қувватланишини истайди. У биладики, Ўзбекистон узоқ давр салбий баҳоланган. Халқ ҳукуматдан узоқ эди, шуни ўзгартирмоқчи. У ислоҳотчи сифатида майдонга чиқмоқда.

Президент Мирзиёев АҚШнинг иқтисодий жиҳатдан фаол бўлишини хоҳлайди, айниқса, савдо бобида. Бизнинг гапимиз шуки, Ўзбекистонда шароит яхшиланган сари сармоячилар ҳам кўпаяверади. Бизнесларимиз ўзи боради.

Ўзбекистон бунинг учун нима қилиши кераклиги муҳокамада. Бизнинг инвесторларимизни қандай жалб қилиши мумкин? Шу ҳақда гаплашаяпмиз. Америка-Ўзбекистон Тижорат Палатасининг Нью-Йоркдаги йиғинида, ўтган сентябрда, қизиқиш катта экани сезилди. Мана шу қизиқиш энди амалда қандай акс этади? Шунинг устида ишлаш керак.

Кўп нарса Ўзбекистонга боғлиқ. Валюта борасида қилинадиган ишлар кўп. Қонун устуворлигини таъминлаш масаласида ҳам муаммолар талай. Мамлакатдаги меҳнат кучи юзасидан ҳам саволлар кўп. Сармоячилар талабига жавоб бера оладиган меҳнат кучи борми? Ҳажми ва уқуви қандай?

Президент тўғридан-тўғри сармоя келишини истайди. Биз билан яқин иқтисодий ҳамкор бўлишни хоҳлайди.

Бундан ташқари у минтақа хавфсизлиги борасида ҳам етакчи рол ўйнамоқчи. Ўзбекистоннинг Афғонистон юзасиган ҳамкорлик қилиб келаётганини қадрлаймиз. Янги стратегия эълон қилинди. Мирзиёев уни қувватламоқда. У халқаро ҳамжамият билан яқин бўлмоқчи, АҚШ билан ўзаро манфаатлар йўлида бирга ишлаб, ҳамкорлик қилмоқчи. Бизнинг ишимиз — мана шу манфаатларни аниқлаб, бош қотириш ва самарали қадамлар ташлаш.

Навбаҳор Имамова:

— Вашингтон учун сиз Тошкентдаги энг ишончли одамсиз. Пойтахтингизга келиб, сиёсий доиралар билан гаплашганингизда, Трамп маъмурияти билан мулоқот қилганингизда, нималар дейишаяпти, қандай масалаларни кўтаришмоқда? Трамп маъмурияти учун Ўзбекистон билан алоқада нима энг муҳими? Биз янги стратегия (Миллий Хавфсизлик Стратегияси) матнини ўқидик. Марказий Осиё муҳим минтақа дея тилга олинган, лекин приоритет эмас. Покистон билан алоқалар совуқлашар экан, АҚШда Марказий Осиёга қизиқиш ошади, чунки Афғонистонга кирадиган йўллар бор.

Элчи Памела Спратлен:

— Ҳар бир масаланинг ўз мураккаб жиҳатлари бор, албатта. Жанубий ва Марказий Осиёга нисбатан стратегияда Марказий Осиё жуда муҳим. Марказий қўмондонлик бошлиғи Генерал Вотел, Оқ уй расмийси Лиза Куртис Ўзбекистонга ташриф буюриб, Трамп маъмурияти учун Ўзбекистон қанчалик муҳим эканини қайд этди. Марказий Осиё биз учун жуда муҳим регион. Унинг аҳамияти пасаймаган.

Мамлакатлар билан алоҳида ҳамкорлик ҳам бор. Вашингтондаги учрашувларимда Ўзбекистонга қизиқиш жуда юқори...

Навбаҳор Имамова:

— Гап фақат Афғонистонда эмас, демак?

Элчи Памела Спратлен:

— Фақат Афғонистонда эмас. Кенг муҳокама. Одамлар Ўзбекистондаги жараёнларни тушунгиси келади. Нима бўлаяпти, аҳамияти нимада, деб сўрашади. Фарқ қандай? Ўзгариш нимада? Боя айтганингиздек, ўзгаришлар ортида ким турибди? Президентни ким қувватламоқда? Шулар қизиқ.

Навбаҳор Имамова:

— Мирзиёевнинг атрофидаги одамларни қандай баҳолайсиз? Командаси қанчалик кучли? Тошкентдан эшитамизки, асосан эски одамлар...

Элчи Памела Спратлен:

— Анъанавий команда ва унда эски даврдан қолганлар бўлса-да, муҳим одамлар бор. Уларнинг борлигидан миннатдормиз. Ташқи ишлар вазири, масалан. Ўзбекистоннинг қўшнилари ва Афғонистон билан бугунги очиқ ва дўстона сиёсатда унинг хизмати катта.

Навбаҳор Имамова:

— Абдулазиз Комиловни анчадан бери биласиз.

Элчи Памела Спратлен:

— Шундай. Тажриба ва малаканинг аҳамияти катта. Шу билан бирга янги овозлар ва чеҳралар ҳам бор. Сармоя қўмитасида, хусусан, ёш раисни кўрасиз. Собиқ меҳнат вазири ҳозир туризм соҳасини бошқармоқда. Янги одамлар кўп. Уларнинг ғоялари қувватланиши муҳим. Сенатор Содиқ Сафоевдек маслаҳатчилар бор, уларнинг ёрдами ҳам муҳим. Лекин, бизга ҳам қизиқ: хўш, бу команда қанчалик катта ва Президент кимларга таянмоқда? Қувватлов қанчалик ишончли? Президент бераётган ваъдалар амалга ошиши учун у атрофидагиларга суяна олиши керак.

Ўзбекистонга қайтиш арафасидаман. Ўзгаришлар тўхтамайдиган кўринади ва улар давом этиши учун Ўзбекистон халқига ва раҳбариятига куч ва матонат тилайман. Биз Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишни хоҳлаймиз, бу аниқ.

Навбаҳор Имамова:

— Охирги саволим Америкадаги ўзбеклар ҳақида.

Элчи Памела Спратлен:

Ҳа...

Навбаҳор Имамова:

— Нью-Йоркда ўтган октябрь ойида юз берган террор хуружида ўзбекистонлик айбланаётгани ришталарга бирор жиҳатдан салбий таъсир қилдими? АҚШдаги ўзбеклар Президент Трампнинг гапларини эшитиб, хавотирга тушган.

Элчи Памела Спратлен:

— АҚШда бирор жойда террор хуружи бўлса, муносабат билдирилади, жавоб берилади. Саккиз одам ўлди, ахир. Оғир фожиа. Бу воқеа ортидаги одам Ўзбекистон фуқароси экани афсусланарли ҳол.

Қўшма Штатларда иммиграция масаласи долзарб бўлиб турган пайтда юз бергани учун ҳам бу ишга эътибор кучли. Бу шахс АҚШга қонунан келган.

Хавфсизлик, албатта, қалтис масала. Биз грин карта дастурини ўрганиб чиқиб, шуни аниқлаганмизки, бу йўл билан келаётганларнинг аксарияти Америкада янги ҳаёт қуриш билан банд ва тўғри йўлда.

Иммиграция бўйича дебатлар қандай қарорларга етаклайди, буни олдиндан айта олмаймиз. Кузатамиз, огоҳмиз. Ўзбекистон ҳозиргача бирор чеклов ёки алоҳида чора билан юзлашади, деган гап йўқ. Террор хуружларининг таъсири кучли ҳар доим, лекин Ўзбекистонга нисбатан салбий қарашни сезмаяпман. Бу воқеадан кейин Лиза Куртис (Оқ уй расмийси) Ўзбекистонга келиб кетди. Конгрессдан саккиз кишилик делегация келиб кетди. Президент Мирзиёев ва Президент Трамп телефонда гаплашди. Битта воқеа билан алоқалар издан чиқмайди.

Навбаҳор Имамова:

— У ердаги ўзгаришларни ҳам, бу ердаги ўзгаришларни ҳам кузатишда давом этамиз.

Элчи Памела Спратлен:

— Албатта. Кузатамиз. Ўзбекистон билан алоқаларимиз, икки томонлама ришталарни мустаҳкамлашда давом этамиз. АҚШ Ўзбекистон суверенитети, мустақиллигини қувватлаб, унинг тараққиётида ҳисса қўшаверади.

Яқинда АҚШ Савдо бошқармаси вакили Ўзбекистонда бўлди. Республиканинг Жаҳон Савдо Ташкилотига кириш ҳаракатини қувватлаймиз. БМТ вакиллари мамлакатга бориб келаётгани, бизнинг назаримизда, жуда муҳим ўзгаришлар ва мулоқотлар. Диний эркинлик бўйича жаноб Шаҳид, инсон ҳуқуқлари бўйича бош расмий Зиёд борганидан хурсандмиз. Бу Ўзбекистон янги йўлга тушганидан далолат.

2018 йил Президент Мирзиёев ва унинг бутун командаси учун, Ўзбекистон халқи учун ажойиб давр бўлсин. Келажак порлоқ бўлсин.

Навбаҳор Имамова:

— Ўзбекистон ҳукумати 2018 йилдан жуда кўп нарса кутмоқда, улкан умидлар, айниқса АҚШ билан ҳамкорликдан.

Элчи Памела Спратлен:

— Улар рўёбга чиқиши учун мамлакатда кўпроқ ўзгаришлар бўлиши керак. Жараёнлар бир-бирига боғлиқ.

Навбаҳор Имамова:

— Шундай. Суҳбатингиздан миннатдормиз, элчи хоним.

Элчи Памела Спратлен:

— Сиз билан ҳам гаплашиб, жуда хурсандман. Навбаҳор, бир нарсани қайд этмоқчиман, "Америка Овози" жуда муҳим рол ўйнайди. Сизни "Твиттер" орқали кузатаман. Сизнинг таъсир майдонингиз кенг, нафақат Ўзбекистон аҳлини бохабар қилишда, балки дунё бўйлаб ўзбек тилида гаплашадиган одамлар хизматидасиз. Сизнинг таъсирингиз сиёсатни белгиловчилар доирасида ҳам сезилади. Ишингизга барака тилайман. Ишингизни ҳурмат қиламан. Шундай давом этинг. 2018 йил ва ундан кейинги даврда ҳам сизга муваффақият тилаб қоламан.

Навбаҳор Имамова:

— Катта раҳмат!

Элчи Памела Спратлен:

— Омон бўлинг!


Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии