41

Уйқусизликка чалинганлар учун 15 тавсия

САЛОМАТЛИК 18.01.2018, 12:53
1873
Уйқусизликка чалинганлар учун 15 тавсия

Кундузи ҳал этилмаган ташвишлар, қўрқув, изтироб, кечга яқин тўйиб овқатланиш, сурункали касалликлар, тетиклаштирувчи ичимликлар (чой, қаҳва, кола) ичиш, компьютер ва телевизор олдида кўп ўтириш тиниқиб ухлашга йўл қўймайди. Оқибатда, эрталабдан беҳол, чарчаган ва кунбўйи қўлингиз ишга бормайдиган ҳолатга тушасиз. Бундай бўлмаслиги учун, аввало, кун тартибига риоя қилиш, уйқудан олдин асабийлашмай, муроса, сабр ва шукрона ҳисларини қалбда жамлаш керак. Бу борада шифокор-терапевт Абдуҳалил БАННАЕВ тавсияларига қулоқ тутамиз.

  • Кафтингиз орасида арча ғуддасини 5 дақиқа уқаланг, тинчланиб, тез ухлайсиз.
  • Ярим боғ шивит кўкатини майда тўғраб, устига бир пиёла қайноқ сув қуйиб дамланг. Мазкур дамламани бир ҳафта давомида, ярим пиёладан, уйқудан бир соат олдин ичиб борсангиз оромсизликдан ҳалос бўласиз.
  • Бир бўлак пишлоқ, бир ҳовуч араб хурмоси, банан ёки бир пиёла асал солинган сут одамга тинчлантирувчи таъсир кўрсатиб, уйқуга чорлайди.
  • Икки чимдимдан зира, кўк чой ва мандарин пўстлоғидан олиб, устига 1 пиёла қайноқ сув қуйинг-да, бир соатга дамлаб қўйинг. Дамлама кечга яқин, уйқудан 1 соат олдин бир пиёладан ичилади.
  • Уйқусизлик қийнаса, пастроқ ёстиққа юзтубан ётиб, бошингизни чап томонга буринг, тез ухлаб қоласиз.
  • Тушлик пайти тузланган бодринг, қора нон, қатиқли салат ейиш кечга бориб, тананинг бўшашиши ва ором олишига ёрдам беради.
  • Тузланган карам ёки бодринг сувига бир чой қошиқ асал қўшиб, ётишдан олдин ичиш ҳам ёрдам беради.
  • Уйқудан олдин иккала қўлнинг бош бармоқлари ёрдамида бошнинг энса қисмини юқоридан пастга 5 дақиқа давомида енгил уқаланг, дарров ухлаб қоласиз.
  • Эрталабгача кўзингиз илинмаётган бўлса, лавр ва атиргул япроқлари солинган ёстиқча харид қилинг. Бундай махсус ёстиқчалар танани бўшаштириш хусусиятига эга бўлиб, ором олишингизга кўмаклашади.
  • Пешонага қатиқ чаплаб ётиш ёки карам баргини қўйиб ухлаш ҳам уйқу чақиради.
  • Турмуш ўртоғингиз тамаки чекишни ташлади-ю, уйқусизликка чалиндими? Унда 2-3 кун чой ва сув ўрнига мойчечак гулидан дамлаб ичказинг, организм қарамликдан тез қутулиб, уйқуси яхшиланади.
  • Ерқалампир кўкатини майда қирғичдан ўтказиб, икки қават докага ўранг-да, оёқ тўпиғига боғланг. Қон босими кўтарилиши асоратида келиб чиққан уйқусизликдан ҳалос бўласиз.
  • Уйқусизлик асаббузарлик оқибатида бошланган бўлса, вананни иссиқ сувга тўлдириб, ичига 5-6 томчи олма сиркаси қўшиб бирпас ўтиринг.
  • Канакунжут мойини бошнинг чакка соҳаси ва бурун остига суртсангиз, яхши ухлайсиз.
  • Бир ҳовуч ерёнғоқ ёки бодом мағзини есангиз ҳам тез ухлаб қоласиз. Шунингдек, ерёнғоқ ёки седана ёғини ярим чой қошиқ миқдорида қабул қилиб, кетидан сув ичиб ётишнинг ҳам фойдаси бор.

Биласизми:

Уйга келгач, кийим алмаштириб, нохуш кайфият, муаммолар ишда қолганини ўзингизга уқтиринг. Бу ёғи оилавий ҳордиқ, сокинлик ва ширин уйқу!


Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Комментарии