Му5
48

Ўзи ҳам, пўсти ҳам фойдали

САЛОМАТЛИК 19.01.2018, 12:51
2152
Ўзи ҳам, пўсти ҳам фойдали

Айрим сабзавот ва меваларнинг нафақат ўзи балки пўстлоғи ҳам баъзи касалликларга даво. Қуйида уларнинг айримлари билан таништирамиз.

Саримсоқпиёз

Унинг устки қавати кексаликни бартараф этувчи антиоксидантларга бой саналади. Агар ошга ёки димлама таомларга уни пўсти билан солиш одатингизга барҳам бермасангиз кифоя.

Бақлажон

Баъзи таомларни тайёрлашда бақлажоннинг пусти арчилади, аслида эса бунга зарурат йўқ. Агар сиз организмдаги ҳужайра мембраналарини ҳимоя этувчи насунин номли кучли антиоксидантнинг фойдаси тегсин десангиз, бақлажонни пўсти билан енг.

Картошка

Энг қизиғи, картошкани ҳам пўстидан ажратиш шарт эмас. Аниқланишича, картошкадаги В витаминлари гуруҳи ва микроэлементлардан ташкил топган озиқ моддаларнинг 20 фоизи айнан унинг пўстлоғида бўлар экан.

Бодринг

Одатда бодрингнинг пўстлоғини тозаламасак-да, баъзи вақтларда пўстидан воз кечишга тўғри келади. Имкон қадар бундай қилмасликка ҳаракат қилинг. Негаки айнан бодринг пўстлоғида иммун тизимини стимуллаштирувчи антиоксидантлар мавжуд.

Олма

Одатда олмани пўстини ошқозонга ботади, деган хаёл билан арчиб ташлаймиз. Бу тўғри фикр, арчилган олма меъда фаолиятини яхшилаб, тўқлик ҳиссини пайдо қилади. Бироқ олманинг пўстлоғи ҳам кверцитин, С витамини ва саратондан ҳимоя қилувчи тритерпеноидлар борлигини унутмаслик даркор.

Лимон, мандарин ва апельсин

С витаминига бой маҳсулотларни ҳар ким ҳам пўсти билан истеъмол қилолмайди. Лекин пўстлоғидан кўпгина уй бекалари унумли фойдаланишлари сир эмас. Цитрус меваларининг қуритилган цедраси пишириқ хамири ва мурабболарга ўзгача ёқимли таъм бағишлайди.

Анор

Бу мевани пўсти билан истеъмол қилиш мумкин, демаймиз. Шунчаки мева ичидаги доначалардан ташқари қаттиқ пўстлоқ ҳам фойдали эканлигини яна бир карра эслатиб ўтмоқчимиз. Анор пўсти стафилакокк ҳамда антибиотиклар билан даволанадиган бир қанча инфекцияларга қарши даво воситаси саналади. Аммо биз уни диареяга қарши восита сифатида яхши биламиз. Анор пўсти ҳамда новвот қайнатмаси ич кетишига қарши ишончли воситадир.

Шарҳлар