Ташкент -3° Sun 02:37
Долзарб мавзулар Фото

Шерил Кара Cендберг. Миллиардер хонимнинг ҳақиқатлари

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар:
Добавлено: 30.01.2018, 13:28

Шерил Кара Сэндберг америкалик машҳур бизнес-вумен, миллиардер хоним. Унинг «Іеч қачон олға одимлашдан чўчиманг: аёл, карьера ва лидерликка интилиш» деб номланган китобини ўқисангиз, бизнесда ва умуман ҳаётда ютуқларга эришиш биз ўйлаганчалик қийин эмаслигини тушунасиз. Ушбу бестселлардаги айрим фикрларни она тилимизга ўгирдик ва бугун уни сизга илинмоқчимиз.

«Эрта туринг, уйга кеч қайтмайсиз»

— Мен «Google»дан «Facebook»ка ишга ўтишда роса қўрққанман, очиғи. Негаки, эски ишимда савдо масалаларига жавобгар эдим. Шу боис бутунбошли компания масъулиятини зиммамга олиш ваҳимали туюларди. Аммо наилож, билдирилган ишонч ҳурмати таклифни рад этолмадим, бор кучимни йиғиб, «Facebook»да фаолият бошладим. Биласиз, ушбу ижтимоий тармоққа одамлар, асосан, кечқурунлари киришади. Менинг эса компаниядагилар билан кечгача ишда қолиб кетишга, болалар, уй-рўзғор юмушларини ташлаб қўйишга ҳаққим йўқ. Хўш, нима қилмоқ керак? Астойдил ўйлаб, бунинг ҳам йўлини топдим: ишга эрта келиш, ўзим истаган вақтда унумли ишлаш ва соат олтига қолмай уйга кетиш... Шу тариқа рўзғор ташвишларини тиндиргач, интернет орқали яна ишлашда давом этадиган бўлдим. Кун тартибим ҳозиргача шундай.

Одамлар эса мана бу тарзда йўл тутишади: ишда соат 9.00 дан 6.00га қадар ўтирсам, бас, ҳақимни ҳалоллаб олавераман. Бу билан иш битмайди, ахир! Сиздан нимани сўрасалар, шунигина бажаришга тиришсангиз, ўзингизда қандайдир янги фикрлар, интилишлар бўлмаса, ҳеч нимага эришолмаслигингиз аниқ. Қачонки, биз ўзимизга нима кераклигини аниқлаб олсак ва шундан келиб чиққан ҳолда иш юритсаккина, аёл киши бўлишимизга қарамай, омадга эришамиз. Іамма гап иш учун вақтни тўғри тақсимлай билишдадир. Шахсан мен оиламга ҳам, соғлигимга ҳам, ишимга ҳам вақт ажрата оламан.

«Нега аёллар ЎЗига ишонмайди?»

«Google»да иш бошлаган кезларим қўл остимда бор-йўғи 4 киши ишларди. Охирги йилларда эса ходимлар сони 4 000 нафарга етди. Ёдимда, ўша пайтлар офисимдан эркакларнинг қадами узилмас, улар қабулимга ёзилиб, нуқул мана бу мазмундаги гапни айтишарди: «Мен янгилик истайман! Іиндистонда очилаётган офисимизга юборишингизни хоҳлардим...» Аёллар эса бундай эмасди, уларни ҳар доим янгиликка ундардим ва бунга жавобан, кўпинча, мана бу гапни эшитардим: «Менинг ҳали ўқишим бор...» «Буни уддалай оламанми, йўқми, кўзим етмаяпти...» «Ўрганган ишимни қилаверганим маъқул, янгисига кучим етмайди, деб қўрқаман...» Рости, фаолиятим асносида бирор эркакдан шундай жавобни эшитмадим. Эркаклар учун лидерлик, бошқарув, обрў-эътибор сув ва ҳаводек зарур. Уларда шундай тушунча борки, эркак киши қанчалар омадли, тажрибали бўлса, уни шунча кўп севишади, қадрлашади. Аёлни эса бунинг учун рағбатлантиришмайди. Қайтага аёллар ҳам, эркаклар ҳам — барча бирдек бундай аёлни ёқтирмайди, ёқламайди. Аммо айни шаклдаги муносабатдан қўрқмаслик керак, деб ўйлайман. Чўчидингми, бой берасан! Яхшиси, бундай пайтда гендер тенглиги ҳақида ўйлайлик...



* «Иш қидиряпсизми? Унда ўзингизга мос иш топа олишингизга юракдан ишонинг. Ана шунда ҳаёт сизга ажойиб совғалар тақдим этади!»

* «Ҳеч қачон умидсизланманг! Яна ва яна ҳаракат қилишдан тўхтамасангиз, ўйлаган ҳамма ниятларингиз амалга ошади!»

* «Бораётган манзилимиз теп-текис, сип-силлиқ йўлдан иборат эмас. Бу ҳақиқатни тан олмасак, катта имкониятларни бой берамиз…»

* «Карьера зинапоя, дейишади, мен эсау шунчаки жунгли ўрмонларига саёҳат, деган бўлардим!»

«Жим турган яхши, журъат эса ундан ҳам»

Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги меъёр ҳақида аёл киши жуда ёшликдан ўйлай бошлайди. Масалан, бизнинг авлодни мана бу шиор остида тарбиялашган: «Аёл киши эри, оиласи учун ҳар қандай қурбонликка, қийинчиликка, машаққатга тайёр туриши керак». Бу гапда жон бор, албатта. Лекин ҳамма нарсанинг ҳам меъёри яхши. Масалан, ўзим, қурбонликка тайёр туриш ғояси билан улғайганим учун бир вақтнинг ўзида ҳам карьера ва ҳам оила пойдеворини мустаҳкамлашга интилишни, ҳатто хаёл қилолмасдим. Ишда қандай таклиф бўлмасин, эплай олмасам-чи, деган қўрқув бор журъатимни ўғирларди. Кейинроқ ўзгардим.

Тан олиш керак, ўз кучига ишонмаслик — омадли аёлларнинг ҳам оғриқли нуқтаси. Чунки биз, аёллар ҳамиша омадимизни тасодифий, аслида, бу даражага унчалик ҳам лойиқмасман, деб биламиз. Мана, масалан, мен: Гарвард дипломини қўлимдан тортиб олишаётганини неча марта тушимда кўрганман... Эркаклар-чи? Улардан бир сўраб кўринг-а, омадга қандай эришганликларини! Бари ҳеч иккиланмай ўз кучим билан эришганман, деб жавоб беради. Аёл киши эса «Ёрдам беришган», «...кўмагида», «фалончи туфайли» қабилида фикр билдиради.

Мен, мени шунчаки «бизнес-вумен», дейишларини ёқтирмайман. Чунки барча ютуғимга ўз меҳнатим билан эришдим. Шунинг учун ҳам тан олинишни, энг омадли, энг таниқли тадбиркор аёл сифатида довруғ қозонишни истайман! Иш ва бизнесда фаолият кўрсатаётган аксарият хотин-қизлар жим туришни, шунчаки оқим бўйлаб сузишни маъқул кўришади. Уларнинг фикрича, ҳеч кимнинг эътиборини тортмаслик энг хавфсиз усул.Аммо бу стратегия ҳамиша ҳам тўғри бўлавермайди. Биз ўзимизни ҳимоя қила олишимиз, олдинга томон интилишларимизга халал бераётган тўсиқларни журъат билан енга билишимиз керак.

«Камчиликларимизни тан олайлик...»

— Ишбилармон аёл мана бу одатга доим амал қилади: турли тадбирларда қўлни баланд кўтара билиш ва конференцияларда кўзга яқин ерда ўтириш. Мен кўп кузатаман, аёллар шундай пайтда ташаббусни жуда тез қўлдан беришади, ўзгаларнинг биринчи ўринга чиқиб олиши учун ўзлари истамаган ҳолда шароит яратишади. Аммо биз ўзимизнинг кимлигимизни кўрсатмоқчи бўлсак, ҳар қандай ҳаяжонни енгиб, фикримиз, таклифларимизни айтишимиз керак. Ана шунда ғояларимизни инобатга олувчилар топилади, бизга эътибор қаратишади. Акс ҳолда бир бурчакда ўтирганимизча қолиб кетаверамиз...

Биз, аёлларнинг яна бир камчилигимиз, ҳамма нарсани бир вақтнинг ўзида бажаришга интилишимиз, ҳар қандай оғир масъулиятни зиммамизга олишимиздир. Ахир, бу мумкин эмас. Уйда ҳам, ишда ҳам барини бирдек аъло баҳога уддалаб бўлмайди. Ҳамма юмушни бир вақтнинг ўзида бажаришга киришиш, ўзгаларнинг ҳам вазифасини бажаришга тиришиш барча умидларни пучга чиқарадиган энг қисқа йўлдир. Шу ҳақда ўйлар эканман, турмуш ўртоғимдан миннатдор бўлавераман. У мени ҳар томонлама қўллаган, ютуқларга эришишимга тўсқинлик қилишни истамаган, мустақил фикрим ва қарашларимни доим ҳурмат қилган. Унинг ўзи ҳам тадбиркор, етарлича иши, ташвиши бор, шунда ҳам менга осон бўлишини истайди, уйдаги кўпгина ташвишларни ўзининг елкасига ортади. Гапнинг рости, аёл киши эри қўллаб турганини ҳис қилса, оилада ҳам, ишида ҳам доим мамнун юради, барча ўйлаган режалариамалга ошади. Шу маънода айтмоқчиманки, рўзғорнинг юкини эр-хотин баравар тортиши, масъулиятни баравар ҳис қилиши керак. Ана шунда оилада барака бўлади, зиддиятлар, омадсизликлар, келишмовчиликлар, ажралишлар камаяди.

Муборак АНВАР қизи тайёрлади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии