Ташкент -3° Sun 02:37
Долзарб мавзулар Фото

Бўлажак куёвни ким танлайди?

Бўлимлар: СУҒДИЁНА
Теглар:
Добавлено: 31.01.2018, 12:05

Ёшим йигирма учда. Икки ойча олдин менга оғиз солган совчилардан бирига розилик беришди. Йигит ота-онамга, қариндош-уруғларимга жуда маъқул. Уларнинг қистови билан мен ҳам тақдирга кўндим. Мана, унаштирув арафасидамиз. Бироқ энди кўнгилсизликдан қийналяпман. Аввало, куёвнинг ташқи кўриниши ёқмади. Қолаверса, тўйолди учрашувларни бошқача тасаввур қилардим. Балки ўта хаёлпарастдирман... У ҳам беэътибордек туюляпти. Ота-онамнинг раъйи билан оила қуриб, бир умр афсусда ўтишдан чўчияпман. Келажакда бахтли бўлишим учун қандай йўл тутишим керак?

Зебо

Куёвни ким танлагани маъқул? Албатта, икки ёшнинг танлови ихтиёрий бўлиши керак. Бироқ қиз бола доим ҳам ўз ҳиссиётларини аниқ-тиниқ англай олмайди. Шу маънода ота-она тажрибасига қулоқ тутган маъқул. Руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА билан «кундалиги»мизга янги мавзуни ёзамиз.

Кутил(ма)ган ўзгаришлар

Ҳаётда ҳамма нарса ҳам қатъий бир йўриқномага асосланганда унинг қизиғи бўлмасди. Шу маънода бизнинг режаларимиз кутилмаганда бошқача тус олиши табиий ҳол. Муҳими, ҳар бир вазият ва танлов қаршисида турганимиз маҳал масъулиятни тўлиқ зиммамизга ола билишимиздир. Айни пайтда сизнинг ички дунёингиз ва онг остида ўзгаришлар юз бераяпти. Балки шу пайтгача барча талаб ва таклифларга «Іа», «Хўп», «Розиман» дея жавоб қайтаргандирсиз. Энди эса иккиланиш пайдо бўлаяпти. Бу яхши, албатта. Чунки ота-онангизга қанчалик ишонманг ва улар сизни қанчалик ишонтиришмасин, оила қуриш, ўзаро муносабатлар борасида мустақил фикрингиз шаклланаяпти. Савол туғилади: ота-онанинг танловига қарши чиқиш керакми? Йўқ. Уларнинг фикрини ҳурмат қилиш ва ўрганиш лозим. Қатъий йўқ дейиш ёки тақдирга кўниб «Хўп бўлади» дастури билан иш кўриш ҳам ярамайди. Ахир, гап сизнинг тақдирингиз устида кетаяпти.

Йигит ота-онага маъқул бўлса...

Бизнинг замонамизда ота-она ўзи танлаган йигитга қизининг оёқ-қўлларини боғлаб узатиб юбориши... Бунга нафақат ишониш қийин, балки юз бериши мумкин бўлмаган ҳолат ҳамдир. Йўқ, дейишга шошманг. Босим остида, мажбурлов, қатъий шартлар асосида кўнгилсиз турмуш қуришлар ҳам учраб туради. Аммо бу ўринда ҳам гап ёшларнинг масъулиятдан қочиши, ўз менига эга эгамаслигидадир. Хўш, сиз тақдирингизни боғлашингиз мумкин бўлган инсон (ота-онангиз танлагани эмас, умуман йигитлар)га ўз талабларингиз борми? Қандай йигит билан оила қуришни истайсиз? Биринчи ўринда сиз учун нима муҳим? Муносабатларни қандай тасаввур қиласиз? Бу саволларга ойдинлик киритинг. Розилик берилган йигит эса ота-онангизнинг талабларига жавоб берган. Атрофингизда гирдикапалак бўлиши, қучоқ-қучоқ гуллар, орзудаги учрашувлар, олифтанома кўриниш — булар қайсидир маънода роль ўйнаши мумкин,аммо ўта ҳаётий зарурат эмас.

У нега эътиборсиз?

Учрашувга чиққанда орзу-хаёллар чилпарчин бўлгач, кайфиятингиз тушиб кетиши табиий. Натижада йигит билан яқиндан таниша олмайсиз. Аслида, қизларга йигит ҳақида маълум бир хулосага келиш учун уч учрашув кифоя, дейди мутахассислар. Келинг, чегараламаймиз. Яхшиси, унаштирув арафасида турган йигитнинг кўнглига қўл солиб кўришингизни тавсия қиламиз. У билан учрашувга чиққанда сиз ҳам тўнни тескариб кийиб, ўз қобиғингизга ўралиб олмаслигингиз керак. Аввал нейтрал мавзуда гап бошланг. Дарров чуқурлашманг. Болалик, қизиқишлар, ўзига хос принциплари, секин-аста, мақсадлар, туйғулар, оилавий ҳаётга муносабатини билиб олиш мумкин. Муҳими, у сизга қалбини очади. Сиз унга. Шунда оила қуриш масаласига иккингизда ҳам хайрихоҳлик кучаяди.

Унутманг, бирор қарор қабул қилаётганда фақат ҳиссиёт ёки ақлнинг ўзига суяниш нотўғри. Иккисининг уйғунлигида бир хулосага келинса, охири бахайрбўлади.

Сизга бахт ва муҳаббат тилаб...

ДУГОНАНГИЗ

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии