Ташкент +32° Fri 20:25
Долзарб мавзулар Фото

Ҳамдардлик

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 09.02.2018, 19:33

Ражаб керишиб, ёнида ухлаётган хотинига тикилди. Бечора худди жон таслим қилаётган бемордай тўлғаниб чиқди. Унинг оғир нафас олиши билан бирга мунгли инграши қулоққа чалинди. Аёл қўпол ва қадоқ қўлини мушт қилиб тугиб олганди. Пешонасидан томган тер томчилари юзидаги кирни ювиб, қуёшдан қорайган бўйни орқали ўмровига томар, буғдойранг териси эса кетма-кет томаётган тер томчиларини ўзига очкўзлик билан сингдирарди. Унинг беўхшов, катта сийналари эса қоронғуда худди товада ёйилиб ётган икки қуймоқни эслатарди. Аёл нафас олганда, сийналари оғир кўтарилиб-тушарди...

Ражаб хотинига узоқ термилиб турди ва “Уни кўзи ожиз одамгина аёл, деб ўйлаши мумкин”, деган хулосага келди. Ярим тун бўлишига қарамай, ҳаво дим, қилт этган шабада йўқ. Ражаб пайпасланиб, кўйлагини топди. Зим-зиё тунда дадил қадамлар билан эшик томон йўналди. Ҳовлига чиқиб, кўкрагини ерга бериб ётди.

Дарахтлар гўёки ёзнинг қайноқ туни бағрига сингиб кетгандек таассурот уйғотарди.

Дилгир хаёллардан қутулиш мақсадида Ражаб тамакидонини олди ва попирис ўради. Унинг юрагини тушунарсиз ғам-қайғу, оғир ҳис-туйғу эгаллади. Бу уни оқсоқол қилиб сайлашган кундаги туйғуларга ўхшамасди, ҳатто бу нарсани жандарм калтаклаган куни қалбини эгаллаган алам билан ҳам тенглаштириб бўлмасди. Ражаб аравасини беш лирага[1] сотгандан кейин уни етти ярим лирага сотиши мумкин бўлганлигини билганда ҳам бунчалик эзилмаганди. Қалбини хуфтон қиладиган ҳеч нима бўлмаганига қарамай, кайфияти тушиб кетди. Лавлагини вақтида экди, оқсоқланган ҳўкизнинг оёғи тузалди, сигир бузоқлади, жандарм билан ярашиб олди, ҳаттоки у билан қаҳвахонада “олтмиш олти” қарта ўйинини ўйнади. Ражаб ҳаётидан норози бўлишга бирор баҳона тополмади. У бир неча маротаба у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилди. Бу ҳақда бошқа ўйламасликка қарор қилиб, хотиржам тортди ва уйқуга кетди.

***

Ражаб кўзини очганда қуёш қиёмга келганди. Хотини билан қизи аллақачон далага ишга кетган бўлса керак. У ширингина керишиб, ўрнидан қўзғалди ва уй ичкарисига йўл олди. Печка ёнида турган кўзадаги айронга нон тўғраб, иштаҳа билан паққос туширди. Хотини тонг азондан туриб, уйни йиғиштириб, мол-ҳолга қараб, иссиқ нонларни ёпиб кетибди. Ражабга деярли иш қолмабди, қаҳвахонага бориб, “олтмиш олти” ўйнасамикин? Ахир, унинг кайфиятини бузадиган ҳеч нима бўлгани йўқ. Шунга қарамай, қарта ўйнагиси келмади. Яна унинг қалбини ғалати, юракни эзувчи ҳис-туйғу эгаллади. Бу ўткир туйғу унинг юрагини ер ағдарадиган омоч каби ағдар-тўнтар қилди. Эй Аллоҳ, бу сиқилишларнинг сабаби бормикин? Эккан уруғи униб чиқмаса ҳам сиқилади, аммо ҳозиргичалик эмас... Эшик оғзида солиқчи пайдо бўлса ҳам юраги орқага тортиб кетади, бироқ ўшанда ҳам ҳозиргидай юраги ўртанмайди...

“Далага борсаммикан? – деб ўйлади Ражаб. – Балки далага борсам, юрагимнинг чигили ёзилар... Ҳам аёлларнинг нима иш қилаётганини кўриб келаман...”

Анчадан бери ёмғир ёғмаганига ер қурғоқчиликдан тарам-тарам бўлиб ёрилиб кетганди. Уйлар олдига тўкилган гўнг ўзидан ёқимсиз ҳид таратиб, одамни лоҳас қиларди. Дарахтлар ўткир қуёш тиғи остида қотиб қолган, атроф жим-жит, бирор зоғ кўринмасди.

Қишлоқнинг сўнгги уйи олдидан ўтган Ражаб тўхтаб, дастрўмоли билан терлаб кетган юзини артди. “Агар жаҳаннам ҳам шундай жазирама бўлса, жаннатга тушишга ҳаракат қилиш керак”, деб минғирлади. У кўзларини қисиб, далага тикилди. Дала бўйлаб ёйилган аёллар узоқдан бинафшаранг чолворлари билан гулкарамни эслатарди.

Қошларидан оққан тер томчилари кўзларини куйдирди. Дала юзасида жимирлаб турган сароб ёйилиб, узоқдан худди хира тушни эслатарди. Дўзах оташидай қайнаган жазирама туфайли ич-ичидан қалтироқ турди. Аёлларнинг қўлидаги кетмон тўхтовсиз равишда юқорига кўтарилиб, пастга тушарди. Улар тош қотган ердаги, иссиқдан лоҳас бўлган лавлаги илдизи тагини юмшатишарди.

Ражаб бор кучини тўплаб, ниҳояси кўринмаган йўлни босиб ўтди ва хотинини топиб, унинг олдида тўхтади.

– Қалай, чарчамаяпсанми? Ҳеч бўлмаса, ернинг ярмини чопдингларми? – деб сўради.

Пешонасидан шаррос тер қуйилиб, ер чопаётган хотини бошини кўтармай, ҳансираб жавоб берди:

– Ҳали йигирма денюм[2] бор...

– Унда ўн кундан бери бу ерда нима қиляпсизлар?

Аёл лом-мим демай, кетмонини ўйнатгача ер чопаверди.

Хотинининг индамагани Ражабнинг иззат-нафсига тегиб, ғазаб отига минди:

– Мен сенга гапиряпман! Қулоғинг том битганми?

Аёл бош кўтариб эрига таъна аралаш назар солди, аммо сўз қотмади. У оёғида кучи қолмаган, яна бироз турса, гурс этиб қулайдиган ҳўкиз каби қаттиқ хўрсинди. Бетидаги чанг аралаш лойнинг қоралиги кўзларини баттар қоп-қора қилиб кўрсатди. Аёлнинг юзларидан инсониятнинг барча шармандагарчилигини, ожизлигини, ҳаётнинг бешафқатлигини уқиш мумкин эди...

Ражаб хотинининг нигоҳидан сесканиб кетди. Бирдан унинг юрагини бир неча кундан бери эзаётган ғам-алам сабаби аён бўлди. Ражабнинг хотинига раҳми келаётган экан...

***

Эртаси куни Ражаб шаҳардан икки дона қўлчироқ олиб келди.

– Мана, сизларга иккита қўлчироқ олиб келдим, – деди у хотинига қўл чироқларни узатиб. – Кундузи ҳаво жуда исиб кетяпти, тез чарчаб қоласизлар. Энди кечаси чироқ ёқиб ишлайсизлар...

Ўрхон ХАНЧЕРЛИ ЎҒЛИ

(Туркия. 1916-1991)

Рус тилидан Лола Шоимова таржимаси.



[1]Лира – Туркия пул бирлиги (изоҳлар таржимонники).

[2]Денюм (турк.) – майдон ўлчови, 919,3 кв. кмга тенг.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии