Ташкент +21° Tue 00:01
Долзарб мавзулар Фото

НАХИЧЕВАН – КЎҲНА ТАМАДДУН БЕШИГИ

Бўлимлар: ДУНЁ
Теглар:
Добавлено: 03.05.2014, 16:18

Озарбойжонда Нахичеван Мухтор Республикаси ташкил этилганининг 90 йиллиги кенг нишонланмоқда.        

Нахичеван МР 1924 йилда Озарбойжон таркибидаги мухтор республика сифатида ташкил этилган эди. Мазкур ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий жиҳатдан юксалиши ўтган асрнинг 70-йилларидан бошланган.  Қисқа вақт ичида Нахичеван ўлкаси мамлакатнинг мустаҳкам аграр ва саноат базаси даражасига етди. Бугун эса, Нахичеван ҳар жиҳатдан барқарор, гўзал ва бетакрор масканга айланди.

Нахичеван Шарқдаги кўҳна тамаддун бешикларидан бири. Бу ҳудуддан Жалил Маматқулзода, Алиқули Ғамгусор, Ҳусайн Жовил сингари жаҳонга машҳур шоир ва мутафаккирлар етишиб чиққан.

Нахичеван ўтмиши мозийнинг узоқ даврларига бориб тақалади. Айтишларича, Нахичеван “Нуҳ чихан” (Нуҳ чиққан) сўзининг ўзгарган шакли экан. Бутунжаҳон тўфонидан инсониятни қутқариб қолган Нуҳ пайғамбар ҳам ана шу заминдан чиққан эмиш. Чиндан ҳам бу ерда Нуҳ (а.с.) номи билан боғлиқ жуда кўп тарихий қадамжолар, ҳатто унга нисбат бериладиган қабр ҳам бор.

Илмий тадқиқотлар жараёнида бу ердан жуда кўп тарихий ёдкорликлар топилган. Ўрта асрларда қурилган  Мўмина Хотун, Юсуф ибн Қусайр мақбаралари, “Асҳоби Каҳф” зиёратгоҳи, масжид ва мадрасалар – жами 1170 та меъморий обида  бизгача етиб келган. Уларнинг 56 таси дунё аҳамиятига молик ёдгорликлардир. Бу ёдгорликларни кўриш ҳар йили дунённг турли нуқталаридан сайёҳлар оқиб келади.

Бугунги кунда Нахичеванда маданий, экологик ва тиббий туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётир. Бу ерда табиий қўриқхоналар, турли шифобахш масканлар, маданий-маърифий муассасалар кўп.

Нахичеван бугун ўзининг бой тарихи, анъаналари, иқтисодий имкониятлари,  гўзал табиати билан дунёнинг турли ҳудудларидан сайёҳлар, тадбиркорлар, меҳмонларни ўзига жалб этаётир.

Айни дамда эса, мазкур қутлуғ сана муносабати билан жойларда турли тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Шубҳасиз, келгусида ҳам Нахичеван ўзининг бетакрор салоҳияти билан дунё аҳлини ўзига мафтун этаверади. 

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии