Му5
50

I чоракда 534 километр йўл қурилиш ишлари учун 621 миллиард сўмлик шартномалар тузилди

ЖАМИЯТ 08.05.2014, 11:15
4143
I чоракда 534 километр йўл қурилиш ишлари учун 621 миллиард сўмлик шартномалар тузилди

“Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси томонидан жорий йил биринчи чорагида амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 22 апрелда қабул қилинган “2009-2014 йилларда Ўзбекистон миллий автомагистралини реконструкция қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2010 йил 21 декабрдаги “2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорлари соҳа ривожида дастуриламал бўлаётгани таъкидланди.

Ушбу қарорларга мувофиқ 2014 йилнинг биринчи чорагида олтмишдан зиёд объектда 534 километр узунликдаги автомобиль йўллари фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Инвестиция дастури доирасида маҳаллий пудратчи корхоналар 534 километр йўл қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 621 миллиард сўмлик, шундан “Ўзавтойўл” компанияси корхоналари 257 километр йўл қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 503,4 миллиард сўмлик шартномалар тузган бўлиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Тадбирда ҳисобот даврида компания томонидан 171,1 миллиард сўмлик йўл қурилиш, таъмирлаш, сақлаш ва ташқи пудрат ишлари бажарилгани маълум қилинди.

Мамлакатимизда 42 минг 654 километр умумфойдаланишдаги, жумладан, халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўллари мавжуд. Уларни техник соз ҳолатда сақлаб, транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавфсиз қатновини таъминлаш борасида “Ўзавтойўл” компанияси томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2014 йилнинг 1-чорагида халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларида компания тизимидаги корхона ва ташкилотлар томонидан 12,1 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, умумий фойдаланишдаги халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга 42 минг 654 километр узунликдаги автомобиль йўлларида 118 миллиард сўмлик сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Бу борада компания таркибидаги ҳудудий корхоналар, автомобиль йўлларини сақлаш учун масъул идоралар,  илмий-тадқиқот институти ва махсус қурилиш корхоналари  фаолияти самарали бўлаётир.

Ўзбек миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфраструктураси ва сервисини ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Йўловчилар ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида ҳозирга қадар бир қатор хизмат кўрсатиш шохобчалари, меҳмонхоналар қурилди. 2014-2015 йиллар давомида сервис хизмати  кўрсатувчи  бундай  объектлар сони янада ортади.

Тадбирда соҳага хорижий сармояларнинг кенг жалб этилаётгани мамлакатимиз автомобиль йўлларининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилиши қайд этилди.

Шарҳлар