Му5
48

Лола ЭЛТОЕВА: “Қанийди, кимнидир йўқотмай, йиқилмай УЛҒАЙСАК...”

ШОУ-БИЗНЕС 10.05.2014, 10:32
8200
Лола ЭЛТОЕВА: “Қанийди, кимнидир йўқотмай, йиқилмай УЛҒАЙСАК...”

Лола Элтоева! Юзидаги ним табассум, овозидаги самимият, муносабатидаги оддийлик... Бу ҳислатлар актирсани эслаб қолишга мажбур қилади. Саҳна ва ҳаёт! Бир-бирини инкор этиши мумкин. Аммо ЮРАК икки майдонда ҳам бир хил уриши, ҳис этиши лозим. Бу борада Лола Элтоева омадли...

Лола опа, йўқотишлар одамни улғайтиради, дейишади...

— Суянганларингиздан айрилиш сизни тарбиялайди. Тарбия, тажриба айтганингиздек, одамни улғайтиради. Ўзингизни ислоҳ қила бошлайсиз, турли хил саволлар олдингизда жавоб кутади...

— УЛҒАЙИШ яхшими?

— Аввал отамдан, кейин онамдан айрилдим... Биласизми, бу йўқотишлар зиммамдаги ТЎНҒИЧ фарзанд маъсулиятини оширди. Атрофга, одамларга муносабатим ўзгарди. Улғайиш яхши, бу инсон учун ниҳоятда керак. Дунёни англашга интилиш одамийликнинг нишонаси! Аммо қанийди, кимнидир йўқотмай ёки йиқилмай, қоқилмай УЛҒАЙСАК... Афсуски, ҳаётнинг шундай қонунлари борки, ҳеч қачон уларни ўзгартириб бўлмайди.

— ...барибир омадлисиз! Мувафаққиятларингиз  сири нимада?

— Машаққат ва меҳнатда! Ҳеч нарса совға қилинмайди, барча орзуларга ҳаракат билан эришилади. Институтда ўқиб юрган кезларимдаёқ олдимга улкан мақсадларни қўйгандим. Кейин атрофимда яхши одамлар кўп, бу ҳам ишларингиз унуми учун ниҳоятда зарур. Кўнгил олинг, кўнглингиз тўлади, дейишади-ку!

— Кўнгил олиш... Бу жараёнда ўз кўнглимиз неча маротаба қолади”...

— ...тўғри, аммо бу ҳаётий принципларингизни ўзгартириш учун етарли сабаб эмас. Бу - мен танлаган йўл. Ундаги ҳар бир вазият меники! Санъаткорнинг қисмати бу борада янада мураккаб. Масалан, отамнинг вафотидан бир неча кун ўтиб саҳнага чиққанман. Дард билан кулишга, кулиб йиғлашга мажбур эдим. Барча қийинчиликларни енгиб, ота-онамнинг руҳи учун саҳнада “ўйнаганман”! 

XXI аср... фарзандларингизни нимадан асраган бўлардингиз?

— (Ўйланиб) мураккаб савол... Агар ўзимни нимадан асрашим ҳақида сўралганда, балки тезроқ жавоб беролган бўлардим. Болалар... Ниҳоятда мураккаб давр! Тараққиётнинг жадал суратда давом этиши, ахборот  доирасининг кенглиги... Ҳозир аниқ бир жавоб беришим қийин. Яратгандан фарзандларимнинг атрофида яхши одамлар бўлсин, деб сўрайман.

— Болалар ҳайрат манбаига ўхшайди?..

— Уларнинг ўз ҳақиқатлари бор. Кенжатойимнинг баъзи мулоҳазаларини эшитиб ўйланиб қоламан. “Ойижон мен мактабга бормайман, катта бўлсам сиз қариб қоларкансиз. Сизни қаришингизни истамайман, майли фақат боғчага бора қоламан”, дейди... Қани эди ҳамиша дунёни болаларнинг самимияти билан кўра олсак!

Ўзбекча рақсда ижроингиздан завқланмасликнинг иложи йўқ. Асарни театр саҳнасида томоша қилганимга уч йил бўлди... Ҳамон  таассуротларим йўқолмаган...

— Раҳмат! Мария мен учун ниҳоятда қадрли. Бу образнинг устида жуда кўп ишладим. Ҳар бир саҳна мураккаб, ички кечинмаларга бой. Рус қизининг ўзбекка “айланиши” осонмас. Саҳнада воқеаларга таяниб, томошабинни кулгусига эришиш мумкин. Лекин ролга профессионал ёндошмасангиз масҳарабоздан фарқингиз қолмайди. Шу маънода Марямнинг тилини ўзлашатириш учун рус дугоналаримни ўзбек тилида гапиртириб кўрганман, ўзбекча анъаналарга уларнинг муносабатларини ўрганганман...

— Назаримда, ролни бу қадар шўнғимасданҳам ижро этишингиз мумкин эди...

— Балки, шундай қилса бўлар... Аммо мен бундай қилолмайман. Асар якунида Марям набиралари қуршовида “тановар”га рақсга тушади. Унинг ҳаракатларида бутун умр — ҳаёт акс этиши лозим. Бу ниҳоятда психологик жараён. Тасаввур қилинг, изланмасдан шу образга киришиб бўладими?

— Лола опа, ўзбек киносида 35-40 ёшли актёр ва актрисаларнинг ҳолатига бироз ачинаман. Айни тафаккур ўсган, тажрибага тўлган пайтда улар ўтиш даврининг одамларига айланиб қолади. Дунё киноси эса айнан шу даврни қадрлайди?

— Ҳозир бизнинг нозик ва аламли нуқтамизни эслатдингиз. Жуда ачинаман, имкониятлар ҳудуди кенгайиб, ҳаётнинг паст-у баландларини тушуниб, ўз хулосаларингизга эга бўлган пайтда вақт ўтишини кутиш... Қанийди режиссёрларимиз 35-45 ёшли одамнинг психологияси, ташвиш, қувончларини акс эттирадиган кучли драматизмга бой лойиҳалар устида ишласа. Афсуски, экранда қиз, келинлардан кейин бирданига “қайнона”, кўпни кўрган “она”га айланиб қоламиз. Аслида экранда акс этаётган қаҳрамоннинг тўла маънодаги қиёфасини очиш учун ҲАЁТИЙ ТАЖРИБА сув ва ҳаводек зарур!

— Классик актриса Сара Бернар 70 ёшида театр саҳнасида 13 ёшли Жульеттани ижро этган. Сиз ҳозир 18 ёшли қизнинг тақдирини экранда акс эттира оласизми?

— ...агар имкон берилса уддалаш вазифам! Актриса ҳар доим айниқса, театр актрисаси “старт”да туради! Ташқи қиёфа муҳим, лекин образнинг мувафаққияти унинг юрагини томошабинга кўрсатиб беришда. 

— Ролларингизни қизғонасизми?

— Йўқ, қизғонмайман! Агар дублёрингиз маромига етказиб ижро этса фақат қойил қолиш керак.

— Дублёрларда бир-биридан ўғирлашҳолатлари ҳам бўлади...

— ...бу бошқа масала! Ҳар бир ижодкорнинг ўз услуби бор. Агар дублёрингиз сизнинг топилмаларингизни ўзлаштирса, билингки, сизнинг ижодий имкониятингиз уникидан кенг. Яна бир ҳолат:  “ўғирланган” образ сохта чиқади. Қолаверса, ўз маҳоратига ишонган актёр бу ишни қилмайди.

Шу роль меники бўлиши керак эди”, деган ўй бўлганми?

— (Ўйланиб) ...йўқ!

— Шу ролни ўйнолмадим, деган армон-чи?

— Йўқ! Кўпроқ ўзимга юклатилган вазифани маромига етказиш ҳақида ўйлайман. Ўйнолмаган ролларим йўқ, аммо мени кутаётган ОБРАЗлар бор!

— Ўтган йилларга нисбатан пушаймон ҳисси  қийнайдими?

— Ўйлайман, таҳлил қиламан, аммо пушаймонлардан ўзимни асрайман. Армонлар бор...  Отам кенжа фарзандимни кўра олмади... Мен ҳамиша ота-онам билан маслакдош эдим. Улар оламдан ўтгач, ўзимни ёлғиз ҳис этяпман. Одамга ҳар доим яқинларининг меҳри, далдаси жуда зарур. Ҳар куни кўришардик, суҳбатлашардик, фарзанд ота-она меҳрига тўймас экан...

— Оила ва ишда меъёр нуқтасини қандай белгилайсиз?

— Агар сабрли ва тадбиркор бўлсангиз менимча уддабурон, ҳавас қилгулик АЁЛга айланасиз. Юз бераётган жараёнларни илғаб, унга ақл билан ёндошсангиз муаммоларга ечим топиш осон кечади.

 

Хулоса: Тешик қулоқ эшитади, суяксиз тил гапиради, деганларидек... Хуллас, Ўзбекча рақсспектакли билан боғлиқ гап-сўзлар қулоғимга чалинганди. Суҳбат давомида гапни бир-икки марта ўша томонга бурдим, аммо Лола опа ғийбатга бош қўшмади. Бўлиб ўтган воқеалардан хабардорлигим сабаб, актрисамизнинг кучли иродасига ҳавасим келди. Вазиятларнинг энг холис ечими ва баҳосини вақтнинг измига қўйиб бергани эса эътирофга лойиқ. Мувафаққиятнинг сири меҳнат баробарида тоза кўнгил ва кечира билишдек фазилатга ҳам боғлиқ, деган хулосага келдим. Агар мулоҳазалар кимгадир ортиқча таърифдек туюлса, Лола опа билан дилдан суҳбат қуринг, деган бўлардим.

Севдо НИЁЗОВА суҳбатлашди.

Фотомухбир: Зиёвуддин КАРИМБЕРДИЕВ

ФАКТ!

  • Лола Элтоева 1972 йилнинг 4 сентябрида туғилган.
  • Баҳриддин БОЗОРОВ ҳамда Лола ЭЛТОЕВА. Улар 1999 йили турмуш єуришган. Уч ўғиллари бор. Тўнғич ўғили — Фирдавс, ўртанча фарзанди — Фародис, кенжаси эса Фикрат.
  • Мен ҳеч қачон умр йўлдошимдан устун бўлишни орзу қилмаганман. Асосийси, турмуш ўртојим мени тушунса ва севган касбим билан шујулланишимга єаршилик єилмаса, бўлгани. Баҳриддин ака тушунган, зиёли инсон. Саҳнадаги партнёрларимдан рашк қилгани, муваффақиятимдан ори келганини іеч эслолмайман.

Роллари.

КИНО:

  • “Ўткан кунлар” 1997 йил, 
  • “Воиз” 1997 йил,
  • “Эркак” 2005 йил,
  • “Дилхирож” 2002 йил,
  • “Келгинди куёв” 2005 йил,
  • “Кўзларинг маъюс” 2006 йил,
  • “Аросат” 2009 йил,
  • “Тубанлик” 2012 йил,
  • “Паримзод” 2012 йил,
  • “Қудуқ” 2014 йил,
  • “Қора қузғун” 2014 йил,
  • “Хонадон эгаси” 2014 йил,
  • “Абадият чархи” 2010 йил,
  • “Сўнгги лаҳза” 2009 йил,
  • “Жазо” 2007 йил,
  • “Тундан тонггача”,
  • Севгинатор 2”...

 

 

ТЕАТР:

  • “Мухаббат султони” 1995 йил,
  • “Кулойим” 1994 йил,
  • “Жиноят устида ушлансин” 1995 йил,
  • “Пири коинот” 1998 йил,
  • “Уфқ” 1996 йил,
  • “Боши қотган ошиқлар” 1996 йил,
  • Макр ва муҳаббат” 2006 йил,
  • “Адибнинг умри” 2005 йил,
  • “Хасрат боғи” 2007 йил,
  • “Бевалар” 2008 йил,
  • “Тун албатта ўтади” 2007 йил,
  • “Увайсий” 2006 йил,
  • “Ўзбекча рақс” 2009 йил,
  • Тонг отган тарафларда” 2013 йил.

 

Шарҳлар