Ташкент +2° Sun 12:48
Долзарб мавзулар Фото

Президент буюк қозоқ шоири Абай Қўнонбоев ижодий меросини ўрганиш бўйича қарорни имзолади

Бўлимлар: СИЁСАТ
Теглар:
Добавлено: 13.03.2018, 17:20

Бугун, 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида берилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва жамоатчилик вакилларининг халқимизнинг қардош Қозоғистон халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига, ёруғ келажагига бўлган ҳурмати ва ишончининг ёрқин ифодаси сифатида юртимизда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий мероси кенг ўрганилади ва тарғиб қилинади.

Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишни ташкил қилиш бўйича ташкилий қўмита ташкил этилади.

Ташкилий қўмита бир ой муддатда Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чикаради. Ушбу чора-тадбирлар режасида:

Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асарини ҳамда “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” номли доимий экспозицияни ташкил этиш;

ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва мушоира ўтказиш;

ўқувчи ва талаба ёшлар ўртасида “Абай асарларининг билимдони” иншолар кўрик-танловини ўтказиш;

оммавий ахборот воситаларида Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар бериб бориш;

Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этиш;

мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш тадбирлари кўзда тутилади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига қарор ижроси билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритилиб борилади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии