Му5
46

«Ёрдам беринг, йўталим ўтиб кетмаяпти...»

САЛОМАТЛИК 16.03.2018, 11:14
11122
«Ёрдам беринг, йўталим ўтиб кетмаяпти...»

Йўтал организмнинг ўзига хос ҳимояси. Шу йўл билан у нафас олишни яхшилайди. Ўткир шамоллашда йўтал қуруқ бўлиши мумкин. Кексаларда кўпинча йўталнинг ана шундай тури кузатилади. Безовталик давом этишига қараб фарқланиши мумкин. Мисол учун, ўткир йўтал беш кун кузатлиб, сўнг ўтиб кетади. Узоқ давом этадиган ёки сурункали (мавсумда) қийнайдиган турлари эса бир қанча муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шамоллаш ва юқумли касалликларга алоқаси бўлмаган аллергик йўтал ҳам одамни анча изтиробга қўйиши мумкин. Ўқтин-ўқтин қийнайдиган тунги йўтал эса бир қатор касалликлар ҳақида дарак беради.Нам йўтални даволашда яллиғланишга қарши дори-дармонлардан фойдалансак, қуруқ йўталда таркибида тинчлантирувчи воситалар бўлган дорилар талаб қилинади. Яъни, ҳар бир йўталнинг ўзига хос давоси бор. Бу ҳақда шифокор-терапевт Шаҳноза САИДОВА янада батафсил маълумот беради.

БЕЗОВТАЛИК ҚАНДАЙ БОШЛАНАДИ?

Йўтал ёрдамида нафас йўлларимиз ортиқча балғам ва микроблардан тозаланади. Агар микроб халқумнинг орқа қаватини зарарлаган бўлса, томоқ яллиғланади. Ана шунда фарингит юзага келади, йўтал юзаки бўлади. Борди-ю, инфекция овоз пайларини зарарлаган бўлса, дарров ларингит бошланади. Бунда йўтал ҳам анча изтиробли бўлиб, кетиши қийинроқ кечади. Айнан шу даврда касалликни даволасангиз, марра сизники. Йўталдан атиги 3 кунда халос бўлишингиз мумкин. Акс ҳолда касалликни ўтказиб юбориб, бронхитга йўлиқасиз-у, янада оғриқли йўтални орттириб оласиз.

Биласизми:

10 кундан бери қийнайдиган йўтал – танада инфекция борлигини билдиради. Бу ҳолат 2 ҳафта давом этса, гап сурункали йўтал ҳақида кетади.

ҚЎЗҒАТУВЧИ ОМИЛЛАР...

Йўталнинг бошланишига чанг-тўзон, вируслар, бактерия ва микроблар, аллергик моддалар сабабчи бўлади.

АГАР ЙЎТАЛ ҚУРУҚ БЎЛСА..

Бу ҳолат халқум яллиғланганда, бронхлар шамоллаганида, аллергик касалликларда, бронхиал астмада, нафас йўлларида ўсма касаллиги пайдо бўлганда, кўкйўтал, қизамиқда, баъзан эса гижжа кўпайганда юз бериши мумкин. Бундан ташқари, кашандаларда ҳамқуруқ йўтал кузатилади. Бу кўпроқ уйқудан кейин юз беради.

ТЕЗРОҚ ШИФОКОРГА!

Агар йўтал:

*даво чораларини қўллаган пайтдан бошлаб, 2 ҳафтадан бери тўхтамаса;

*йўтал тана ҳарорати, нафас бўғилиши, кўкракда хуштак чалиш билан бирга кечса;

*балғам йирингли, қонталаш бўлса;

*болада 3 дақиқада ҳам тўхтамаётган йўтал пайдо бўлса;

*йўталганда кўкракда оғриқ сезилса, дарров шифокорга бориб, текширувлардан ўтиш керак. Йўтал кўздаги майда қон томирларнинг ёрилишига олиб келиб, ҳомиладорликда нохуш ҳолатларни пайдо қилиши ҳам мумкин.

Бу муҳим!

Ёш болаларда қуруқ йўталнинг пайдо бўлишига аҳамият бериш керак. Болакайлар ердан топиб олган майда нарсаларни ютиб, натижада нафас йўллари зарарланишига дучор бўлишади. Халқумга ёт жисмлар кирганида тезкорлик билан болани шифокорга олиб бориш керак. Акс ҳолда, бўғилиш юз бериши ҳеч гапмас.

Қуруқ йўталнинг аниқ сабабини аниқлаш учун эринмай тўлақонли тиббий текширувдан ўтинг. Шифокорнинг кўрсатмаларига қараб, терапевт, аллерголог кўриги тавсия этилади. Қуруқ йўтални даволашда касаллик турига қараб, вирус ва яллиғланишга қарши дорилар, антибиотиклар, йўтални тўхтатувчи муколитик ҳамда аллергияга қарши антигистамин воситалар буюрилади.

ХАЛҚОНА ДАВОСИ

Агар йўтал шамоллаш ва яллиғланиш билан боғлиқ бўлса, пишган картошка буғида нафас олиш, кўкрак соҳасига спиртли компресс, асалли сут ичиш ёрдамида даволаниш осон. Лекин бу муолажаларнинг биронтаси ларингит ёки аллергик касалликларда даво бўлолмайди, аксинча йўтал ҳуружини давомли ва изтиробли бўлишига олиб келади. Шунинг учун биринчи галда йўталингизга ташхис қўйдиринг. Гарчи текширув муолажалари вақт олса-да, яхшиси, ташхисни билиб, кейин даво чораларини қўллаш керак.

«БАЛҒАМ АЖРАЛИШИДАН ЧАРЧАДИМ»

Намли йўтал – бронхит, зотилжам касалликлари учун хос. Агар йўтал пайтида кўкрак қафасида кучли оғриқ сезилса, бу ўпка касалликларига ишора бўлиши мумкин. Балғамли йўтал тумов билан бирга кечса, бу грипп, шамоллаш, баъзан эса мушук, ит жуни, ўсимлик ва уй чанги, пар кўрпа-ёстиқ ёки бирон маҳсулотга бўлган аллергик таъсирдан келиб чиқади. Агар йўтал бир ёнбошда ётганингизда пайдо бўлиб, ҳолатни ўзгартирганда йўқолса, ўпкани текширтиринг.

БОЛАЛАРДА-ЧИ?!

Боланинг бурнига яллиғланишга қарши томчи дори томизилса, балғамли йўтал тўхтайди. Кичкинтойнинг тишлари чиқаётганида ҳам балғамли йўтал кузатилиши мумкин. Лекин аксарият ҳолларда йўталнинг бу тури сурункали шамоллаш ҳақида дарак беради. Бундай пайтда қўлга момиқ қўлқоп кийиб уни иситилган зайтун ёки пахта мойига ботириб, боланинг кўкрак қафаси, елкалари, товонлари уқаланади.

АЛЛЕРГИК ТУРИ МАВСУМ ТАНЛАЙДИ!

Йўталнинг бу тури мавсумлар ўзгарганда янада қўзғаши мумкин. Бунга сабаб баҳорда гуллайдиган ўсимликлар ва дарахтлардан ажраладиган гул чанги бўлади. Ёзда эса баъзи манзарали дарахтлар ва ўт-ўланлардан ажраладиган уруғ чанги сабаб бўлади. Агар аллергияси бор боланинг йўтали тунда кучайса, бунга у ётган хона ҳавосининг қуруқлиги ёки ёстиқ, кўрпаси «айбдор». Уларнинг пахта ёки пардан бўлмаслигига аҳамият беринг. Уйни ҳар куни нам латта билан тозалаш, буғли чангюткичдан фойдаланиш ва юзаси силлиқ гулқоғозни деворга ёпиштириш ёки экологик тоза бўёқлар ёрдамида деворларни бўяш лозим. Шунингдек, уйда намлик бўлмаслигига аҳамият беринг. Бу ҳам моғор босишига олиб келиб, йўтални кучайтиради.

ТАВСИЯ: аллергик йўталдан сақланиш учун кўчадан киргач, бурун ва томоқни қайнатилган илиқ сувда 3 маротаба яхшилаб чайиш керак.

ТУНГИ ХУРУЖЛАРДА НИМА ҚИЛАМИЗ?

Тонгга яқин юз берадиган йўталнинг сабаби кучли шамоллаш, нафас йўллари касалликлари, нотўғри ётиш, пар ёстиқ, намлик ёки аксинча ортиқча иссиқ ҳаво, аллергик касалликлар саналади. Айниқса, бронхиал ва аллергик астмада, баъзан эса юрак касалликларида кузатилади.

Агар бу ҳолат болада юз берган бўлса, иссиқ сув, сут бериш ёки иссиқ сув устида 2-3 дақиқа нафас олишига қўйиб бериш керак. Албатта, бу ҳолат ҳақида тезроқ шифокорга хабар бериб, тегишли чора кўриш муҳимлигини ҳам ёдда тутинг.

ЁРДАМЧИ ЧОРАЛАР

Йўталда, албатта, ётиш режимига риоя қилиш керак. Кун давомида 2 литргача С витаминига бой дамлама, компот, мевали қайнатмалар ичиш жуда фойдали. Томоқни тузли сувда чайиш йўталнинг ҳар бир турида кони шифо. Ёки фурацилинли эритмада чайишингиз мумкин. Бу муолажа, ҳатто, давоси нозик бўлган ларингит касалида ҳам кор келади.

Иложи борича, нафас гимнастикасидан фойдаланинг: бунда енгил нафас олиб, уни узоқлик билан чиқариш, кейингисида қоринни шиштириб, чуқур нафас олиш лозим. Қўлларни олдинга, орқага худди сузаётгандек ҳаракатлантириш йўталнинг тўхташига хизмат қилади.

Биласизми:

*қуруқ йўталда: анжирни сутда қайнатиб, ярим пиёла минерал сув қўшиб ичилади;

*нам йўталда «юлдузча» бальзами ёрдамида қилинган буғли муолажалар кор қилади;

*тунги йўталда оёққа ванна қилиш яхши ёрдам беради;

*шамоллаш билан боғлиқ йўталда бир ҳафта давомида мойчечакли дамлама ичишингизмумкин;

*кашандалар йўталида ялпиз вва асрлонқуйруқ дамламаси асқотади;

*агар йўтал ҳомиладор аёлда кузатилса, зиғир ёки шивит уруғидан дамлама тайёрлаб ичиш мумкин. Худди шу муолажа эмизикли аёлга ёрдам беради.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+9° дымка
Валюта курси
rightuz