Ташкент +31° Thu 21:47
Долзарб мавзулар Фото

Буйрак кистаси – унинг давоси операциями?

Бўлимлар: САЛОМАТЛИК
Теглар:
Добавлено: 10.04.2018, 10:52

Организмни ортиқча суюқлик ва токсинлардан тозалашда буйракнинг ўрни муҳим. Шу боис унинг фаолиятида бироз бузилиш бўлса ҳам саломатликда салбий ўзгаришлар юзага келиши мумкин. Мисол учун, буйрак кистасини олайлик. Аслида, ушбу касалликдан сўз очганимизнинг сабаби бор: куни кеча таҳририятга жиззахлик муштарийимиз – Мусурмон Ҳолиқов қўнғироқ қилган эди. Унинг айтишича, рафиқасининг ўнг буйрагида киста аниқланган. Ва бемор ҳамда унинг оила аъзолари хасталик ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишни истамоқда.

Мутахассис: Тошкент тиббиёт академиясининг нефрология бўлими доценти, нефролог Абдусаид Ҳасанов.

Бир нечта сабаби бор

Буйрак кистаси мазкур аъзода пайдо бўлган думалоқ шаклдаги, сарғиш (ёки шаффоф) сувдан таркиб топган ўсмадир. У, кўпинча, бир буйракда пайдо бўлади. Баъзан эса буйраклар поликистози ташхиси қўйилиши ҳам мумкин. Яъни бу ҳар иккала буйракда кўплаб ўсимталар мавжуд, дегани.

* Киста буйрак тўқималарининг аномал ўсиши туфайли келиб чиқади. Бу ҳолат туғма ёки орттирилган бўлиши мумкин.

* Наслий омилга бориб тақалади, яъни касаллик организмда бириктирувчи тўқималар етишмовчилиги туфайли келиб чиқади.

* Хасталикнинг туғма шакли эса она ҳомиладорлигидаги инфекция ва жароҳатлар туфайли келиб чиқиши мумкин. Инфекция ва жароҳатлар сабаб орттирилган киста нафақат болалар, балки катталарда ҳам аниқланади.

* Ёш билан боғлиқ омил. Касаллик, кўпинча, 50 ёшдан кейин юзага келади.

Кучли оғриқ безовта қилса...

Буйрак кистаси тузилишига кўра, оддий ва мураккаб турга бўлинади. Оддийси ёки йириги (масалан, ўнг буйракдаги оддий киста) битта, мураккаб кисталар эса битта буйракда бир нечта бўлади. Улар кўплиги боис даволаш ҳам қийин кечади. Оддий киста кўпига қараганда хавфсизроқ, асоратлари ҳам камдир.

Кистанинг симптомлари унинг ҳажмига қараб намоён бўлиши мумкин. Унча катта бўлмаган ўсма белги бермайди ва беморга ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди. Лекин агар у катта бўлса, белнинг бир ёки ҳар икки қисмида оғриқ сезилади. Баъзан оғриқ жинсий аъзоларга ҳам кўчиши эҳтимоли бор. Агар ўсимта буйрак ва сийдик қопини боғловчи йўлни сиқиб турса, томирларни зарарлаб, аъзони эзади. Шу боис сийдик чиқариш муаммолари, яъни тез-тез ҳожатга бориш, сийдик миқдори камлиги, пешобда қон пайдо бўлиши, артериал қон босими кўтарилиши каби ҳолатлар юзага келади. Агар сийдик туриб қолиши ва иммун тизим сустлиги туфайли киста фонида иккиламчи инфекциялар кўпайса, иситма, титроқ, безгак, инфекциялар туфайли сийдик хиралашиши, қорин соҳасидаги кучли оғриқ (бу киста ёрилганидан далолат бўлиши ҳам мумкин ва шошилинч жарроҳлик амалиётини талаб қилади) беморни безовта қилади.

Киста ҳажмига қараб турли асоратларга олиб келади. Боиси, унинг ўлчами 1 дан 10 смгача бўлиши мумкин. Катта ўсимта буйрак ва сийдик қопини боғлаб турувчи йўлни ва буйрак томирларини сиқиб қўяди. Бунинг оқибатида сийдик ортга қайтиб, буйрак токсинлари организмни заҳарлайди (кўпинча, иккала буйрак зарарланганда). Натижада, аъзо қурий бошлаши ва буйрак етишмовчилиги келиб чиқиши эҳтимоли кучаяди. Бундан ташқари, бемор қўққисдан жароҳат олган маҳал киста ёрилиб, кечиктириб бўлмайдиган жарроҳлик амалиётини талаб қилиши ҳам мумкин. Яна кистада йиринглаш юзага келса (чунки ўсма ичидаги суюқлик турли бактериялар учун озуқа манбаидир), бутун организм заҳарлана бошлайди. Ушбу ҳолатда ҳам оператив муолажа зарур.

Нефролог қабулига боринг!

Хасталикнинг биринчи белгилари сезилиши биланоқ мутахассис қабулига бориш керак. Нефролог ёки уролог шифокор беморни текшириб, керакли саволларни бергач, буйрак соҳасини пальпация (бармоқ билан пайпаслаш) қилиб кўради. Шунинг ўзиёқ буйрак ўлчами катталашганини билдиради. Аниқ ташхис қўйиш учун эса УТТ, МРТ, тўқималар биопсияси каби усуллар қўлланиши мумкин.

Агар ташхис буйракда киста борлигини тасдиқласа, даволаш режаси касаллик белгилари ва уни келтириб чиқарган омилларни бартараф этишга қаратилади. Касаллик ташхисига қараб, терапевтик ёки хирургик муолажалар, парҳезлар қўлланиши мумкин.

Киста катта ўлчамда бўлса, пешоб чиқаришда муаммо туғдирса, буйрак етишмовчилиги хавфи мавжуд бўлса, жарроҳлик амалиёти зарур. Буйракда кистанинг жойлашуви ҳамда беморнинг умумий аҳволига қараб, киста пункцияси ёки лапароскопик жарроҳлик амалиёти қўлланади.

Муборак Анварова тайёрлади

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии