Ташкент +26° Tue 20:17
Долзарб мавзулар Фото

Тошкентда 36 ёшли эркак оиласини бузиш билан таҳдид қилган жазманини ўлдирди

Бўлимлар: ЖИНОЯТ
Теглар:
Добавлено: 15.04.2018, 19:49

Шу йилнинг 11 апрел куни Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига эркак киши қўнғироқ қилиб, таниши – 40 ёшли М.Хни пичоқ билан бир неча бор жароҳатлагани ва оқибатда унинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Хабарда айтилишича, ҳолат бўйича Бектемир туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва 36 ёшли Н.Ж. айбланувчи сифатида қўлга олинган. Олиб борилган суриштирув-тергов вақтида айбланувчи фожианинг қандай содир бўлганлигини сўзлаб берган.

Н.Ж.нинг айтишича, у ўз автомашинасида кетаётиб, аёл кишининг машина ғилдирагини алмаштиришга уринаётганини кўриб қолган ва унга ёрдам беришга қарор қилган. Шу баҳона эркак ва аёл ўртасида илиқ суҳбат бошланган. Янги танишлар телефон рақамларини алмашишган. Эртаси куни эса М.Х. йигитга қўнғироқ қилиб, уйига таклиф қилган. Кечки овқат билан спиртли ичимликлар ичилган, сўнгра суҳбат ётоқхонага кўчган...

Шу воқеадан сўнг аёл Н.Ж.га тез-тез қўнғироқ қилиб, алоқани давом эттиришни, йигит эса оиласи, икки нафар фарзанди борлигини айтиб, уни бошқа безовта қилмасликни сўраган. Бироқ, шунга қарамай М.Х. уни тинч қўймаган, аксинча бу ҳақда қариндошларига айтиб бериш билан пўписа қилган.

Сўзида турган аёл қандайдир йўл билан уй манзилини топиб, йигитнинг рақифасига улар ўртасида бўлиб ўтган воқеаларни гапириб берган. Шу сабаб Н.Ж. ва турмуш ўртоғи ўртасидаги муносабат бузилган. Лекин йигит бу ҳақда ички ишлар органига, профилактика инспекторига ёки маҳалла раисига айтишга уялган, бундан бошқалар ҳам хабар топишидан қўрққан.

Ўша машъум кунда Н.Ж. уч фарзанднинг онаси бўлган М.Х.нинг уйига бориб, ундан яна бир бор ўзини ва оиласини тинч қўйишини сўраган. Бироқ, аёл фақатгина бир шарт билан унинг уйига бошқа бормаслигини, бунинг учун йигит доимий равишда аёлникига келиб туришини талаб қилган.

Н.Ж. қанча ёлвормасин, аёл ўз сўзида туриб олган. Айтганига рози бўлмаса, оиласини бузиш билан таҳдид қилган, ишончини оқламаганликда, уни алдаганликда айблаган. Оқибатда ўзини тутиб туролмаган Н.Ж. столда турган пичоқни олиб, аёлга бир неча бор зарба берган. Сал ўтиб, қилган ишини англаб етган йигит «102» га қўнғироқ қилган…

Уч нафар болани онасидан, икки фарзандни ота меҳридан бебаҳра қилган ушбу фожианинг олдини олиш мумкинмиди? Албатта, мумкин эди. Агар йигит ўз вақтида бу ҳақда ички ишлар органларига, жамоатчиликка маълум қилиб ёрдам сўраганида, эҳтимол ҳаммаси бошқача якун топган бўлар эди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

МУТОЛАА

11.09.2018, 21:43
04.09.2018, 20:15