41

"Хўжа Насриддин" фильмида Жан Рено суратга тушади

ШОУ-БИЗНЕС 22.05.2018, 13:47
2634
 "Хўжа Насриддин" фильмида Жан Рено суратга тушади

Тарихда илк маротаба Франциядаги 71-Канн Халқаро кинофес­тивалида “Ўзбекистон” павильони ташкил этилди. 8-19 май кунлари Франциянинг машҳур Круазет соҳили бўйидаги

Фестиваллар ва конгресслар саройида тақдим этилган юртимиз павильонида кечган жараёнлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш мақсадида Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси Ойбек Абдушукуров ва делегация аъзолари билан боғландик...

— Ойбек, “Канн”га бориш учун қандай чиғириқлардан ўтилди?

— Уч йилдан буён турли халқаро кинофес­тивалларда продюсер сифатида иштирок этиб келаман. Йиллар давомида чиқарган хулосам шуки, кино бозорининг кино саноатида ўрни катта экан. Шу маънода, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига “Канн”да иштирок этиш таклифини киритганимда, фикримни қўллаб-қувватлашди. Ярим йил давомида “Ўзбекистон” павильонида кўрсатиш мумкин бўлган кино тарихимиз, бугунги кундаги фильмларимиз, умуман Ўзбекистон ҳақида маълумотлар жамланган журнал ва кинопродюсер, режиссёрларга намойиш қилиш учун аниқ йўналиш бўйича тақдимот тайёрладик. Муҳими, дистрибьюторлар ярим йиллик меҳнатимизни “энг зўр журнал”, дея эътироф этишди.

— “Канн”да исталган давлатдан борган делегация павильон ташкил қилиш учун жой сотиб олиши ҳеч кимга сир эмас. Бу имкониятдан ўзбек киноижодкорлари нега энди фойдаланяпти?

— Нега бу имкониятдан фойдаланилмаганидан бехабармиз. “Канн”да ҳамма давлатлар ҳам миллий павильон очишнинг уддасидан чиқа олмайди. Биз у ерда таниқли кинопродюсер, дистрибьюторлар билан музокаралар олиб бориб, уларни Ўзбекистонда кино учун яратилган шароитлар, имкониятлар билан яқиндан таништирдик. Фестивалда намойиш этилаётган фильмларни, Канн шаҳрига ташриф буюрган ўнга яқин мутахассис ва иштирокчиларни Тошкентда бўлиб ўтадиган “PROlogue” халқаро кинофестивалига жалб этдик. Қолаверса, “Uzbek film comission” ташкилоти орқали ўзбек кино салоҳияти дун­ёга тақдим қилинди. Ҳар йили иштирок этиб, янгиликлар, эришилган натижалар билан бўлишиш осон иш эмас. Ўйлайманки, келаси йил янги натижалар билан яна иштирок этамиз.

— Хориж киноижодкорлари билан қандай шартномалар имзоланди?

— Италия, Австралия, Ҳиндистон, Англия, Испания, Корея каби 20дан ортиқ давлатларнинг кинокомпаниялари билан меморандумлар имзоладик. Бу шартномалардан ҳеч бўлмаганда йигирма фоизи амалга ошса ҳам ўзбек киноси учун катта ютуқ бўлади. Энг катта муваффақиятимиз, бу – ёш киноижодкорларни хориждаги институтларга тажриба оширишга юбориш меморандуми. Ёш киноижодкорларимиз орасида синов эълон қилиб, муносибларни танлаб, хорижга малака оширишга юборамиз.

— Ўзбекистон делегацияси Россиянинг “Реновацио” кинокомпанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзолабди. Нега айнан классикага айланиб қолган “Хўжа Насриддин” фильмига қўл уриляпти?

— Хўжа Насриддин қаҳрамони россиялик киноижодкорларга қизиқ бўлгани боис уч йилдан буён фильм суратга олиш нияти билан юришган экан. “Ўзбеккино”га ҳам мурожаат қилишган, бироқ ўзбекистонлик ҳамкор топишолмаган. Ўзбек павильони очилганидан хабар топиб, таклиф билан чиқишди. “Ижодий гуруҳнинг эллик фоизи ўзбек киноижодкорларидан бўлади”, деб шарт қўйдик. Боиси бу орқали тажриба алмашишга эришамиз. Рози бўлишди, меморандум имзоладик. Ўзбекистон, Россия ҳамкорлигидаги фильм бўлади, насиб этса. Мазкур фильмнинг тайёргарлик жараёни 3-4 ой вақт олади. Шу боис суратга олиш ишлари келаси йилдан бошланади. Фильм­нинг сценарий муаллифи ва режиссёри Россиядан бўлиши кутиляпти. Ўзбек қаҳрамонини дунё стандартларига мос келадиган тарзда дунёга олиб чиқишмоқчи. Нега энди бунга қаршилик қилишимиз керак? Мазкур лойиҳани ишга туширилиши мамлакатимизга хорижий инвестициянинг жалб этилишига ёрдам беради.

— Мазкур фильмга нега айнан Жан Рено таклиф этилди?

— “Реновацио” кинокомпанияси продюсери Георгий Малковнинг таъкидлашича, сценарий француз актёри Жан Ренога юборилган. Актёр бу таклифни илиқлик билан қабул қилган. Дунё юлдузларини бир лойиҳада жам бўлиши дунё кинопрокатига йўл очиб беради. Жан Рено, албатта, Хўжа Насриддин эмас, бошқа ролга таклиф этилган. Хўжа Насриддин ролини ким ўйнаши ҳақида ҳали бир тўхтамга келингани йўқ.

— Ўзбек фильмлари кинопрокатини хорижда ҳам йўлга қўйишнинг уддасидан чиқилдими?

— Масалан, туркиялик, россиялик, марокашлик киноижодкорлар “Скорпион” фильмининг тақдимотини ўтказиш ва дунё кино прокатини йўлга қўйиш таклифи билан чиқишди. Бу борада ҳам келишувлар туздик. Ўзбек киноижодкорларига дунё тажрибаси жуда муҳим. Юртимизда етишмайдиган техникаларни бошқа давлатлардан олиб келиб, дунё стандартларига мос равишда фильм суратга олсак, нуфузли кинофестивалларда “А” категорияда иштирок этишимизга имкон туғилади.

— Интернетда “айрим ОАВларда Рашид Маликовнинг “Сабот”, Мухлиса Азизованинг “Скорпион” ва Рустам Мелиевнинг “Мақсад” фильмлари “Канн”да намойиш қилиниши ҳақида ёлғон тарқатилди”, дея хабар чиқди. Бундай миш-мишларга нима сабаб бўлди?

— Ижодкор ва мухлис ўртасидаги кўприк, бу – журналист. Матбуот анжуманида аниқ маълумот беришимизга қарамай, Канн халқаро кинофестивали ҳақида тасаввурга эга бўлмаганликлари боис нотўғри хабарлар тарқалган.

— Кинематографияни ривожлантириш маркази “Канн”да иштирок этиб, нима каромат кўрсатди?

— Ҳеч бир ишда илк қадамданоқ “дурдона” яратиб бўлмайди. Бунинг учун вақт, билим, дунё тажрибаси керак. Бироқ олдимизга қўйган мақсадимиз аниқ, шу томон интиляпмиз. Насиб этса, тузган шартномаларимиз билан келаси йилдан каромат кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Муҳими, дунё киноси билан узилиб қолган “кўприклар”ни тиклаб олсак, марра бизники.

"Паралимпиадачилар сингари юқори натижаларга эришсак ажабмас"

Раъно Шодиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:


— “Канн”дан Ўзбекистон ёшлар иттофоқи қошидаги имконияти чекланганлар ёшлар ва болалар маркази раҳбари сифатида янги ғоя билан қайтдим. Аниқроғи, имконияти чекланганлар ҳам иштирок этиши мумкин экан. Келаси гал “Канн”да марказимиз вакиллари билан худди паралимпиадачилар сингари юқори натижаларга эришсак ажабмас.


"Юзма юз мулоқотлар етишмайди"

Мухлиса Азизова, режиссёр:

— “Канн”га бу йил учинчи ташрифим. Бу йил расмий равишда делегация аъзоси сифатида иштирок этдим.

— Ёш ижодкор сифатида ўзингизга қандай янги тажриба орттирдингиз?

— “Канн”даги фильмларни томоша қилганим, фестивал раҳбарлари, продюсер, сценарист, актёрлар билан суҳбатда бўлганим, маҳорат дарслари катта тажриба йиғишимга сабаб бўлди. Улардан Тошкентда ўтадиган “PROlogue” халқаро кинофестивалини дунё талабига жавоб берадиган даражада ўтказиш сирларини ҳам ўргандик.

— Интернетда режиссёрлигингиздаги "Сорпион" фильми “Канн”да намойиш қилинар экан”, деган ёлғон хабарлар тарқалганидан хабарингиз борми?

— Йўқ. “Скорпион” фильмининг суратга олиш ишлари ҳали давом этяпти. “Скорпион” “Канн” халқаро кинофестивалида эмас, миллий павильонда дистрибьюторларга каталог сифатида кўрсатилди. Улар ҳам ўз тажрибаларини биз билан бўлишишди. Шу асосда фильмни халқаро талабларга жавоб берадиган тарзда монтаж қилиб, мухлисларга тақдим қилишни режа қилдик. “Канн”даги иштирокимиз дунё кино бозорига қадам қўйишимизга катта имконият бўлди. Имзоланган меморандумлар доирасида бирорта давлат билан ҳамкорликда фильм суратга олишни ният қилиб қўйдим.

— “Канн”да ўзбек фильмларини намойиш қилиш учун киноижодкорларимизга нима етишмаяпти?

— Аввало дунё киноижодкорлари орасида Ўзбекистон номини танитиб олишимиз керак. Фильмларни интернет орқали юборгандан кўра тўғридан тўғри мулоқотда бўлиш фестивалда қатнашиш имконини таъминлайди. Ўзбек киноижодкорларига айнан кино бозордаги юзма юз мулоқотлар етишмайди.

"Қизил йўлакчадан ўтдим, бироқ..."

Акбархўжа Расулов, актёр: — Канн халқаро кинофестивалини “Оскар”дан ҳам юқори қўяман. Ҳеч бўлмаганда кино кўриб кетиш ҳам ижодкор учун катта тажриба бўла олади. Ва катта иш қилишга ўзида куч топа олади. Ташкилотчилардан талаба ёшларни ҳам бир неча кунга “Канн”га олиб бориб, тажриба, қўшимча билим олишларига имкон яратишларини сўраган бўлардим. Ал-Бухорий каби алломаларимиз ҳам дунё кезиб билим излашган-ку.

“Канн”даги қизил йўлакчадан ўтиш насиб этди. Лекин яқин йилларда бирорта фильмнинг қаҳрамони сифатида шу йўлакчадан ўтишни дилимга тугиб қўйдим. Бунинг учун эса ўзимда ўз устимда кўпроқ ишлашга хоҳиш сезяпман.

— Ўзбек киносидаги қайси жиҳатларни таҳлил қилдингиз?

— Ўзбек киносига продюсерлар етишмайди. Боиси дунё киносида кино тақдирини улар ҳал қилади. Продюсерлар тажрибасини ўрганишимиз ва буни амалда қўллашимиз керак. Бироқ яқин йилларда хориж фильмларимиз Ўзбкистонда суратга олинишига кўзим етяпти.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+14° ясно
Курсы валют
9433.34
USD -13.31
10354.03
EUR 21.28
145.75
RUB -0.44
rightuz