Ташкент +21° Tue 21:32
Долзарб мавзулар Фото

Эҳсон қутиларни тунаган ўғри ушланди

Бўлимлар: ЖИНОЯТ
Теглар:
Добавлено: 13.06.2018, 09:50

Қабристондаги эҳсон қутисидан пул ўмарган инсонни эшитганмисиз? Ёки қариндошиникига меҳмонга бориб, уйини тунаган кимсани-чи?

Бу саволлардан юртдошларимиз ажабланиши, яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, қулоқларига ишонмай, бироз шошиб қолиши шубҳасиз. Афсуски, ҳаётда ана шундай воқеа, ҳодисалар ҳам содир бўлиб турар экан.

Сурхондарё вилояти Узун туманидаги Оқмачит маҳалласида яшовчи Қўзибой Тўхлиев (исм-шариф ўзгартирилди) 32 ёшида мумай пул топишнинг турли йўлларини хаёлидан ўтказди. Ниҳоят қабристонларга ўрнатилган эҳсон қутиларидаги пулларни ўмариб, турмуш кечирмоқчи бўлди. Шу мақсадда ўтган йил май ойида Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг Бўта бува қабристонидаги эҳсон қутиларига ташланган пулларни ўғрилаб, жиноий жавобгарликдан қочди. Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича Узун тумани суди томонидан унга нисбатан қидирув эълон қилинди.

Буни қарангки, бир йилдан буён қидирувда бўлган Қўзибой узоққа қочиб кетолмаган экан. У Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия ва бошқа давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида тезкор вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг осойишта, фаровон турмушини таъминлаш мақсадида Жарқўрғон туманида ўтказилаётган махсус тадбир чоғида тумшуғидан илинди.

Яна бир ҳолат, вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан хабар қилишларича, жорий йилнинг март ойида Қизириқ тумани Заробод маҳалласида яшовчи Шоқосим Толлиев Шўрчи туманидаги Боботоғ маҳалласида яшовчи қариндоши Нодир Рўзиевнинг уйига меҳмонга келади. Қарасаки, уйда ҳеч ким йўқ. Фурсатдан фойдаланиб, у ётоқхонадаги сандиқни очади. Ўйлаб-нетиб ўтирмай 6 дона “Nokia” русумли қўл телефони, битта ТВ-тунер, бир жуфт овоз кучайтиргич мосламаси, 1 дона сочга суртиладиган гел ва 80 минг сўм пулини ўғирлаб, жуфтакни ростлайди. Жиноий жавобгарликдан қочиб юрган 31 ёшдаги Шоқосим ҳам Жарқўрғон туманида қўлга тушди.

Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда, деб ёзмоқда ЎзА.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии