Ташкент +25° Sat 03:48
Долзарб мавзулар Фото

Ўлимдан олдин (навбаҳорлик кампир тақдири)

Бўлимлар: МУТОЛАА
Теглар:
Добавлено: 05.07.2018, 17:38

“Туғилган кунимда сизларнинг ҳаммаларингизга совғам бор” – қарилик қаддини буккан кампирнинг бу гапи фарзандларини бесаранжом қилди. Ахир “кампиршо”нинг еттов фарзанди ҳам уй-жойли бўлганига неча йиллардан ошди – кафанликка, деб йиғиб юрилган нафақалар миллион-миллион бўлгандир, ахир?

Тобора яқинлашаётган кун арафасида тўрт ўғил, икки қиз учрашиб, кутилаётган “совға” ҳақида гаплашиб олишди.

– Агар онамиз пул берсалар тағин олакўрманг, – катта фарзанд гап бошлади. – Мени пенсиям керак буларга, ўзим керакмас, деган хаёлга бормасинлар. Хуллас, ҳеч биримиз онамдан бирор нарса олмаймиз, вассалом. Берадиганлари бўлса мана, кенжамизга бўлаверсин.

Орада бир оз жимлик чўкди. “Хуфя учрашув”ни қизлардан бирининг шивири бузди.

— Ака, онам йиғган пулларини бизга бермоқчи бўлсалар, олмасак ҳам ранжимайдиларми? Биз-ку майли, синглимиз яқинда тўй қилган, ҳеч бўлмаса унга рухсат берайлик.

Охирги келишув шу бўлди. “Совға” эгаси аниқланди.

Туғилган кун. Эрталаб. Кенжа фарзанд онани табриклаш учун унинг ҳузурига кираркан, зум ўтмай фарёд солганча отилиб ташқарига чиқди. Бир зумда ҳаммаёқ ари уясига ўхшаб қолди – фарзандлар, неваралар шу ерга йиғиди. “Дамас”да келган оқ халат кийган шифокорлар онани тиббий текширувдан ўтказиб, “айрилибсизлар”, деган жавобни айтишди.

Кампир туғилган кунида қабрга қўйилди. Унинг қандай совға ҳақида гапирганию, нимани назарда тутгани сирлигича қолди. Кейинчалик кафанликка, деб ҳеч нарса йиғмагани ҳам маълум бўлди. Унга тегишли эски сандиқда раҳматли турмуш ўртоғига алоқадор нарсалардан бошқа буюм йўқ эди.

Шу-шу фарзандларнинг оналаридан қилган таъмалари бутун умрлик сабоққа айланиб, ҳар эсланганда уларнинг қалбида бир армонни пайдо қиларди…

Озод МУСТАФОЕВ.

navoitoday.uzдан олинди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии