Ташкент +5° Wed 18:02
Долзарб мавзулар Фото

Булунғурлик отахон ҳажга йиққан маблағини қабристонни обод қилишга сарфлади

Бўлимлар: ЖАМИЯТ, ҲИДОЯТ САРИ
Теглар:
Добавлено: 15.08.2018, 10:36

Ислом динининг беш арконларидан бири ҳаж зиёратига боришни ҳамма орзу қилади, албатта. Эгамберди ота ҳам муборак ҳаж сафарига бориб келишни ният қилиб юрган эди. Навбати келганда эса ҳаж сафарига боришни рад этди. Отахон аввал ота-боболари ётган қабристонни обод қилишни, савоб ва хайрли ишларини кўпайтиришни, ана ундан кейин ҳажга боришни ният қилди.

— Қишлоғимиздаги эски қабристонга назоратчи (қоровул) бўлганимдан буён бу ерни ободонлаштиришни кўнглимга тугиб келардим. Чунки қабристон эътиборсизликдан ташландиқ бўлиб қолган эди, тўрт томони очиқлигидан мол-қўйлар кириб-чиқарди. Буни кўрган ҳар қандай одамнинг дили ранжиган бўларди. Ахир шу тупроқда ота-боболарим, момоларим, ота-оналарим, яқин қариндошларим қўним топган. Шу сабабли қабристонни обод қилишга қарор қилдим, - дейди Эгамберди ота.

Отахон бунинг учун ҳаж сафарига бораман деб, жамғариб юрган пулларини сарфлади. Бунда унга ўғли Дилшоджон ҳамда қишлоқдошлари, маҳалла оқсоқоллари мададкор бўлишди. Қабристон ҳашар йўли билан обод бўлди: атрофи симтўр билан ўралди, кириш қисмига дарвоза ўрнатилди, 50 метр масофага девор кўтарилди, йўлакларга плиталар ётқизилди, арча дарахтлари ва анвойи гуллар экилди, ҳар бир қабр атрофи тозаланди. Шунингдек, 200 метр масофадан тоза ичимлик суви эгилувчан қувурлар орқали олиб келинди.

— Бу ишингиздан кўплар миннатдор бўлган бўлса керак...

— Ҳа, кўплар миннатдор бўлишди, яхши қилдингиз дейишди. Лекин “ундан кўра ҳажга бориб, Ҳожи бобо бўлиб, ҳурмат-иззатда юрмасмидингиз”, деганлар ҳам бўлди. Уларга парво қилмайман. Қишлоқдошларимнинг каттаси-ю кичиги мени Ҳожи бобо деб чақиришади. Шуни ўзига ғурурланиб кетаман. Ҳаммаси учун Яратганга беҳисоб шукр!

Биласизми, инсон хайрли, савоб иш қилса, енгил тортар экан. Мени елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Инсондан нима қолади? Қилган савоб амали-ю, яхшилиги, тўғрими? Айримларни кўраман, мол-давлат йиғиш билан овора. Ваҳоланки, маҳалласининг кўчаси абгор, қўшниси ночор яшайди. Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак, деган гап борку?!

Отахон бизга сўзлаб берган ривоятга кўра, Буюк ипак йўли шу қишлоқдан ўтган бўлиб, Амир Темур бобомиз Дониёр пайғамбар ҳокини Самарқандга олиб келаётганда, бир оқшом шу тепаликда тунаган экан. Шундан буён тепалик Дониёр пайғамбар тепалиги деб аталар экан.

Уч фарзанднинг отаси, 8 набиранинг бобоси бўлиб, уларнинг роҳат-фароғатини кўриб умргузаронлик қилаётган Эгамберди отадек саховатпешалик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Динимизда ҳам қийин аҳволдаги инсонларга, қўни-қўшниларга, етим-есирларга, бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзиш, силаи раҳм қилишга буюрилган. Йўл ва кўприклар қуриш, қабристонларни ободонлаштиришдек савобли ишларни қилиш ҳаж сафарига борган билан баробар ҳисобланади.

Эгамберди ота муборак ҳаж сафарига бориш ниятидан қайтмаган. Насиб қилса, яна пул жамғариб, гарданидаги фарзини бажаришни дилига тугиб қўйган.

Муниса АЛИЕВА

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии

МУТОЛАА