Ташкент +12° Sat 11:47
Долзарб мавзулар Фото

Гриппга қарши вакцина 100 фоиз ҳимоя эмас?!

Бўлимлар: САЛОМАТЛИК
Теглар:
Добавлено: 02.10.2018, 11:47

Одатда, гриппга у қадар эътибор қилмаймиз. Баъзан касалликни оёқда ўтказишимиз ҳам рост. Лекин бунинг асорати борлигини билмаймиз. Хўш, грипп йўлимизга тўғаноқ бўлмаслиги учун нима қилиш керак? Ахир, у ҳаво-томчи йўли билан юқади, нафас олмасликнинг эса иложи йўқ. Шундай экан, ягона чора – эмланиш. Бироқ одамлар орасида гриппга қарши вакцина ҳақида ҳар хил гаплар юради. Бугун шулардан бир қанчасига фтизиатр Малик УТЕШЕВ ойдинлик киритади.

Кимларга тавсия этилади?

Иммунитети мустаµкам кишилар ва одамлар билан у қадар кўп мулоқотда бўлмайдиганлар учун эмланиш ортиқча. Бундай кишиларга касаллик юқиши эҳтимоли жуда кам. Шунингдек, гриппга қарши эмланиш қуйидаги ҳолатларда тавсия этилмайди:

  • ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида;
  • 6 ойликкача бўлган гўдакларга;
  • вакцина таркибидаги моддаларга аллергияси бўлганларга.

Шунингдек, тана ҳарорати кўтарилганида, мавжуд сурункали хасталиклар авж олган маҳал, оғир касалликларда эмланиш мумкин эмас.

Мана бу ҳолатларда эса эмланиш зарур ҳисобланади:

  • 6 ойдан ошган гўдаклар;
  • кексалар (60 ёшдан ошганлар);
  • юрак қон-томир тизими, ўпка ва буйракда сурункали хасталиклари бор беморлар;
  • иммун тизими суст, ОИТС билан касалланганлар;
  • қандли диабет, бронхиал астма, қон касалликларига чалинганлар.

Бу каби беморларда грипп жуда оғир кечади ва оғир асоратлар келиб чиқиши мумкин. Шунингдек, оилада шу гуруҳга кирувчилар бор бўлса ҳам эмланиш тавсия этилади. Чунки грипп улар орқали саломатлигида муаммо боряқинларга осонгина юқиши мумкин.

Бундан ташқари, баъзи касб эгаларига ҳам гриппга қарши эмланиш тавсия этилади. Булар: мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари, ҳайдовчи ва жамоат жойларида хизмат қилувчилар, талабалар.

Эмланишдан 2-3 кун аввал антигистамин препаратни қабул қилиш тавсия этилади. Бу келиб чиқиши эҳтимоли бор аллергик реакцияни хавфини камайтиради.

Эмланганлар ҳам касалланади...

Эмланиш грипп билан касалланмасликка 100 фоиз кафолат эмас. Чунки:

  • касаллик гриппнинг вакцинада бўлмаган бошқа штампига тааллуқли бўлиши мумкин;
  • эмлангач, вакцина кучга киргунича касалланганда (эмлангач, иммунитет ҳосил бўлгунича вақт керак);
  • организмга бир вақтнинг ўзида катта миқдордаги вирусла тушиши сабабли уларга қарши иммунитет кучи етмаслиги;
  • сифатсиз ёки муддати ўтган вакцина қўлланиши;
  • эмланиш усули нотўғрилиги. Масалан, вакцина мушаклар орасига эмас, тери остига, елка ёки сонга эмас, думбага юборилган бўлиши.

Кўпинча, бемор грипп эмас, бошқа вирусли инфекцияга учраса ҳам, грипп бўлдим деб ўйлайди. Бу ЎРВИ бўлиб, унга парагрипп, аденовирус, энтеровирус ёки риновируслар сабаб бўлади.

Қачондан бошлаган маъқул?

Гриппга қарши эмланиш тадбири сентябрь ойидан бошлангани маъқул. Шунда грипп авж олган давргача иммунитет шаклланиб улгуради. Гриппга қарши Республика вакцинация маркази ва унинг вилоятлардаги бўлимлари ҳамда хусусий тиббий муассасаларда эмланиш мумкин.

Одамлар орасида уйда эмланиш усули бор экан, деган саволлар кўп бўляпти. Афсуски, бунинг иложи йўқ. Бундай препаратлар дорихоналарда сотилмайди. Чунки уй шароитида вакцинани сақлаш шароити бўлмагани учун у тез бузилади ва ҳаёт учун хавфли бўлиб қолади.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии