Ташкент +12° Sat 12:47
Долзарб мавзулар Фото

Фарғонада 9-синф ўқувчиси 10 йилга озодликдан маҳрум этилди

Бўлимлар: ЖИНОЯТ
Теглар:
Добавлено: 10.10.2018, 14:22

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди томонидан судья Р.Арапов раислигида Фарғона шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Жаҳонгир Тўрақуловнинг жиноят иши кўриб чиқилди ва унга нисбатан ҳукм ўқилди, деб хабар бермоқда «ЎзА».

Жаҳонгир Тўрақулов 2018 йил 5 апрель куни Фарғона шаҳар Сайилгоҳ кўчасида жойлашган компьютер ўйинлари клубига кириб, ўзини гўё компьютер ўйнаётгандек тутиб, атрофни зимдан кузатади. У қаровсиз қолдирилган жабрланувчи А.Муҳаммаджоновга тегишли, нархи 500 минг сўмлик «Samsung Galaxy S6» русумли уяли алоқа телефон аппарати ва ғилофидаги 50 АҚШ долларини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.

Бундан ташқари, вояга етмаган Ж.Тўрақулов 2018 йил 28 май куни тунги соат 02:00ларда Фарғона шаҳар Деҳқонлар кўчасида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиб турган жабрланувчи И.Абдуллаевни қасддан, тамагирлик ниятида ўлдириб, унга тегишли оқ рангли, «Spark» русумли, 40 О 818 ОА давлат рақамли автомашинани қўлга киритишни мақсад қилади. И.Абдуллаевнинг ёнига келиб, ундан «Капиталбанк» олдига олиб бориб қўйишни сўрайди ва автомашинага гуё йўловчи сифатида ўтиради.

Фарғона шаҳар Фаровонлик кўчаси 48-уй яқинидаги хилват жойга етиб келганида автомашинани тўхтатишни сўраб, теварак-атрофни кузатади. Жиноий ниятини амалга ошириш учун қулай вазият эканини билиб, автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, сумкасидаги сариқ рангли, ёғоч дастали ошхона пичоғини қўлига олади ва И.Абдуллаевнинг бўйин, чап ўмров ва бошқа қисмларига ўн бир марта санчади. Табиийки, И.Абдуллаев ҳаётини сақлаб қолиш учун автомашинадан тушиб қочиб кетади. Ж.Тўрақулов қасддан одам ўлдиришга қаратилган жиноий ҳаракатини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олмаган бўлса-да, жабрланувчига тегишли автомашинани олиб қочади.

Шу вақт хизмат бурчини бажариб турган ҳарбий хизматчи А.Расулов И.Абдуллаевнинг ёрдам сўраган овозини эшитиб, воқеа жойига етиб келади ва унга вақтида ёрдам кўрсатади. Шу туфайлигина унинг ҳаёти сақлаб қолинган ва Фарғона шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган «Тутиб олиш» тезкор тадбири натижасида Ж.Тўрақулов автомашинани Фарғона шаҳар Аэропорт кўчасида бошқариб кетаётганида тўхтатилиб, қўлга олинган.

Суд томонидан мазкур жиноят иши қонуний асосда кўриб чиқилиб, Ж.Тўрақуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии