Ташкент +12° Wed 00:20
Долзарб мавзулар Фото

Мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Бўлимлар: СИЁСАТ
Теглар:
Добавлено: 11.10.2018, 09:35

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 10 октябрь куни мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган хизмат йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, минтақа ва дунё мамлакатлари билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни фаоллаштириш, ҳарбий шаҳарчалар инфратузилма объектларини, қўшинларнинг техник ва фронт орти таъминоти тизимларини ривожлантириш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳарбий округ қўмондонликларининг ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарияти билан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қўшинларнинг кундалик самарали фаолиятини ташкил этишда қўшилма ва қисмлар командирларига кўмаклашиш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ҳамкорлик фаолиятининг оралиқ якунлари ҳам кўриб чиқилди.

Мудофаа вазирлиги масъул мансабдор шахсларининг қўшинларнинг самарали жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлигини ошириш, бошқарув органлари, бирлашмалар, қўшилма ва қисмлар, олий ҳарбий таълим муассасалари, шунингдек, маҳаллий ҳарбий бошқарув органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маърузалари тингланди.

Мудофаа вазирлигининг ахборотига кўра, ҳисобот даврида жами 120 дан ортиқ тезкор-жанговар тайёргарлик тадбирлари ўтказилган, уларда тегишли вазирлик ва идораларнинг 15 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этган.

Амалга оширилган ишлар натижасида ҳарбий округларнинг жанговар имкониятлари сезиларли даражада кенгайди, доимий шай ҳолатдаги ва махсус топшириқли мутлақо янги бўлинмалар тузилди. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли қўшинларнинг жанговар тайёргарлик самарадорлиги ошди, бўлинмалар жанговар шайлигининг вақтга доир кўрсаткичлари икки баробар қисқартирилди, шахсий таркибнинг профессионаллик даражаси юксалди.

Қисқа муддатда хорижнинг илғор технологиялари ва замонавий ўқув воситаларини ўзида мужассам этган янгиланган Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди.

Хизмат йиғилиши якунлари бўйича Президентимиз томонидан Қуролли Кучлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва умуман мамлакат мудофаа қобилиятини юксалтиришнинг устувор йўналиш ва вазифалари белгилаб берилди. Қуролли Кучларни янада ислоҳ қилиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии