Долзарб мавзулар Фото

​Қовоқ юзлаб касалликларга даво

Бўлимлар: САЛОМАТЛИК
Теглар:
Добавлено: 14.10.2018, 14:26

Витаминларнинг барини ўзида жам қилган қовоқ юзлаб касалликларга даво бўлади. Яна таркибида калий, темир, кальций, магний кўп бўлгани учун асабларни тинчлантиришда, бўй ўсмасликда, рахит касалида, юрак-қон томир хасталикларида ёрдам бера олади. Қовоқнинг эт қисми ишқорли моддаларга ниҳоятда бой. Шу сабабли уни юқори кислотали гастрит билан оғриган беморларга тавсия қиламиз. Қовоқни хўб есангиз, бу дарддан тез халос бўлишингиз аниқ. Қовоқ қабзият, варикоз, атеросклероз, қандли диабет, подагра, ўт-тош касалини даволашда ҳам керакли. Яна унинг кучли сийдик ҳайдовчи ва организмни тозаловчи хусусияти борлигини ҳам унутмаслик керак. Айнан шунинг учун шифокорлар уни ҳомиладор аёлларга юрак, буйрак ишини яхшилаш, шишларни йўқотиш учун тавсия қилишади. Ҳарқалай қовоқ бу вазифани манаман деган доридан кўра яхшироқ уддалайди. Қовоқнинг фойдаси ва қайси касалликда асқатиши ҳақида кўп гапиришимиз мумкин, лекин унда сўзбошимизнинг ўзи билан чегараланиб қолишга тўғри келади. Келинг, бу ҳақда батафсилроқ маълумот берсак.

ОРАСТА БЎЛИШ УЧУН БОР-ЙЎҒИ...

Терингиз ёғли бўлса, қовоқни қирғичдан ўтказиб, 1 ош қошиғига бир дона тухум сариғи ва бир чой қошиқ асал қўшинг-да, юзингизга суртинг. Қовоқ юзни оқартириб, терини силлиқлаш хусусиятига эга. Қуруқ тери учун эса қовоқ пишган бўлиши шарт. Унга зайтун мойини қўшинг, терингиз озиқланади, юздаги ҳуснбузарга ҳам даво бўлади.

УРУҒИ-ЧИ?!

Агар уни фақат гижжага қарши восита деб ўйласангиз, қовоқ ҳақида ҳеч нима билмабсиз. Қовоқ уруғи сочдаги қазғоқ, танадаги йирик ҳуснбузар ва чипқон, умуман тери касалликлари, замбуруғли инфекцияларни даволашда тенги йўқ табиб ҳисобланади. Бунинг учун қовоқ уруғини майдалаб, кукун ҳолига келтириб, озроқ минерал сув билан аралаштирасиз. Сўнг сочга ниқоб, зарарланган терига компрес қилишингиз мумкин. Фойдасини 2 ҳафтада биласиз.

Дарвоқе, гижжадан халос бўлиш учун қовоқ уруғини ётишдан олдин асал билан еб, эрталаб бир ош қошиқ канакунжут мойидан ичиш керак. Қарабсизки, ҳатто хуқна керак бўлмайди, ичакларингиз дарров бу зараркунандалардан халос бўлади.

ШИРАСИ

Қовоқнинг эт қисмини қирғичдан ўтказиб, сувини сиқиб олсангиз, шира тайёр. Уни озроқ илитиб, томоқ оғриғи ва стоматитда чайиш учун фойдалансангиз бўлади. Қовоқ шираси бавосирда ҳам даво. Бунда дока намланиб, орқа ичакка қўйилади. Яна қовоқ шираси камқонликда, юрак бетоблигида ҳам ёрдам беради. Бунинг учун қовоқ ширасини наҳорга ёки овқатлар орасида ярим пиёладан бир ой давомида ичилади.

!Қовоқ гулининг дамламасини теридаги узоқ битмаётган ва йирингли яралар, чуқур куйган жойларга қўйиш керак.

САРИҚ КАСАЛИДАН КЕЙИН

Ўртача катталикдаги қовоқнинг ичини тозалаб, тоза тоғ асали билан ярмигача тўлдирамиз. Кейин қовоқ устига хамирдан қопқоқ ясаб, устидан ўзининг аввал кесиб олинган бандини ёпамиз. 10 кундан кейин шифобахш малҳам тайёр. Уни 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал, овқатдан олдин 20 кун давомида қабул қилиш керак. Ушбу аралашма сийдик-тош касали, силда ҳам ёрдам беради.

ПРОСТАТИТНИНГ ОДДИЙ ДАВОСИ

Бор-йўғи ҳафтада 2 мартагача қовоқ манти ейиш керак. Чунки буғда пишган қовоқ ушбу касални қувиш хусусиятига эга. Яна бундай муаммога дуч келган эркаклар қовоқнинг хом ширасини наҳорга ичишсин, фойдасини сезишади.

ОЗМОҚЧИМИСИЗ?

Қовоқнинг эт қисмини кубик шаклида тўғраб, зайтун мойида енгилгина қовурасиз, кейин ликобчага териб, устига озроқ асал, майдаланган ёнғоқ ва бодом аралашмасидан сепиб маза қилиб ейсиз. Бу аралашма юракни қувватлаш, ичакларни, умуман бутун организмни тозалаш учун ҳам хизмат қилади. Яна унинг ёрдамида камқонликни ҳам даволаш мумкин.

МОЙИНИНГ ФОЙДАСИ БОР

Қовоқ мойи соч тўкилиши, тери қичишиши, терининг дағаллигига фойда. Яна у рахит касали, 40 ёшдан кейин аёлларда кальций йўқотиш билан боғлиқ муаммолар (остеопороз, коксартроз, синишлар) олдини олишда асқатади. Уни овқатлар орасида ёки наҳорга бир ош қошиқдан қабул қилинг, 2 ойда фойдасини сезасиз. Қовоқ мойи аёлларда учрайдиган бачадон эрозияси, жинсий аъзодаги қичишиш, яллиғланишни даволашда ҳам яхши ёрдам беради.

ЗАРАРИ НИМАДА?

Қовоқни қонда қанд миқдори кескин ошганда, ошқозон ярасида, паст килостали гастритда камроқ ейиш маслаҳат берилади. Қолган ҳолатларда бу маҳсулот сизга фақат фойда қилади.

Оилавий шифокор Сайёра Қозоқова тавсиялари асосида

Барно Ҳожимирзаева тайёрлади

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии